Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:01

Қорақалпоғистонда тўрт яшар қиз болалар поезди тагида қолиб ҳалок бўлди


2015 йилда Андижоннинг Шаҳрихон туманида чархпалак қулаб кетган эди.
2015 йилда Андижоннинг Шаҳрихон туманида чархпалак қулаб кетган эди.

Тўрткўл шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғидаги аттракционда 31 май куни тўрт яшар қиз нобуд бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, болалар поезди қизалоқни босиб ўтиб кетган.

Туман ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган тадбиркор жавобгарликка тортилганини айтди.

“Ёшлар” истироҳат боғидаги аттракционлар умрини яшаб бўлгани, бошқа шаҳарлардан арзон-гаровга сотиб олиб келиниб ўрнатилганини боғдаги вазиятдан яхши хабардорлар айтмоқда.

Воқеа Халқаро болалар кунидан бир кун олдин, 31 май куни содир бўлди.

Тўрткўл шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғида ўйнагани онаси билан бирга келган 4 яшар қизалоқ ўйинчоқ поезд остида қолиб ҳалок бўлди.

Тўрткўл туман ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Хайрулла Матназаров 31 май куни тўрт яшар қизалоқ аттракционда ҳалок бўлганини тасдиқлади:

“Панжараси бор, лекин эгаси хавфсизликка риоя қилмаган. Бу аттракцион давлатники эмас, тадбиркорларники. Хавфсизлик камарлари бор. Ҳозир мазкур воқеа бўйича ички ишлар текширув олиб бориляпти. Аттракционнинг ўзи ҳам хавфсизлик бўйича яна текшириляпти. Натижаси чиқса айтамиз”, деди Хайрулла Матназаров.

Тўрткўллик оналардан бирининг воқеага бевосита гувоҳ бўлган қўшнисининг гапига таяниб айтишича, аттракцион эгаларининг оддий техника хавфсизлигига риоя қилмагани бу фалокатга сабаб бўлган:

“Бола 1 июндан бир кун олдин онаси билан боғга айланишга борган. Болаларни миндириб айланадиган поезд ўйингоҳининг атрофидаги панжаранинг ораси катта-катта қилиб, бола ўтадиган даражада қилинган экан. Бола ўша ердан ўтиб кетиб, поезднинг олдига бориб кўриб турган. Шунда хавфсизликни текширмаган оператор поездни юргизиб юборган ва боланинг қорнидан босиб кетган. Қўшнимнинг айтишича, поезд боланинг қорнидан босиб кетган, ичаклари чиқиб кетибди. Бола ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган”, деди тўрткўллик оналардан бири.

Исми сир қолишини сўраган яна бир тўрткўллик оталардан бирининг айтишича, истироҳат боғига қурилган аттракцион умрини ўтаб бўлган:

“Бир йил олдин Тошкентдан, у ёқ, бу ёқдан эски аттракционларни олиб келиб қуришди. Хавфсизлик камарлари йўқ, бўлса ҳам эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Буларга пул бўлса бўлди, хавфсизликка умуман эътибор беришмайди. Мен болаларимни бу атрракционга олиб боришга қўрқаман”, деди тўрткўлликлардан бири.

Ўзбекистондаги аксар истироҳат боғларига ўрнатилган аттракционлар эски экани айтилади.

Жумладан, ўтган йиллар давомида, Андижон боғларидаги аттракционларнинг эскирганлиги ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани учун бир неча ҳалокатли воқеалар содир бўлган.

2015 йилнинг 18 сентябрида Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғида чархпалак ағдарилиши оқибатида жароҳатланган тўрт нафар ўқувчи касалхонага ётқизилган эди.

2013 йилнинг 8 май куни Андижон шаҳрида янги очилган “Камолот” ёшлар боғидаги аттракцион издан чиқиб кетиши оқибатида тўрт бола тан жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG