Покистон Бош вазири Имрон Хон Толибон билан инклюзив ҳукумат тузиш юзасидан сўзлашувларни бошлаганини билдирди.
Имрон Хоннинг Твиттер саҳифасига жойлаштирган баёноти 17 сентябрь куни Душанбеда ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ортидан пайдо бўлди. Саммитда Афғонистонда ҳокимиятни босиб олган Толибон билан минтақа ҳукуматлари муносабати муҳокама қилинди.
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган толиблар олдида турган асосий муаммо - очлик ёқасида турган аҳолининг озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш ва мамлакат юз тутаётган иқтисодий бўҳрондан чиқиш йўлларини топишдир.
Таҳлилчиларга кўра, айнан шу сабаб Толибон раҳбарияти қўшни Марказий Осиё ҳукуматлари билан дўстона алоқаларни ушлаб туришга уринмоқда.
Айни пайтда бу йил минтақа давлатларини оғир аҳволга солган қурғоқчилик муаммоси ўртага чиқди. Афғонистонда ҳам аҳолининг асосий қисми ўз кунини ўзи кўрган деҳқончиликда аҳвол танглиги айтилади.
Саммитдан сўнг Покистон Бош вазири Имрон Хон Твиттер тармоғидаги саҳифасида Толиблар билан инклюзив ҳукумат бўйича сўзлашувларни бошлаганини билдирди.
“Афғонистонга қўшни давлат раҳбарлари, айниқса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан Душанбеда бўлган узоқ муҳокамалардан кейин, мен “Толибон” билан таркибида тожиклар, ҳазоралар ва ўзбеклар бўладиган инклюзив ҳукумат тузиш бўйича мулоқот бошладим”, деб ёзди Покистон Бош вазири.
Кобулни қўлга киритган Толибоннинг ортида Покистон турганига ишонилади ва шу боис Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг бу баёноти жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Душанбеда учрашган ШҲТга аъзо давлатларнинг Толибон ҳукуматига нисбатан позицияси турлича.
Саммитга мезбонлик қилган Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон, Толибон Афғонистонда мустабид ҳокимият ўрнатди, ўрта асрларга хос шариат қонунларига асосланган Ислом Амирлиги ташкил қиляпти, дея танқид қилди.
Россия президенти Владимир Путин эса, Афғонистонда ҳукумат алмашиши қон тўкилмасдан амалга оширилганини олқишларкан, берган ваъдаларини бажарса, Толибон билан ишлашга тайёрлигини билдирди.
ШҲТга аъзо бўлиш жараёнини бошлаган Эрон раҳбари саммитда хорижий давлатларни Афғонистон ички ишларига аралашишни тўхтатишга чақирди ва мамлакатдаги бугунги нотинчликка ҳам айнан хорижий аралашув сабаб эканини урғулади.
“Биз афғон халқи мавжуд муаммоларни бартараф этиб, келажакка йўл очиши учун шарт-шароит яратишимиз керак. Эрон наздида бунга фақат минтақа мамлакатлари кўмагида эришиш мумкин”, деди Эрон президенти Иброҳим Раисий.
Ўзбекистон эса ҳозирча минтақада Толибон билан дўстона қўшничиликни бошлаб юборган ягона давлат бўлиб турибди. Айрим таҳлилчилар Душанбе саммитида айнан Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Толибон билан муросага ундайди, деган тахминни илгари сурганди.
Аммо саммит якунига келиб, қўшнилар фақат бир масалада муросага кела олди: Афғонистонда барча халқлар ва этник гуруҳлар иштирокидаги инклюзив ҳукуматни тузиш талаби яна бир марта илгари сурилди.
Халқаро жамоатчиликнинг эътибори Кобулдаги Толибон ҳукуматига қаратиларкан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда юзага келаётган гуманитар инқироздан огоҳлантирмоқда.
Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси Афғонистонга туташ Термиз шаҳрида Афғонистонга гуманитар ёрдамни етказадиган логистика маркази очилди.
БМТ расмий вакилининг маълум қилишича, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида Жаҳон озиқ-овқат ташкилотига тегишли бўлган омборхоналарда дастлабки истеъмол моллари захираси кўпайтирилади ҳамда Афғонистонга жўнатилади.
“Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти айни пайтда асосий эътиборни мамлакатга имкон қадар кўпроқ егулик етказишга қаратган. Айниқса, қиш келиб, қор тушганидан кейин тоғлар ва аҳоли пунктларига боғлайдиган йўллар ёпилиши мумкин. Биз ҳозирча 200 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотини етказишни кўзлаяпмиз. Бу маблағни ҳозир олишимиз керак ва егуликни харид қилиб, ўз вақтида мамлакатга киритишимиз керак”, деди Мэри-Эллен МакГрорти, Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг Афғонистон бўйича вакили.
Ҳозирнинг ўзида Покистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам юклари етказилмоқда.
14 сентябрь куни Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов ва бошқа мулозимлар бошчилигида 1300 тонна ёрдам Ҳайратон кўпригида Толибон вакилларига топширилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу юклар – ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат.
Ёрдам юклари шахсан президент Шавкат Мирзиёев номидан топширилди. Толиблар ҳам шахсан президент Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.
“Бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳолаймиз”, деди Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Афғонистон ўзбекларининг асосий қисми истиқомат қиладиган шимолий минтақаларга озиқ-овқат ва бошқа бирламчи истеъмол товарлари, асосан 4 йўл орқали кириб боради:
- Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари орасида энг узун чегара чизиғи Тожикистон билан - 1327 километр. Бу чегарада Панж дарёси узра 8 та кўприк қурилган. Юкларнинг асосий қисми Тожикистоннинг Қуйи Панж ва Афғонистонинг Шерхон-Бандар чегара пункти ўртасидаги кўприкдан ўтади. Тожикистондан Афғонистонга, асосан автомобил йўли орқали Хитойдан борадиган юклар ўтказиларди. Бу юкларнинг асосий қисми озиқ-овқат, бирламчи истеъмол ва қурилиш молларидан иборат. Ҳозир икки давлат ўртасидаги чегара-ўтказиш пунктларининг барчаси ёпиқ.
- Иккинчи йирик логистика тармоғи - чегара узунлиги 137 километр бўлган Ўзбекистоннинг Термиз ва Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳри ўртасидаги “Дўстлик” кўприги орқали ўтади. Ҳам юк машиналари, ҳам темир йўллар орқали. Бу кўприкдан асосан Қозоғистон ва Ўзбекистондан борадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ўтади. Сўнгги расмий маълумотга кўра, чегара пункти логистика ва хусусан, афғонистонлик бизнес вакиллари учун очиқ. Айни пайтда Ўзбекистондан Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари темир йўл орқали жўнатилмоқда. Бундан ташқари, айни йўлдан Покистонга транзит орқали кетаётган юклар ҳам чекланган миқдорда ўтказилаётгани маълум.
- Яна икки йирик чегара-ўтказиш пункти чегара узунлиги 804 километр бўлган Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасида - “Имомназар-Оқина” ва “Серхетабад-Туғунди” постлари. Бу постлар орқали автомобил ва темир йўл қатнови бор. Бу йўллар орқали ҳам, асосан Хитойдан келадиган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар Афғонистонга олиб ўтилади. Айни пайтда чегара постларининг очиқ ёки ёпиқлиги ҳақида расмий хабар йўқ. Норасмий манбалар, бу постлар Афғонистонда жанг ҳаракатлари авж олган кезларда ҳам ёпилмаганини айтади.
Афғонистондаги нодавлат Савдо палатаси собиқ раиси, айни пайтда бошқарув кенгаши аъзоси Азарехш Ҳофизийга кўра, Марказий Осиёдан Афғонистонга тижорий юклар ўтадиган чегара ўтказиш пунктлари Толибларнинг қонли ишғоли авж олган кезларда ҳам ёпилмаган.
Афғонистон билан Марказий Осиё минтақасини боғлаб турган энг катта чегара ўтказиш пункти, бу-Ўзбекистоннинг Термиз ва Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри ўртасидаги Ҳайратон пунктидир.
“Афғонистоннинг шимоли ва Марказий Осиё мамлакатларидан озиқ-овқат келадиган йўлларнинг 5 таси ҳозирда ишлаб турибди. Булар-Ҳайратон, Шерхон Бандар, Оқина, Ишкашим, Ойхоним постлари. Афсуски, бу ўтказиш пунктларининг ҳаммаси тўла қувват билан ишламаётир. Айни пайтда мамлакатнинг жануби ва шарқида ҳам 4 йирик чегара ўтказиш пукти бор, Туркманистон, Покистон, Эрон билан. Бу пунктлар ҳам тўла қувват билан ишламаётир. Шу боис мамлакатда озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар танқислиги кучайган”, дейди Афғонистон Савдо палатаси аъзоси/
Айни пайтда Афғонистоннинг ғарбий қисмига ҳам Покистон орқали ёрдам юклари етказилмоқда.
БМТ Қочинлар бўйича агентлигининг маълум қилишича, сўнгги уч ҳафта ичида икки марта гуманитар юклар карвони Нангарҳор вилоятига етказилган. Европа Иттифоқи ҳам Афғонистонга 100 миллион евролик ёрдам етказиш режасини очиқлади.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра, Европа Иттифоқи афғон халқи - аёллар ва болалар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячиларига аталган ёрдамни етказишда давом этади.
“Биз мамлакат ичидаги ва қўшни давлатлардаги афғонистонликларга ёрдам беришда давом этишимиз керак. Биз бу ҳудудда юз бериш хавфи аниқ бўлиб турган очлик ва гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун қўлимиздан келган ҳамма имконларни ишга солишимиз керак. Биз зиммамизга тушганини қиламиз - Афғонистонга мўлжалланган гуманитар ёрдамни 100 миллион еврога оширамиз. Бу бизнинг Афғонистонга мўлжалланган кенг кўламли ёрдам дастуримизнинг бир қисми бўлади”, деди Еврокомиссия раҳбари.
Шу тариқа дунё давлатлари яна толиблар бошқаруви остида қолган афғон халқига ёрдам қўлини чўзмоқда.
Толибон ҳукуматининг ўзи эса, халқаро ҳамжамиятга берган ваъдаларини бажариши лозим. Айни пайтда аввалги ҳукуматнинг хориждаги маблағлари музлатилган, халқаро донорларнинг Кобулдаги собиқ афғон ҳукуматига бериб келган ёрдамлари ҳам тўхтатилган.
Афғонистондаги инқироздан олдин ҳам минтақада озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ хавотирлар мавжуд эди. Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бу йил қурғоқчиликдан қаттиқ зарар кўрди. Буғдой, чорва ва бошқа зарур маҳсулотлар заҳирасида етишмовчилик бор.
Келаётган қиш минтақа учун оғир кечиши кутилмоқда. Аммо ҳокимият толиблар қўлига ўтган Афғонистон учун бу қиш фалокатли бўлиши мумкин.
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда 3 ярим миллиондан ортиқ одам уйини ташлаб, бошқа минтақаларга қочган. Буларнинг аксари аёллар ва болалардир.
Қурғоқчилик, нотинчлик ва гуманитар ёрдамнинг кесилиши, мамлакат жанубидаги айрим ҳудудларда ҳозирнинг ўзидаёқ очарчилик бошланишига сабаб бўлди.