Линклар

Шошилинч хабар
04 январ 2025, Тошкент вақти: 21:02

2025 йилда дунёни нималар кутмоқда? Озодлик журналистлари прогнозлари


Озод Европа/Озодлик радоисининг 10 нафар журналисти билан 2024 йил жаҳон саҳнида рўй берган воқеалар ва 2025 йилда дунёни нималар кутаётгани ҳақида суҳбатлашиб, уларнинг глобал воқеалар ривожи борасида тахминларини тингладик.

Биз суҳбатлашган журналистлар қуйидаги тахминларни илгари сурди.

  • Украинадаги уруш глобал можарога айланиб, Ғарбни ҳозирги дунё тартибидан норози давлатлар блокига қарши қўяди;
  • Дунё миқёсида популистик ҳаракатлар ва авторитар етакчилар мавқейи кучайиб, демократия ва демократик институтларга босим ортади.
  • Кўп нарса Доналд Трампга боғлиқ бўлади. Трампнинг АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси аллақачон халқаро динамикага таъсир ўтказиб, трансатлантик савдодан тортиб Болқондаги сиёсатгача бўлган нарсаларни қайта шакллантирмоқда.

Украина: Путин бошлаган урушнинг охири

Виталий Портников

Виталий Портников.
Виталий Портников.

Ўтган йил охирида мен 2024 йилда Украинада кимдир жанг майдонида ғалабага эришган тақдирда ҳам, бу сиёсий ечим олиб келмаслигини айтган эдим. Бу гапларим ўша пайтда ҳам тўғри эди, ҳозир ҳам шундай. Чунки Владимир Путиннинг Украинага ҳужуми унинг азалий орзуси- Совет империясини бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда унинг таъсир доирасини тиклаш мақсадининг билан боғлиқ. Оқ уйда кутилаёрган ўзгаришлар катта эҳтимол билан Украинадаги можаронинг калити бўлиши мумкин. АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига воситачилик қилишга тайёрлигини айтиб келмоқда. Аммо шу ўринда Трамп бу учун етарлича қатъиятлими, деган савол туғилади.

Ижобий ўзгаришлар бўлиши учун Трампнинг урушни тўхтатиш бўйича мажбуриятидан ташқари, Киев ва Москва ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишув ҳам талаб этилади.

Путин агарда Россия жанг майдонида илдамлаётган бир шароитда можарога барҳам беришга рози бўлса, бу икки асосий сабабга кўра амалга ошиши мумкин. Биринчи сабаб, Путин Россия иқтисоди узоқ давом этадиган урушга бардош бера олмаслигини тан олиши бўлса, иккинчиси, Путин Украинага ҳарбий босимдан воз кечиб сиёсий таъсир ва беқарорлаштиришга ўтишга тайёрланади.

Бундай ҳолатда Украинанинг келажаги Ғарб томонидан тақдим этиладиган хавфсизлик кафолатларига ҳамда Украина жамиятининг Москвадан бўладиган турли хил бузғунчилик ҳаракатларга қарши иммунитетига боғлиқ бўлади.

Россиядан ҳамма нарса кутиш мумкин. Масалан, Москва Украинадаги бўлажак президентлик сайловларида дезинформация кампаниясини авж олдиришини тахмин қилса бўлади.

Чуқурдаги украин аскари. Донецк вилояти. 10 октябрь, 2024.
Чуқурдаги украин аскари. Донецк вилояти. 10 октябрь, 2024.

Агар Путин Россия урушни давом эттириш учун етарли ресурсларга эга деб ҳисобласа, можаро 2025 йилгача ва ҳатто ундан кейин ҳам давом этади.

Марказий Осиё: Ўсиб бораётган авторитаризм

Крис Риклтон

Крис Риклтон
Крис Риклтон

Гарчи Украинадаги уруш сабаб Москванинг ишлари яхши эмаслиги қарамай, 2024 йилда Марказий Осиёда гўёки Россия ҳукмдорлиги қайта тикланиши учун шарт-шароит етилгандек таассурот уйғонди.

Айниқса Россия давлат энергетика компаниялари “Газпром” ва “Росатом” учун Ўзбекистон бозорида омадли йил бўлди.

Россиянинг Ўзбекистонга газ экспорти қарийб уч баравар ортди, шунингдек, Москва ва Тошкент ниҳоят кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзолади.

2024 йил октябрда ойидаги референдумдан сўнг Қозоғистон ҳам атом станциясини қуришга яқин. Агар Росатом қандайдир сабаб билан бу лойиҳалардан четда қолса, мана бу ҳақиқий сенсация бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам Москва бошчилигидаги блокларга қўшилиш чақириғига ҳозирча чап бермоқда. Айни пайтда рус тили ва Россиянинг минтақадаги мустамлакачилик мероси борасидаги баҳслар Кремлнинг юмшоқ куч истиқболига ҳеч қандай фойда келтирмаяпти.

Хитой эса келгуси йилда тинч дипломатия ва минтақанинг ривожланаётган транспорт ва қайта тикланувчи энергия соҳаларига кўп миллиард долларлик сармоя йўналтириш орқали Марказий Осиёда дўстлар орттиришда давом этади.

Умуман олганда, келгуси йилда минтақа янада авторитарлашади. Тожикистон ва Туркманистонда бу деярли имконсиз бўлиб кўриниши мумкин, лекин иккала давлат ҳам шунга ҳаракат қилмоқда.

Марказий Осиё президентлари Москвадаги ҳарбий парадда. 9 май, 2024
Марказий Осиё президентлари Москвадаги ҳарбий парадда. 9 май, 2024

Айни пайтда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда журналистлар ва режим танқидчиларига қарши янги қонунлар жорий қилинмоқда, фаоллар қамоққа ташланмоқда. Бу ҳукуматлар эркинликни босқичма-босқич чеклаш энг яхши йўл деган фикрда эканини кўрсатади.

Эрон: Қийин давр

Ханна Кавиани

Ханна Кавиани
Ханна Кавиани

Эрон президенти Иброҳим Раисий май ойида фожиали тарзда авиаҳалокатга учраб вафот этганидан сўнг, мўътадил сиёсатчи Маъсуд Пезешкиён Эрон президенти этиб сайланди. Баъзи эронликлар Пезешкиён иқтидорга келганидан кейин мамлакатдаги қаттиққўл режим юмшашига умид қилганди. Бироқ, амалдаги президент ҳали чекловларни юмшатиш бўйича ваъдаларини бажара олгани йўқ.

Пезешкиён олдида ечимини кутаётган муаммолар талайгина: Булар валютанинг қадрсизланиши, экологик инқироз, аҳолининг қариши, малакали кадрларнинг хорижга оқими сингари муаммолардир.

Бюджет тақчиллигини бартараф этиш учун ёнилғи нархининг оширилгани 2019 йилдаги каби норозилик намойишларини келтириб чиқариши мумкин.

Эрон халқаро миқёсда ҳам мураккаб синовларга дуч келиши мумкин. Теҳроннинг иттифоқчилари ҳисобланган Ҳизбуллоҳ, Ҳамас жиддий муваффақиятсизликларга учраб, анча заифлашди, Суриянинг собиқ ҳукумати эса бирйўла қулатилди.

Исроилнинг Эронга ҳужумларидан кейин, Эрон расмийлари якуний тўхтатувчи восита сифатида ядро дастурига қайтишни очиқ муҳокама қила бошлади.

Теҳроннинг МАГАТЭ билан муносабатлари ҳам ҳавас қиларли эмас Бунинг устига, 2024 йилда Европа давлатлари томонидан икки бор Теҳронни қораловчи баёнотлар янгради.

Агар Эрон Ғарбнинг хавотирларини эътиборсиз қолдирса, БМТнинг Эронга санкциялари 2025 йил баҳорида қайта тикланиши мумкин.

2025 йилда Доналд Трамп Оқ уйга келиши билан Эронга нисбатан халқаро босим янада кучайиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Трампнинг биринчи президентлиги даврида АҚШ Эрон билан ядро келишувидан чиққан ва Эроннинг ядровий амбициялари ва минтақавий таъсирини чеклаш учун Теҳронга қаттиқ иқтисодий санкциялар қўллаш тарафдори бўлган.

Венгрия: Мухолифатнинг кучайиши

Пабло Горонди

Пабло Горонди.
Пабло Горонди.

