Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

МБ нақд валюта эркин савдосини эълон қилди. Бозор саросимада. Мутахассислар хурсанд


"Ипотекабан"книнг валюта курслари таблоси. 2019, 20 август
"Ипотекабан"книнг валюта курслари таблоси. 2019, 20 август

Валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайтида 20 август куни хабар қилди.

Марказий банкнинг бу баёноти ортидан мамлакат валюта бозорида саросима аломатлари сезилди: қора бозорда 1 АҚШ доллари нархи 9700 сўмга кўтарилди. Тижорат банклари мижозларга нақд валюта сотмади.

Молиявий таҳлилчилар Марказий банкнинг 20 август кунги қарорини ижобий баҳолади. Уларнинг фикрича, валюта бозорида бошланган саросима вақтинчалик кўринишдир.

Қарор ва унинг изоҳи

Марказий банк ўзининг 20 август кунги қарорини изоҳлар экан, сўнгги кунларда ички банклараро валюта бозори савдоларида алмашув курси ўзгарувчанлигининг ортиши кузатилаётгани, хусусан, 20 августдаги биржа савдоларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 9384 сўмни ташкил қилганини қайд этди.

МБ ўз баёнотида сўнгги ойларда айирбошлаш курси динамикаси қайси омиллар таъсирида шаклланганини уқтирган.

Банкка кўра, биринчиси - халқаро омиллар, яъни жаҳон иқтисодиётидаги хатарларнинг ортгани, жаҳон бозоридаги етакчи ўйинчилар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар ва уларнинг ўзбек сўмига таъсиридир.

Иккинчи омил эса, ичкидир. “Юқоридаги омиллар ... экспорт “нархининг кўтарилиши” ва импорт жозибадорлиги" га олиб келмоқда. "Натижада, сўнгги йилларда ички валюта бозорида талабнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда” дейилган МБ баёнотида.

МБ 20 августдан бошлаб тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани сотиш йўлга қўйилишини эълон қилар экан, айни пайтда бундай деган:

“Шу билан бирга, Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ҳамда ташқи омиллар таъсирини камайтириш ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини таъминлаш мақсадида бозор механизмларидан фойдаланади. Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда экспансион кредитлаш ва фискал сиёсатини чеклаш орқали инфляция ва валюта курсига қўшимча босимни пасайтириш бўйича чоралар кўриб борилади”.

МБ қарори валюта бозорини саросимага солди

МБнинг 20 август кунги баёноти, афтидан, яшин тезлигида тарқади ва шу кун эрталабданоқ аҳолида бироз саросима уйғотди. Валюта бозоридаги янгиликлардан яхши хабардор тошкентликлардан кун давомида олинган хабарларга қараганда, 20 август эрталаб соат 10 гача қора бозорда 1 АҚШ доллари 9700 сўмгача кўтарилди.

Агар бу кўрсаткич 3 кун аввал 9200, 19 августда эса, 9300 бўлгани эсланса, бозорда саросима аломатлари сезилмоқда, дейиш мумкин.

Бироқ 20 август кечгача қора бозорда 9700 сўмлик марра сақланиб қолди.

Айни пайтда бир қатор мижозларнинг Озодликка айтишича, 20 август куни тижорат банклари “юқоридан инструкция келмагани” учун нақд валюта сотмади.

МБ баёноти ортидан банкларнинг телефонлари қўнғироқлардан бўшамаётганга ўхшайди. Ҳар ҳолда Озодлик боғланишга уринган Халқ банкининг ҳам, Агробанкнинг ҳам телефонлари банд бўлди.

Марказий банк матбуот хизмати барча маълумот банк раҳбарияти баёнотида мавжудлигини айтиб, саволларга жавоб бермади.

Мутахассислар: МБ тўғри қарор қабул қилди

Иқтисодиёт фанлари доктори Хонназар Омонов, Озодлик саволларига жавобан, МБнинг 20 август кунги қарорини ижобий қадам сифатида баҳолади:

- Яхши иш қилишибди. Чунки давлат иқтисодиётдан қўлини секин-аста тортаяпти. Валютанинг нархи бозорда талаб ва таклиф асосида шаклланиши лозим. Бошида нарх бироз кўтарилиши мумкин. Кейинчалик тушиш ҳолатиям бўлиш эҳтимоли бор.

20 август куни Тошкентнинг валюта бозорида кузатилган саросима аломатларини олим вақтинчалик кўриниш сифатида баҳолар экан, бундай деди:

- Бу вақтинчалик кўриниш. Ажиотаж давом этаверадиган бўлса, Марказий банк бозорга кўпроқ валюта ташлайди. Бунинг учун Марказий банкнинг етарлича валюта заҳиралари мавжуд.

Маълумот учун: Марказий банк 13 августда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми ярим йил якунлари бўйича 14 млн долларга камайиб, 1 августда 27,7 млрд долларни ташкил этганини билдирган эди.

Бундан хорижий валютадаги активлар ҳажми - 12,28 млрд доллар (бир ой ичида +820 млн доллар), монетар олтин 15,08 млрд доллардан (-830 млн доллар) иборат.

"МБ қарори экспорт ҳажми ортишига йўл очади"

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев МБнинг 20 август кунги қарори мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир қилиши тўғрисида бундай деди:

- Биринчидан, миллий валютанинг реал қадри белгиланади. Иккинчидан, жорий йил биринчи натижаларига кўра, импортимиз экспортдан икки баробар кўпайиб кетuган эди. Сўмнинг реал курси экспортчига рағбат беради.

Сапарбой Жубаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:35 0:00
Бевосита линк

МБ ўз қарорини яна тушунтирди

20 август, кечга яқин Марказий банк шу кун тонгдаги қарорини шарҳлади.

“Бугун валюта биржасидаги савдоларда сўм алмашув курсининг 2,76%га пасайиши кузатилди. Бу ҳолат Марказий банк томонидан биржа савдоларидаги валюта курсини 0,5%лик тебраниш чегараларини бекор қилиш борасидаги қароридан сўнг вужудга келди” деб бошланган МБ шарҳи.

"Кечаги" ва ундан олдинги йиллардаги валюта сиёсати

Марказий банк 2017 йилнинг 5 сентябрида ўзбек сўмининг бир АҚШ долларига нисбатини 4210 сўмдан 8100 сўмга туширган эди. ​

Ўзбекистон Марказий банки ўз қарорини президент Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ортидан қабул қилган.

Президентнинг бу қарори қабул қилингунича Биринчи президент Ислом Каримов шакллантирган валюта сиёсати ҳукмрон эди.

Каримов даврида хорижий валюталарнинг бир неча курси мавжуд эди. Бундай сиёсатни ҳатто давлат телевидениеси ҳам танқид қилган, 2017 йилнинг 30 июлида эфирга узатилган кўрсатувда, жумладан, бундай дейилган эди:

"Яқин ўтмишда жаҳоннинг иқтисодий пешволари Ўзбекистоннинг пешонасига қанча тамға урган бўлса, Ўзбекистоннинг шаънига неча бор маломатлар ёғдирган бўлса, Ўзбекистон корчалонлари иқтисодий уқувсизликда неча бор айбланиб бошидан не бир шўришлар кечган бўлса шу - валюта сиёсатини, деб бўлди. Буни бугун очиқ айтмоқ керак. Яна дангал айтиш керакки, валютанинг тўртталаб курси мавжуд бўлиб келгани, қора бозор аталмиш шармандали ҳолатнинг тараққиёт оёғига тушов бўлгани айнан Президент бошлаган ислоҳотлар сабаб аста секин абас бўлиб, йўқлик сари равона бўлмоқда".

Алоқадор

XS
SM
MD
LG