Линклар

Шошилинч хабар
06 январ 2025, Тошкент вақти: 17:37

Урушга қарамай Украина иқтисодиёти ўсишда давом этмоқда - эксперт шарҳи


Украина миллий валютаси. Иллюстратив сурат.
Украина миллий валютаси. Иллюстратив сурат.

Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда, деб ёзмоқда дунёнинг етакчи иқтисодий нашри – Британиянинг The Economist журнали.

Унинг маълумотларига кўра, Украина иқтисодиёти кенг кўламли урушдан олдинги даврга нисбатан чорак қисмга кичик бўлса-да, уруш бошланганидан бери биринчи марта асосий кўрсаткичлар бўйича Россия иқтисодиётидан соғломроқ кўринмоқда. The Economist бу хулосани икки мамлакат Марказий банклари белгилаган ЯИМ ва асосий ставка маълумотларига асосланиб чиқармоқда. Йил якуни бўйича прогнозларга кўра, Россия армиясининг доимий зарбаларига, шу жумладан, мамлакатнинг энергетика инфратузилмасига зарбаларга қарамай, Украина ялпи ички маҳсулоти 4 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Россияда эса ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтаётган йилда атиги 0,5 фоиздан 1,5 фоизгача бўлиши мумкин. Украинадаги асосий ставка бутун йил давомида пасайиб борди ва фақат 13 декабрда 0,5 фоизга – 13,5 гача кўтарилди. Россияда эса бу кўрсаткич йил давомида 16 фоиздан 21 фоизгача ўсди.

Украинага босқин: 1043-кун | Янги йилдан Россияда патент нархлари ошди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:15 0:00

Россия ва Украинадаги иқтисодий вазиятни таққослашда асосий ставка ва ялпи ички маҳсулот ўсишига таяниш қанчалик тўғри? Экспертлар фикрича, бундай таққослашлар чекланган.

"Ҳисоб ставкаси яшириш мумкин бўлмаган нарса, чунки у нимагадир реакция ҳисобланади. Кўпгина статистик маълумотларни яшириш мумкин, шунинг учун ставка кўрсаткичли ҳолат ҳисобланади. Албатта, бу кенг қамровли таҳлил эмас, илмий тадқиқот даражасига даъво қилмайди, лекин бу, аслида, жуда тўғри ёндашув," деб тушунтирди украиналик инвестицион банкир, молиявий таҳлилчи Сергей Фурса.

Таҳлилчининг таъкидлашича, Россиядаги асосий ставка ҳозирда 21 фоизни ташкил этади, бу ҳарбий иқтисодиётнинг бевосита натижасидир.

"Биз уларнинг чексиз жанг қила олишига ишониб қолганмиз, Путин ҳамма нарсани ҳарбий изга солди ва иқтисодиёт ишлаяпти, деб ўйлаймиз, – дейди Фурса. – Аммо бу умуман ишламайди ёки ҳеч бўлмаганда жуда қисқа вақт ишлайди, кейин эса ҳамма нарса учун ҳақ тўлашга тўғри келади."

"Ғарбдаги ҳамкорлар қўллаб-қувватлаши туфайли пулни босиб чиқаришингиз шарт эмас. Украинада айланмадаги пуллар кўпайди, лекин бу Марказий банкнинг захиралари билан тасдиқланган пуллар, бу Ғарбдан жисмонан мамлакатга кириб келаётган маблағлардир," дея таъкидлайди эксперт.

2024 йилда Украина ялпи ички маҳсулотининг 4 фоизга ўсиши ҳам экспорт йўналишлари тикланиши билан изоҳланади.

"2023 йилда Катта Одесса портлари тўлиқ ишламади, натижада металлургия сектори нормал фаолият юрита олмади. Ҳозир Катта Одесса портлари ишга тушди, тўлақонли экспорт йўлга қўйилди, транспорт тизими ишлай бошлади – буларнинг барчасини ўша "Укрзалізниця" олиб бормоқда, – деб санаб ўтади Фурса. – Кўплаб қўшимча тармоқлар фаолият бошлади ва бу жорий йилда Украина иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлди, бунга қўшимча равишда ҳарбий-саноат мажмуаси ҳам бу йил тахминан бир фоиз улуш қўшмоқда."

Шунга қарамай, Украина иқтисодиёти ташқи ёрдамга тўлиқ боғлиқ.

"Бу ёрдамсиз ҳамма нарса бир зумда барбод бўлади, чунки уруш жуда қимматга тушади. <...> Ҳозир Украинада мавжуд бюджетнинг ярми Ғарб маблағларидир. Бутун ижтимоий соҳа, мутлақо ҳамма нарса, мудофаа секторини молиялаштиришдан ташқари ғарблик ҳамкорлар маблағларидир. Улар бўлмаса, ҳамма нарса барбод бўлади," деб ҳисоблайди Фурса.

Эксперт тушунтиришича, Украина бюджети икки қисмга бўлинади: ҳарбий эҳтиёжлар ички солиқлар ҳисобидан молиялаштирилади, ижтимоий нафақалар, пенсиялар ва ўқитувчилар маошлари учун маблағлар эса АҚШ ва Европа Иттифоқидан келади.

"Россияга қарши уч йиллик қаршилик фақат Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши туфайли мумкин бўлди," дея хулоса қилади иқтисодчи.

The Economist нашри таъкидлашича, Украина, эҳтимол, 2025 йилни АҚШ маблағисиз ҳам ўтказиши мумкин. Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили Димитар Боговнинг фикрича, Европа Иттифоқи томонидан келишилган 18 миллиард евро ва бошқа Катта еттилик мамлакатларининг бадаллари бўшлиқни тўлдира олади.

Шунингдек, Украинада сезиларли валюта захиралари мавжуд бўлиб, улар 2024 йил охирига келиб 43 миллиард долларга етиши кутилмоқда, бу эса беш ойлик импортни қоплайди. Бироқ, агар АҚШ 2026 йилда молиявий ёрдам кўрсатишдан бош тортса, Украина молиявий инқирозга дуч келиши мумкин, дея таъкидлайди экспертлар.

Форум

XS
SM
MD
LG