Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:07

Андижон ҳокими ўқитувчиларни Гулнора Каримова қурдирган шаҳарчани тозалашга ҳайдади (ВИДЕО)


Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти
Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 10 август куни мактаб ва боғчалар ўқитувчи ва тарбиячиларини Болалар шаҳарчаси ҳудудини тозалашга мажбурий тарзда чиқартирди. Ана шу мажбурий “ҳашар”да қатнашган гувоҳларнинг айтишича, ўз ходимини кўча супуришга чиқармаган раҳбарларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган. Шаҳар халқ таълими бўлими мудири бугунги ҳашардан хабари йўқлигини билдирди.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 9 август кечқурунги видеоселектор йиғилишидан сўнг мактаб директорлари ва боғчалар мудирларини залда қолишга буюрган.

Бу ҳақда шу йиғилишда қатнашган мактаб директорларидан бири 9 август куни кечаси Озодликка ёзди:

“Ҳозиргина республика бўйича ўтказилган видеоселектор якунланиб, микрофонлар ўчирилгандан сўнг, шаҳар ҳокими директор ва мудирлар қолишини айтди. Ҳоким жуда ҳам қўпол тарзда бизга буйруқ бера бошлади. У эртага эрталаб соат 6.00 да Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасида жойлашган, Гулнора Каримова томонидан қурилган Болалар шаҳарчаси(Меҳрибонлик уйи) ҳудудини ободонлаштириш ҳамда тозалаш учун мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларини жалб этишга топшириқ берди”, деб ёзади исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бири.

Андижонда ўқитувчилар кўча тозаламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

Унинг айтишича, айни кунларда Андижон шаҳар 10- мавзесидаги кўп қаватли уйлар атрофини тозалаётган мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларига бу қўшимча топшириқ бўлган:

“Шаҳар ҳокими ўз сўзининг охирида "муҳитни саситмаслик"ни, бўлаётган топшириқларни муҳокама қилмасликни буюриб, “кимда ким ҳашардан бош тортса ишдан оламан”, деб дўқлади. Аслида юқори минбарларда айтилаётган сўзлар ёлғон, Сенат аъзолари мажбурий меҳнат йўқ деб чўпчак айтяпти, ўқитувчи ва мураббийлар текин ишчи кучи, мардикор сифатида қулдек ишлатилаётганига ким ишонмаса ана келиб бизнинг аҳволимизни кўрсин. Ҳашар деган балндпарвоз чақириқлар жон-жонимиздан ўтиб кетди. Ҳашар бўлса, ҳокимнинг хотини, прокурорнинг қизи ҳам келиб кетмон чопсин. Ахир ҳамма ҳудуднинг ўз ҳомийлари ва техник ходимлари бор. Нега энди ҳамма жойни ўқитувчи тозалаб бериши керак”, деб эътироз билдиради мактаб директори.

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти
Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Мажбурий ҳашарда иштирок этган ўқитувчилардан бири кўпчилик меҳнат таътилида бўлгани учун улар телефон ва СМС орқали чақириб олинганини айтади:

“Мактабимиз директори ҳамма ўқитувчи ва техник ходимларга эрталаб соат 6.00 да Бобуршоҳ кўчасидаги “Андижон” тўйхонаси олдига пақир, супурги ва кетмон билан тўпланишимиз ҳақида СМС жўнатди. Ҳамма ҳам келмади, турли мактаблардан йиғилганлар тахминан юз киши атрофида эди. Болалар шаҳарчаси атрофидаги йўл бўйида қуриб қолган хас-хашакларни кетмон билан чопдик, йиғдик, ўт қўйдик, супурдик. Тушгача ишлаб, кейин тарқалдик”, деди ўқитувчи.

Озодликнинг Андижондаги мобил мухбири 10 август куни соат 14 да Бобуршоҳ кўчасида кўча тозалаётган ўқитувчи ва боғча тарбиячиларини сурат ва видеога туширди.

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти
Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Ўқитувчилар мобил мухбирга эрталаб жуда кўп ўқитувчи ва тарбиячилар келганини, уларнинг кўпчилиги ишини тамомлаб, уйига қайтганини айтган.

“Мен борганда 11- мактабда ҳокимият йиғилиш қилаётган экан. Шунинг учун унинг атрофида ўқитувчилар кўча тозалаш билан банд эди. Улар билан гаплашсам, эрталаб жуда кўпчилик бўлганини, Гулнора Каримова детдомини атрофидаги кўчалар ўтини тозалаганини, гуллар экишганини, қуриган ўтларга ўт қўйганини айтишди. Ўқитувчиларнинг ишни тугатиб кетаётганини ҳам видеога олдим”, дейди мобил мухбир.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлимининг мудири Муҳиддин Турғунов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва тарбиячиларнинг кўча тозалашга чиқарилганига оид саволга бундай жавоб берди:

“Менинг бундан хабарим йўқ. Мен Қирғизистондан келган меҳмонлар билан юрибман”, деди мудир.

Андижон шаҳар ҳокимлигидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳақида сўнгги олти ой давомида маҳаллий интернет нашрлари ва телевидение ҳам ҳар замон гапириб турибди.

Ўзбекистон телевидениесида ўқитувчиларнинг мажбурий ҳашарларга чиқарилиши ва мажбурий обунани танқид қилган “Бекажон” газетаси бош муҳаррири Каримберди Тўрамурод, бу чиқишидан кейин ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси ҳам ўқитувчилар мажбурий меҳнатга чиқарилаётганини тан олган ва бундан сўнг бу ҳолатга йўл қўйилмаслигига ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG