Жорий ойи бошидан бери ўзбек-қозоқ чегарасининг Қозоғистон томонида юк ортилган юзлаб фура Ўзбекистон ҳудудига ўтиш учун навбат кутмоқда.
Озодлик гаплашган юк ташувчи ҳайдовчиларга кўра¸ Россиядан озиқ-овқат юкланган фуралар ўтказилиб¸ ноозиқ-овқат маҳсулотлари ортилган юк машиналари қарийб ўн кундан бери Ўзбекистонга киритилмаяпти.
Ўзбекистон Божхона қўмитаси¸ юк машиналарининг Ўзбекистонга кириши билан муаммо йўқлигини билдирди. Қозоғистон томони эса¸ чегарадан ўтиб-қайтишнинг тўхтамагани¸ аммо компьютер тизимида юз берган муаммо сабаб сустлашгани¸ 11 мартга келиб вазиятнинг нормал изга қайта бошлаганини билдирди.
Қарийб ўн кундан бери фурачилар машинада яшамоқда
Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар¸ ўзларини "хусусий ширкатларнинг Қозоғистондан сотиб олган қурилиш материлларини ташувчи ҳайдовчилар", деб таништирди.
11 март куни Озодлик билан гаплашган ҳайдовчилар¸ айни шу куни ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Қазигурт”(Майский) божхона постида қарийб 300 та юк машинаси Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутаëтганини билдирди.
“Шахсан мен¸ 5 март куни чегарага келган бўлсам¸ ҳали ҳам навбатим келмади. Олти кечадан бери машинада овқат қилиб¸ машинада ухлаб юрибмиз. Битта туалет бор эди¸ униям пуллик қилиб қўйди. Одамлар ит ëтиш билан навбат кутаяпти. Нимага ўтказмаëтгани ҳақида на очиқ маълумот¸ на бир расмий билдирув бор. Нима бўлаяпти¸ қачон очади¸ билмаймиз”¸ дейди Озодлик гаплашган ўзбекистонлик ҳайдовчилардан бири.
Ўзбекистонлик ҳайдовчилар¸ чегарада пайдо бўлган юк машиналари тиқинини видеотасвирга олиб¸ Озодликка тақдим этди. Бу тасвирларда юзлаб юк машинасининг йўл чеккасида туриб қолгани кўрилади.
Озодлик суҳбатдошлари¸ навбатда турган юк машиналарининг камида 70 фоизининг давлат рақами Ўзбекистонники экани ва Россиядан келаëтган юк машиналарига имтиëз борлигини қўшимча қилдилар.
“Россиядан келаëтган холодильник-машиналар “экспорт олиб келаяпти”¸ деб ўтказилаяпти. Лекин орасида тахта ортган машиналар ҳам ўтаяпти. Айнан Қозоғистондан юк олиб келаëтганлар турипти навбат кутиб. Икки йилдан бери шу ишни қиламиз¸ бунақаси биринчи марта бўлаяпти. Шу йил январда икки сутка навбат кутганмиз¸ бу шу пайтгача энг узоқ навбатда туриш бўлган эди”¸ деди Озодликка исмини очиқламасдан гапиришни маъқул топган юк машинаси ҳайдовчиларидан бири.
"Муаммо Қозоғистон томонда"
Озодлик ўзбек-қозоқ чегарасининг нафақат “Қазигурт” чегара-ўтказиш пости¸ балки бошқа пунктларида ҳам кейинги кунларда пайдо бўлган узун навбатлар ҳақида изоҳ сўраб Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси¸ шунингдек Қозоғистон Чегара хизматига мурожаат қилди.
Ўзбекистон томони¸ мамлакатга Қозоғистон чегарасидан юк машиналарининг кириши билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлиги¸ хусусан¸ кейинги кунларда чегарадан ўтиб-қайтишга оид қонун-қоидаларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини билдирди.
Қозоғистон Чегара хизматининг Озодлик гаплашган расмийлари Ўзбекистон билан чегара постларида ўтиб-қайтиш билан муаммо борлигидан "бехабарлик"ларини билдирди.
Қозоғистоннинг “Қазигурт” божхона постининг ўзини таништирмаган расмийси¸ навбатларнинг пайдо бўлишига¸ “компьютер тизимида юз берган сбой (узилиш) сабаб бўлганини билдирди¸ аммо бу узилиш моҳиятига оид тафсилотларни маълум қилмади.
Унга кўра¸ 10 мартдан бошлаб вазият нормаллашишга ўтган ва ҳозирда Ўзбекистонга юк машиналарининг ўтиши давом этмоқда.
Жанубий Қозоғистон Божхона қўмитаси 2017 йилнинг биринчи чораги бўйича берган ҳисоботида¸ Ўзбекистон билан ўтиб-қайтишнинг 2017 йилдан кескин кўпайгани ва шу боис¸ чегара пунктларининг ўтказиш имконлари ҳам кенгайтирилганини билдирган эди.
2017 йилнинг биринчи уч ой ичида ўзбек-қозоқ чегарасидан 2 миллион одамнинг кесиб ўтганини билдирган бошқарма раҳбари¸ чегарада беш йўлкали ўтказиш ишга туширилишини эълон қилган эди.
Расмий маълумотга кўра¸ Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан сарҳадида олтита божхона пости бор ва улар бештасидан енгил ва юк машиналарини ўтказиш қарийб тўхтовсиз амалга оширилади.