Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:07

13- маош жанжали. Муҳожирларнинг Петербургдаги ғалаёни тармоқларда турлича талқин қилинди (ВИДЕО)


Лахта Центр ишчилари 13 маошни талаб қилди
Лахта Центр ишчилари 13 маошни талаб қилди

Интернетнинг ижтимоий тармоқларида Петербургдаги “Лахта Центр”ида бир гуруҳ меҳнат муҳожирларининг норозилик намойишига чиққани тасвирланган видеолар тарқалди.

Петербург нашрлари ва тармоқ фойдаланувчилари ишчиларнинг бу намойишини маош берилмаётгани билан боғлиқ экани тўғрисида гапирмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Renaissance Construction идорасида қурувчи муҳожирларга маошлар ўз вақтида берилгани, 27 январь куни олинган бу видеода эса ишчилар 13-чи қўшимча ойликни сўраб келишганини билдиришди.

1 февраль куни ижтимоий тармоқларда Санкт-Петербургнинг “Лахта Центр” марказида 200 яқин ишчи, гуёки уларга бир неча ойлик маош берилмаётгани боис иш берувчи офиси олдида оммавий норозилик уюштиргани ҳақида хабарлар тарқади.

Жумладан, бундай хабарларнинг тарқалишига Петербургдаги “Мойка78” нашрида пайдо бўлган қатор мақолалар сабаб бўлди.

“Лахта Центр” ёнида ишчиларнинг ҳақиқий ғалаёни бошланди. Ходимлар иш ҳақларини талаб қилмоқда, аммо “Газпром” (“Лахта Центр”нинг асосий буюртмачиси "Газпром" бу марказда бош идорасини жойлаштиришни режалаштирган.-таҳр.) эндигина солиқларни тўлаганини баҳона қилиб, ишчиларга пул бермаяпти”, деб ёзди “Мойка78”.

Мақоладан бири “Пулсиз қолган агрессив мигрантлар “Лахта Центр”ни қуршаб олди” деб номланди.

Нашр ишчилар яна 6-8 ой давомида ойликларини ололмаслигини эълон қилди ва тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Бироқ, Озодлик видеода акс этган тасвир 27 январда олингани ва ишчилар мукофот пулларини талаб қилиб Renaissance Construction идорасига йиғилганини аниқлади.

Кўпқаватли иморатнинг исмини ошкор этишни истамаган қурувчиларидан бири гап 13- ойлик ҳақида кетаётганини маълум қилди.

- Ростини айтсам, тармоқларда тарқалаётган видеода ишчилар 13- қўшимча ойлик устида тортишаяпти. Нима учун одамлар журналистлар билан гаплашишни истамаётгани сабаби ҳам шунда – 13- ойликни олиш учун муҳожир муайян муддат тўхтамасдан ишлаган бўлиши керак. Аслини олганда, туркларнинг Renaissance Construction фирмасини “маош бермаяпти” деб айблаш ноўриндир – улар доимо вақтида бериб келяпти. Ношукурчилик бўлмасин, деди видео бироз бошқача талқинда тарқалаётганини тасдиқлаган қурилиш ишчиларидан бири.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеода ишчилар кийимидаги бир неча юз киши қурилиш ташқилоти эшикларини бақир-чақирлар билан синдираётганини кўриш мумкин.

Бошқа бир видеода бош пудратчи ташкилот “Газпром” вакилининг маош ва тартиб-қоида тўғрисида тушунтириш бераётгани акс этган. