Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:11

Уч ой аввал президент танқид қилган Тўра Боболов ишдан кетди


Тўра Боболов.
Тўра Боболов.

Сурхондарё вилоятига 3 йил 7 ой давомида ҳокимлик қилган 52 яшар Тўра Боболов лавозимидан озод қилинди.

Президент матбуот хизмати Боболовнинг бошқа ишга ўтгани унинг истеъфосига сабаб бўлгани ҳақида ёзди. Ҳозирча Боболовнинг янги лавозими маълум эмас.

Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, Боболовнинг ишдан кетиши масаласи 3 ой аввал ҳал бўлган, бироқ унинг ўрнига муносиб номзод танлаш жараёни чўзилган.

Боболовнинг туман прокурори ва ҳокимларига таҳдид қилгани акс этган аудиолари унинг ўзининг “бошига етгани” тахмин қилинмоқда.

27 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Боболовни ушбу аудиолар учун танқид қилиб, унга иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима солган.

Октябрнинг бошида президент Мирзиёев ҳам Боболовни ушбу аудиолар учун танқид қилиб, ишдан олиш билан таҳдид қилган.

Вазиятдан хабардор манбалар иддаосича, Боболов Зайнилобиддин Низомиддиновга яқин шахслардан бири бўлгани сабаб уни ишдан олиш масаласи ёздан бери кун тартибида бўлган.

Қарийб икки йилдан бери панжара ортида қолаётган блогер Отабек Сатторийнинг қамалишида Тўра Боболовнинг қўли борлиги иддао қилиб келинади.

3 ой кутилган қарор

Тўра Боболов Сурхондарёга 3 йил 7 ой давомида ҳокимлик қилди
Тўра Боболов Сурхондарёга 3 йил 7 ой давомида ҳокимлик қилди

Президент матбуот хизмати 26 декабрь куни тушга яқин тарқатган хабарга кўра, Тўра Боболов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

Ўзбекистон президентининг бунга оид фармонида Боболов “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” ишдан кетгани айтилган, бироқ унинг қайси ишга ўтказилганига аниқлик киритилмаган.

Президентнинг бошқа бир фармони билан Боболовнинг ўрнига Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига Улуғбек Қосимов тайинланган. Бу вазифага тайинлангунига қадар Улуғбек Қосимов Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг 27 сентябрь куни ўтказган шов-шувли видеоселекторидан сўнг тармоқларда Тўра Боболовнинг ишдан кетишига оид хабарлар бир неча бор тарқалди.

Умурзоқов ўша йиғилишда бир нечта ҳокимни танқид қилиб, уларни президент командаси ва давлат тизимини шарманда қилганликда айблаган эди.

Шу куннинг ўзида 5 та туман ҳокими ишдан олинди. Тўра Боболов эса жарима билан қутулган эди.

Умурзоқов ўшанда Боболовга нисбатан интизомий чора кўрилганини айтган эди:

“Тўра Боболов, сиз ўрнак бўлмаяпсиз. Интернетда чиққан гапларни монтаж дедингиз. Лекин экспертиза сизнинг овозингизни тасдиқлади. Президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди”.

Октябрнинг бошида эса Шавкат Мирзиёев ҳам Тўра Боболовнинг прокурорга қилган таҳдидли аудиосини эслатиб, унинг ишдан олинишига шаъма қилганди:

“Сурхондарёда, жаноб, прокурор билан гаплашаётган бир ҳоким бор - 29 та мактаб. Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам”.

Ушбу воқеалардан сўнг 3 ой давомида тармоқларда бир неча бор Тўра Боболовнинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Сурхондарё ҳокимлигига яқин бир манбанинг айтишича, Тўра Боболовнинг ишдан олиниши масаласи 3 ой аввал ҳал бўлган, бироқ унинг ўрнига номзод топиш жараёни чўзилган холос.

Манбага кўра, Сурхондарёнинг Афғонистон билан чегарада жойлашгани сабаб у ерга муносиб номзод топиш кўп вақт олган.

Тўра Боболов кейинги пайтда Афғонистоннинг янги ҳукумати вакиллари билан ўтказилган музокараларда иштирок этган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга жўнатган гуманитар ёрдамларини етказиб беришга ҳам бошчилик қилиб келаётган эди.

Текшир-текширлар

Озодликнинг Сурхондарё вилоят ҳокимлигига яқин манбаларига кўра, кейинги 3 ой давомида вилоятда Тошкентдан келган махсус комиссия текширув ўтказган.

Ҳозирча Боболовнинг кейинги тақдири номаълум
Ҳозирча Боболовнинг кейинги тақдири номаълум

“Менимча текширув натижалари яқинда эълон қилинса керак. Президентнинг ўзи келмаса ҳам, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Сурхондарёга келиб, катта йиғилиш ўтказиб, шу текширувлар натижасини эълон қилади, деган гаплар бор. Лекин кўп нарсани барибир бости-бости қилишга улгуришди”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган манба.

Сурхондарёда текширувлар бўлиши ҳақида Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ҳам 27 сентябрь кунги йиғилишда гапирган эди:

“Тегишли мутассаддилар Сурхондарё вилоятини комплекс ўргансин, муаммоларга ечими билан таклиф тайёрласин, керак бўлса аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жиноий иш очишгача бўлган чоралар кўрилсин”.

Ҳозирча Умурзоқов тилга олган ушбу текширув натижалари борасида матбуотда бирор маълумот очиқланганича йўқ.

“Сўконғич” ҳоким

Тўра Боболовнинг истеъфосига сабаб бўлгани айтилаётган ўша аудиолардан биринчиси жорий йил август ойи охирида тармоқларда тарқалган эди.

Ўша аудиода Боболовнинг йиғилишга келган Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани акс этган. Боболов прокурорга вазифаларини бажармагани ва ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган.

Бироз ўтиб, Тўра Боболовнинг Қизириқ тумани ҳокими ва кластер раҳбарини қўпол равишда қоралаган янги аудиоси тармоқларда тарқалди.

Бу аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва Тўра Боболовга нисбатан норозиликларни келтириб чиқарганди.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган манбалар Тўра Боболовнинг ушбу аудиолари атайин тарқатилганини иддао қилди.

Боболовнинг прокурорни сўккан аудиоси аслида 2021 йилнинг декабридаги воқеа бўлиб, у орадан 9 ой ўтибгина тармоқларга сиздирилган. Бу Сурҳондарё вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган.

Вазиятдан хабардор манбалардан бири Тўра Боболовнинг Президент Администрацияси собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга тегишли шахслардан бири бўлганини иддао қилди.

“Низомиддиновнинг одамлари ҳаммаси тозаланди. Боболовнинг шу пайтгача ўрнида қолганининг ўзи қизиқ”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Жорий йил июлида Зайнилобиддин Низомиддиновнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарлигидан олиниши ортидан унга яқинлиги айтилган бир қанча мулозимлар лавозимидан олинди.

Президент Администрацияси раҳбарлигидан четлатилган Зайнилобиддин Низомиддинов ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:09 0:00

Боболов ва Сатторий

Тўра Боболов матбуотда энг кўп гапирилган ҳокимлардан биридир. Маҳаллий матбуотда Боболов мақталган мақолаларнинг сон-саноғи йўқ.

Айни пайтда тармоқларда кейинги икки йилда Боболов энг кўп танқид қилинган ҳокимлардан ҳам биридир.

Айниқса, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамалганидан кейин Боболовнинг бунда қўли борлиги иддаолари кўпайди.

Таниқли публицист Шароф Убайдуллаев ҳам Озодлик билан суҳбатда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ўзининг “кетини ёпиш учун блогер Отабек Сатторийни қамоққа тиққанини" идаао қилган.

“Аллақулов жанжали - президент душманларининг найранги”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:26 0:00
Бевосита линк

Маҳаллий журналистлар бу борада Боболовнинг ўзидан сўраганида, у бу иддаоларни рад қилган.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий 2021 йил 10 майида 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар Отабек Сатторийнинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келишади.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти баёнотида, Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси ҳисобланади, дейилган.

OzodRakurs: Президент Мирзиёев блогер Сатторий ҳақида...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:31:28 0:00

Кассирликдан ҳокимликка кўтарилган Боболов

Тўра Абдиевич Боболов 1970 йилда Сурхондарёнинг Ангор туманида туғилган.

У 1992 йилда Тошкент иқдисодиёт университетини тугатган ва меҳнат фаолиятини вилоят давлат мулки бошқармасида кассирликдан бошлаган.

Ҳозирча Боболовнинг янги лавозими маълум эмас.
Ҳозирча Боболовнинг янги лавозими маълум эмас.

Кейинчалик Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлигида ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ва бошқа бир қанча лавозимларида ишлаган.

Ҳокимликка тайинланишидан аввал Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

2019 йил 1 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятга янги ҳоким этиб Тўра Боболовни тайинлади.

2020 йилда Боболов Сурхондарё вилоят ҳокимлигига қайта тайинланди.

Боболов ўша йилнинг ўзида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида депутатликка сайланган.

Форум

XS
SM
MD
LG