Бир йил олдин Питер Магяр амалдаги бош вазир Виктор Орбаннинг содиқ тарафдори бўлган. Ҳозирга келиб у Венгрия мухолифатининг машҳур етакчисига айланиб улгурди. Магяр бошчилигидаги Ҳурмат ва Озодлик (Тisza) партияси июнь ойида Венгрия сиёсий саҳнасини ларзага келтириб, Европа парламенти сайловларида Венгрия учун ажратилган 21 ўриннинг учдан бир қисмини қўлга киритди. Унинг партияси маҳаллий сўровномаларда ҳам яхши натижа кўрсата олди.

Тисзанинг муваффақияти ҳукмрон Фидес партияси учун ҳақиқий бош оғриғи бўлди. Орбан раҳбарлигидаги Фидес партияси демократия йўлидан қайтгани ва авторитар сиёсати учун кенг танқид қилинди.

Йилнинг иккинчи ярми Венгриянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги билан ўтгани сабабли Магярнинг партияси асосий диққат марказида бўлгани йўқ.

Орбан президентлиги бу йил ўзига хос ва мунозарали сафарлар билан ўтди. Июль бошида у ўзининг таъбирича, Украинадаги урушни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Киев, Москва ҳамда Пекинга, декабрда эса Мар-а-Лагога сафар қилди. Европа расмийлари унинг Москвага ташрифини қескин танқид қилди.

Юмшоқ қилиб айтганда, Европа расмийлари Орбаннинг рухсат этилмаган ва келишилмаган ташрифларидан табиийки мамнун бўлгани йўқ.

EИ: Европа популизми

Рикард Ёзвяк

Рикард Ёзвяк.
Рикард Ёзвяк.

2024 йилда Европа давлатлари миграция масаласида қаттиққўл сиёсат олиб борди. Евроиттифоқ масалани учинчи давлатлар орқали ҳал қилиш йўлларини қидирмоқда. (Масалан, Италия Албанияда миграция марказларини ташкил қилди.)

2024 йилда маҳаллий ва Европарламент сайловларида ўта ўнг ва популистик партиялар ғалаба қозонган бўлса-да, марказ ҳам ўз ишини давом эттирди. Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляеннинг иккинчи муддатга қайта сайлангани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

2025 йилда ҳам худди шундай бўлади. Популист партиялар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ички сиёсатини шакллантиришда давом этади.

Чехияда миллиардер ва собиқ бош вазир Андрей Бабис ҳукуматни эгаллаш эҳтимоли юқори. Агар шундай бўлса, Европада Андрей Бабис, Виктор Орбан ва Роберт Фицо скептик учлиги пайдо бўлиши мумкин.

Францияда президент Эммануэл Макроннинг ёзги парламент сайловларидаги муваффақиятсизлигидан кейин бу йил ҳам чап ва ўнгчилар Макронга муаммо бўлишда давом этади.

Кейинги парламент сайловлари 2025 йилнинг ёзида бўлиб ўтади ва унда ҳам Макрон партиясининг имкониятлари юқори эмас.

Германияда ҳам 2025 йил февралида парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сўровномаларда ўта ўнг “Германия учун муқобил” партияси етакчи. Партия камида 20 фоиз овоз олиши кутилмоқда. Шунингдек, яқинлашаётган парламент сайлови арафасида чап социал-демократлар ва ўнг марказчи Христиан-демократлар коалициясини ҳам кўришимиз мумкин. Агарда коалиция сайловда ғалаба қозонса, Христиан-демократлар етакчиси Фридрих Мерз катта эҳтимол билан Германия канцлери бўлади.

Доналд Трамп. 5 декабрь, 2024.
Доналд Трамп. 5 декабрь, 2024.

Доналд Трамп келгуси йил давомида Европа сиёсатини худди европалик етакчи сингари шакллантиришга ҳаракат қилади. АҚШнинг сайланган президенти июнь ойида Нидерландияда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида европалик иттифоқчиларини мудофаа ҳаражатларини оширишга ундаши мумкин.

Агар Брюссел Трампнинг асосий иттифоқчиси Илон Маскнинг Х ижтимоий тармоғини медиа қоидаларига риоя қилмагани учун миллиард евро жаримага тортса, АҚШ-Европа ўртасида трансатлантик савдо зиддияти юзага келиши мумкин.

Беларус: Лукашенко ёлғиз қолиб кетишдан қўрқади

Валерий Карбалевич

Валерий Карбалевич.
Валерий Карбалевич.

2024 йил ҳам Беларусда Александр Лукашенконинг авторитар режими кучайгани билан ёдда қолди. Мамлакат тоталитаризм сари дадил одимламоқда. Ўтган йил давомида сиёсий репрессия янада кучайди, зоҳиран демократик сайловларга ўхшаш иккита сайлов кампанияси билан қўғирчоқ парламент ва маҳаллий кенгашлар яна бир муддатга қонунийлаштирилди. Йил охирига келиб, президентлик сайлови кампанияси старт берилди.

Беларус ва Россия ўртасидаги иттифоқ, айниқса ҳарбий соҳада мустаҳкамланди ва янада чуқурлашди, дейиш мумкин. Лукашенко илғор рус қуролларини жойлаштириш орқали Беларуснинг стратегик мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Беларус 2025 йилнинг иккинчи ярмида Россиянинг янги “Орешник” ракета тизимини жойлаштирилишини эълон қилди.

Украина бўйича эҳтимолий тинчлик музокаралари натижасида шаклланадиган янги геосиёсий воқеликка мослашиш 2025 йилда Лукашенко режими олдидаги асосий муаммо бўлади.

Минск Шарқий ва Марказий Европанинг янги хавфсизлик архитектурасида ўз манфаатлари ҳисобга олинмай қолишидан хавотирда

Шу сабабли ҳам Лукашенко президентлик сайловларини олти ой олдин ўтказишга қарор қилди. Унинг мақсади тинчлик музокараларида иштирок этиш учун ўз легитимлигини вақтлироқ қонунийлаштириб қўйишдир.

Агар Украина можароси музлатилса, Беларус ҳам йиллар давомида изоляцияда қолиб кетиши мумкин.

Келгуси йилда ҳам Беларус ҳаётининг барча жабҳалари - иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган соҳаларда деградацияни кўрсак, Лукашенко режими эса аксинча мустаҳкамланишда давом этишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Сербия: Вучич дунёси

Милош Теодорович

Милош Теодорович.
Милош Теодорович.

2011 йилда Европа Иттифоқи воситачилигидаги музокаралардан бери Косово ва Сербия ўртасидаги муносабатлар энг совуқ даражага тушди. 2022 йилда Серб вакилларининг Косово давлат муассасаларидан чиқиб кетиши, Косово шимолидаги шиддатли тўқнашувлар ҳамда 2023 йил сентябрда косоволик полициячининг ўлдирилиши ортидан икки томонлама алоқаларни нормаллаштиришга қаратилган ҳаракатлар тўхтаб қолди.

Шунга қарамай, Сербия ташқи сиёсатда ўзининг мувозанатли стратегиясини сақлаб қолди. Мамлакат Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда Россияга нисбатан санкцияларга қўшилишдан бош тортди. Белград Пекин билан ҳам ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

Минтақавий сиёсатда Вучич асосий етакчи бўлиб қолмоқда, айниқса у Босния ва Герцеговинада катта таъсирга эгалигини таъкидлаш жоиз.

У Босниянинг иккинчи федерал қисми ҳисобланган Серб Республикасининг россияпараст етакчиси Милорад Додик устидан ўз таъсирини ўтказа олди.

Вучич Додикни тинчлантириш учун ўзини мунтазам равишда Европа Иттифоқи ва АҚШ олдида Болқон экстремистларининг беқарорлаштирувчи тенденцияларини юмшатишга қодир мўътадил куч сифатида кўрсатади.

Бироқ, таҳлилчиларда унинг ноаниқ позицияси барқарорликка олиб келадими ёки беқарорликка деган саволни пайдо қилади.

Европа Иттифоқига кириш бўйича Сербия Черногориядан ортда қолмоқда. Айниқса Подгорица сўнгги бир йил ичида эришган муваффақият Черногориянинг евроинтеграция амбицияларини тезлаштирди.

Баъзи европалик дипломатлар Черногория яқин ўн йиллик ичида иттифоққа қўшилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Бошқа жойда бўлгани каби Болқонда ҳам Оқ уйдаги ўзгаришларга катта эътибор қаратилган. Трампдан айниқса Вучичнинг умидлари юқори. У ва унинг иттифоқчилари Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши АҚШ сиёсатида “сербларга нисбатан дўстона” ёндашув олиб келишидан умидвор.

Кавказ: Грузияда ғалаёнлар, Қорабоғ тинчлик битими ортга сурилмоқда

Жошуа Кучера

Жошуа Кучера.
Жошуа Кучера.

Бир йил муқаддам Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишуви муқаррар ҳолатда эди. Ўшанда Озарбайжон Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни тиклаган, иккала томон ҳам асосий масалалар бўйича келишиб олгани, битим имзолашга деярли тайёр эканликларини айтишди.

Бироқ негадир келишув ҳамон имзоланмай қолмоқда. Арманистон ва Озарбайжон ҳали ҳам тинчлик битимининг нозик томонларини муҳокама қилмоқда. Баъзан Озарбайжон умуман келишувга эришмоқчи эмасдек туюлади.

Айни пайтда Кавказ минтақасида эътибор Грузияга қаратилган. Грузияда парламент сайловлари ҳар доим муҳим аҳамиятга эга бўлган, аммо бу галги сайловда юзага келган инқироз кутилганидан ҳам жиддийроқ бўлиб чиқди.

Мухолифат ва намойишчилар сайлов натижаларини ноқонуний деб тан олишдан бош тортди. Ҳукуматнинг норозилик намойишларига қарши куч ишлатгани аллақачон Грузия тарихидаги энг қаттиқ зўравонлик сифатида қораланмоқда.

Ваколат муддати 29 декабрда ниҳоясига етиши керак бўлган амалдаги президент Саломе Зурабишвили истеъфога чиқишдан бош тортмоқда.

Тбилисидаги намойишчилар. 29 ноябрь, 2024.
Тбилисидаги намойишчилар. 29 ноябрь, 2024.

Грузиянинг асосий ҳамкорлари Қўшма Штатлар ва Европа давлатлари билан муносабатлари ёмонлашмоқда.

Ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам, намойишчилар ҳам муросага тайёр эмас. Ҳозир Грузия борасида ҳар қандай башорат ўринсиз бўлади. Лекин бир йилдан кейин Грузия сиёсати ҳозиргидан анча бошқача бўлиши аниқ.

Афғонистон: Аёллар ҳуқуқлари учун кураш

Малали Башир

Малали Башир.
Малали Башир.

2024 йил Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари учун яна бир мураккаб йил бўлди. Декабрь ойида Толибон аёлларга акушерлик, ҳамширалик ва лаборатория сингари соҳаларда ўқишни тақиқлади. Охирги чекловлар афғон қизларини ўрта мактаблар ва университетларда таълим олишига қўйилган таъқиқларнинг давоми бўлди.

"Бу шунчаки ўқиш ва жамиятга ҳисса қўшиш истагидаги қизларнинг орзуларини ўлдириш эмас балки, тиббий ёрдамдан фойдалана олмайдиган аёлларнинг ўлимига олиб келишини ҳам англатади”, дейди Нью-Йоркда жойлашган HRW ташкилотининг аёллар ҳуқуқлари бўлими директори ўринбосари Хизер Барр.

Ўтган бир йил ичида Толибон чекловларига қарши дунё бўйлаб норозилик кучайди.

Афғонистоннинг Норвегиядаги собиқ элчиси Шукрия Баракзай 2024 йилда эришилган ютуқларни таъкидлар экан, шунингдек, Толибонни жавобгарликка тортиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ҳам ишора қилди.

2024 йил ноябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси қўмитаси инсониятга қарши жиноятларга қарши кураш бўйича биринчи резолюцияни маъқуллади.

Бу эса, ўз навбатида ҳуқуқ фаоллари узоқ вақтдан бери илгари суриб келган халқаро ҳуқуқ доирасида гендер апартеид муаммосини ҳал қилиш борасида катта қадам бўлиши мумкин.

Афғонистонлик талаба қизлар Кобул университетини тарк этишмоқда. 21 декабрь, 2022.
Афғонистонлик талаба қизлар Кобул университетини тарк этишмоқда. 21 декабрь, 2022.

