Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:29

Ўзбек-қирғиз чегарасидан ноқонуний мол олиб ўтган ака-укалар отилди. Бири ўлди.


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

4 апрель куни Андижон вилояти ҳудудидаги ўзбек-қирғиз чегарасида ўзбек аскари қорасувлик уч ватандошига ўт очди. Вилоят ҳуқуқ тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ чегарани ноқонуний кесиб ўтаëтган пайтда отилганлардан бири - 24 яшар Аҳлиддин Деҳқонов олган жароҳатлари оқибатида вафот этган, унинг акаси ва яна бир шериги ҳозирда шифохонада даволанмоқда.

Воқеа 4 апрель куни соат 20:25 да Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани ҳудудида содир бўлган.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор маҳаллий мулозимга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтаётган уч нафар қорасувлик йигит ўзбекистонлик ҳарбий томонидан отилган.

"9228-сонли ҳарбий қисм ҳарбийси, фарғоналик 31 яшар аскар Х.Н.С. (Озодликда аскарнинг тўлиқ исми шарифи бор.- таҳр) Қорасувда яшовчи уч йигитни отган. Яраланган йигитлардан иккитаси ака- ука Одилбек билан Аҳлиддин ва уларнинг шериги Нозимбек Қорасув шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига ётқизилган”, деди тафсилотлардан хабардор мулозим.

Қорасув шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам марказидан олинган маълумотга кўра, яраланган йигитлардан бири - 24 яшар Аҳлиддин Деҳқонов олган жароҳатлари туфайли жонлантириш бўлимида вафот этган.

“Деҳқонов Аҳлиддин Аҳмаджонович реанимация бўлимига ётқизилгач, уч соатдан сўнг вафот этди. Унинг кўкрак қафаси, ўпкаси лат еган. 4 ва 5- қовурғаси синган, умуртқаси ҳам шикастланган. Травматический шок бўлган. Уни сақлаб қолиш имкони бўлмади. Аҳлиддиннинг акаси, Холбеков Одил Аҳмаджоновичнинг вазияти яхши. Унинг кўкрак қисмининг чап қисмини ўқ ялаб ўтган. Ички органлари лат емаган. Маматқулов Нозим Комиловичнинг ҳам аҳволи яхши, униг ўнг елка суягига ўқ тегиб ўтган. Ҳозир у оддий палатага олиб ўтилди”, деди исмини очиқламасликни сўраган шифохона ходимларидан бири.

Воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор ҳуқуқ тизими расмийси Озодликка қорасувлик уч йигитнинг чегарадан ноқонуний ўтаётган пайти отилганини билдирди.

“Қорасув шаҳар, Уч тегирмон МФЙ, Теракзор кўчасида яшовчилар, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 2 нафар фарзанди бор, ҳеч қаерда ишламаётган, 1988 йилда туғилган Холбеков Одил Аҳмаджонович ва унинг укаси ўрта маълумотли, уйланмаган, ҳеч қаерда ишламаётган, 1994 йилда туғилган Деҳқонов Аҳлиддин Аҳмаджонович ҳамда Қорасув шаҳар Мустақилликнинг 15-йиллиги МФЙ, Бўрилик кўчаси, 42-уйда яшовчи, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 2 нафар фарзанди бор, ҳеч қаерда ишламаётган, 1990 йилда туғилган Маматқулов Нозим Комиловичлар чегара чизиғидан айланма йўллар орқали Қирғиз Республикасидан Давлат чегарасини бузиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 3 дона қутида, жами 330 дона уяли алоқа воситасини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган, улар ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли ҳарбий уларга нисбатан ўқ узган”, деди воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор мулозим.

9228-сонли ҳарбий қисмнинг Озодлик боғланган вакили воқеа бўйича тергов ҳаракатлари бошланганини билдирди.

“Бу ҳолат бўйича тергов органлари фаолиятни бошлаган. Яқинда тергов органлари вакиллари расмий баёнот беришади. Шу баёнот орқали воқеага доир барча маълумотни билиб оласиз”, деди ҳарбий қисм ходими 5 апрель куни Озодлик билан суҳбатда.

Қорасувдан олинган сўнгги маълумотга кўра, 5 апрель куни Аҳлиддин Деҳқоновнинг дафн маросими ўтказилган, унинг акаси, шифохонада даволанаётган Одилбек укасининг дафн маросимида иштирок этиш учун касалхонадан рухсат олиб, уйига бориб-келган.

Ҳозирча Озодлик чегарадан ноқонуний мол олиб ўтганларга қарата ўт очган ўзбек ҳарбийсининг кейинги тақдирига оид маълумотга эга эмас.

2017 йил сентябрда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадан ўтишлар бўйича чекловни бекор қилган.

Жорий йил январига келиб, қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтаётганлар сони икки баробарга кўпайгани айтилди. Жумладан, “Қадамжой” постида йўловчилар оқими бир суткада 2000-2500 кшини ташкил қилаяпти.

Айни пайтда чегарадан ноқонуний юк олиб ўтиш ҳолатлари ҳам давом этаётгани кузатилмоқда.

ДХХ Чегара қўшинлари жорий йилнинг 30 март куни эълон қилган маълумотга кўра¸ 2017 йил давомида ўзбек чегарачилари томонидан давлат сарҳадларида 5 мингга яқин чегарабузар қўлга олинган¸ 32 миллиард сўмлик контрабанда маҳсулотлари, 1 миллион 880 минг доллар ва бошқа давлат валюталари, 48 кило 971 грамм гиёҳванд модда ва 285 дона қурол ушлаб қолинган.

Жумладан¸ ДХХ га кўра¸ ўтган ой ўзбек-қирғиз чегарасидан 573 280 долларни ноқонуний олиб ўтаётган фуқаро, чегарачиларга дуч келгач, пул солинган сумкани ташлаб қочган.

XS
SM
MD
LG