Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:18

Блогернинг Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби устидан шикояти судга ошди


Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг Андижон шаҳар ҳокимлиги мулозими устидан шикояти судга ошди.

Далиев икки ой аввал ҳокимлик матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқоровани уни таҳқирловчи пост қўйганликда айблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганди.

Гулшаной Қўчқорова Озодлик билан суҳбатда блогер Далиев шаънига ёзган пости жаҳл устида қўйилгани ва кейинчалик уни ўчириб ташлаганини айтди.

Хуршид Далиевнинг шикоят аризаси бўйича Андижон шаҳар маъмурий ишлари судида 6 январга белгиланган маҳкама 8 январга қолдирилди.

Блогер Хуршид Далиев
Блогер Хуршид Далиев

Бу ҳақда хабар қилган Далиевнинг Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналида суднинг қолдирилгани сабаблари очиқланмаган.

Ушбу каналдаги маълумотларга кўра, Хуршид Далиев 2019 йилнинг ноябри бошида Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Далиев Андижон шаҳар ҳокимлигининг Телеграмдаги Андижон 24 канали орқали унинг шаънига нисбатан ҳақоратли постлар эълон қилинганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идорасига шикоят ёзган.

Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” канали ҳокимлик каналидаги постлардан бирининг скриншотини эълон қилган.

Ноябрда эълон қилинган ушбу постда ҳокимлик матбуот хизмати Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналига кирмасликка чақирган. Постда Далиев хоинлик ва ғаламисликда айбланган. Шунингдек, Далиевнинг таъқиқланган “Ҳизбут Таҳрир” диний оқими аъзоси экани айтилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова 6 январь куни Озодлик билан суҳбатда ўша постни жаҳл устида ёзганини таъкидлади:

- Ўзбекистонимда қонун бор экан, “Ҳақорат қилмасдан гапирасан” деган. Мен бўйсунаман. Чунки бу ватанимнинг қонуни. Мен исқирт, ғаламис, хоин деган сўзларни ишлатиб ёзганман. Бу менинг хатоим. Ҳақиқатдан хатоим. Бу журналистик этикага умуман тўғри келмайдиган нарса. Тўғри бунақа қилиш керак эмас. Қизишиб кетиб ёзганларимни мен тан оламан.

Гулшаной Қўчқорова “блогер Далиевнинг шаҳар ҳокимлигига қаратилган саркастик постларидан жаҳли чиққани” сабаб ўша ҳақоратли постни ёзгани ва шаҳар ҳокимининг талаби билан бу постни ўчириб ташлаганини билдирди.

Қўчқорованинг айтишича, у Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил суратига Хитой зулмидан азият чекаётган уйғурларни қўллаш рамзи

Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил сурати
Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил сурати

сифатида уйғурлар байроғини қўйгач, уни “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадор деган фикрга борган. Боиси Қўчқорова "дастлаб бу байроқни террорчилар байроғи" деб ўйлаган:

- У байроқнинг қанақалигини билмаганман. Мен қарасам ҳаммаси битта ўша байроқ билан. Ўша байроқ остида Бин Ладен, бизнинг Ўзбекистонимизга қарши ишлар олиб бораётганларни ҳам ўша байроқ остида кўрдим. Буям шу байроқ остида, демак хоин эканда деган маънога бориб, мен тўғриси хомлик қилганман ва шу постни чиқарганман.

Гулшаной Қўчқорова билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:30 0:00
Бевосита линк


Блогер Далиевнинг ҳокимлик мулозими Қўчқорова устидан шикояти асосидаги маҳкама 8 январь куни соат 11:00га белгиланган.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Гулшаной Қўчқоровага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат) ва 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) бўйича иш очилган.

Айни пайтда

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулшаной Қўчқоровага қўйилаётган айбловлар билан андижонлик блогер Абдуфатто Нуриддинов Янги йил байрами арафасида 15 суткага қамалди.

4 январь кунги суд мажлисида блогер Абдуфатто Нуритдиновга чиқарилган 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди​.

Блогер Абдуфатто Нуритдинов Facebook тармоғида Отабек Нуритдинов тахаллуси остида Андижон вилоятидаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга кескин танқидий муносабатини билдириб келаётганди.

XS
SM
MD
LG