Баракзай 2025 йилда Афғонистон борасида оптимистик фикрда эканини билдирди.

“2025 йил афғонлар, хусусан, афғон аёллари учун адолат йили бўлиши мумкин. Чунки халқаро ҳамжамият Афғонистон ичида содир бўлаётган воқеаларга қарши тура бошлайди”, - дейди у.

Бироқ, Барр ўзгаришлар доимий халқаро босим ва тарғиботни талаб қилишини таъкидлади.

Якуний мулоҳазалар: Глобал уруш

Сергей Медведев

Сергей Медведев.
Сергей Медведев.

Украинадаги уруш ҳақиқатан ҳам глобал миқёсга етди. Уруш асосан Украина ерларида кетаётган бўлса-да, унинг таъсири Африка, Жанубий Америка ва Шарқий Осиёдаги ўнлаб мамлакатларни қамраб олган. Совуқ уруш давридан бери мудофаа харажатлари глобал миқёсда ошгани кузатилмоқда.

Украинадаги уруш НАТО ва Европа Иттифоқидан тортиб, БМТ ва Халқаро жиноий судгача бўлган халқаро институтларга бўлган ишончга ҳам путур етказди.

Дунё шартли равишда икки қутбга бўлинди, дейиш мумкин. Бир томонда Украинани қўллаб-қувватлаётган АҚШ ва НАТО бошчилигидаги Ғарб иттифоқи бомлса, иккинчи томонда амалдаги дунё тартибига қарши чиқаётган давлатлар блоки. Хитой ва Россия бу норасмий гуруҳга етакчилик қилмоқда. Эрон ва Шимолий Корея эса уларни қўллаб-қувватлайди.

Бу давлатлар Ғарб санкцияларини четлаб ўтишнинг янги механизмлари, криптовалюталарга асосланган янги молиявий тизимлар ҳамда БРИКС ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби тузилмаларни халқаро глобаллашувга муқобил сифатида таклиф қилмоқда.

Жанглар Украинада, аммо уруш ҳамма жойда кетмоқда. Россия бутун дунё бўйлаб сайловларга аралашмоқда (еҳтимол, энг сўнгги мисол Руминия бўлиши мумкин) ва кўплаб Ғарб мамлакатларида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётгани тахмин қилинмоқда.

Айни пайтда, Яқин Шарқ яна уруш ўчоғига айланди; Венесуела қўшниси Гаянага қарши ҳудудий даъволар қилмоқда; Хитой эса Украина можаросини диққат билан кузатмоқда, чунки Хитой қачон бўлса ҳам Тайванни эгаллашни мақсад қилган.

2025 йилда ҳам глобал уруш кучайиб боради. Украинадаги вазиятдан қатъий назар, халқаро можаролар янада кенгайиши мумкин. Кутилаётган оташкесим Россиянинг экспансион шижоати, Кремлнинг Украина давлатчилигини йўқ қилиш ҳамда НАТО ва АҚШга қарши курашиш истаги у ёқда турсин глобал беқарорликни ҳам тўхтата олмайди.

Украинадаги уруш бошқа можаролар бошланишига ҳам туртки берди. Антиглобаллашув элитаси бўлмиш исломчилардан тортиб реваншистларгача қон ҳидини сеза бошлади. Дунёнинг бошқа кутилмаган жойларида янги можароларга гувоҳ бўлсак ажаб эмас.

Президент Владимир Зеленский. Киев, декабрь, 2024.
Президент Владимир Зеленский. Киев, декабрь, 2024.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Путин Украина можаросини глобал тус олдириш ва дунё тартибига қарши курашиш бўйича ўзининг узоқ муддатли режасини амалга оширишга муваффақ бўлди.

Иккинчи Жаҳон уруши даврига қиёслайдиган бўлсак, ҳозир 1938 йилдаги каби, глобал рақиб мавжуд бўлган, Ғарб эса иккиланаётган, шу билан бирга, янги Мюнхен келишуви яқинлашаётганга ўхшаш бир вазиятда турибмиз. Бизда навбатдаги 1945 йилни кўриш қолди, холос.

Форум

XS
SM
MD
LG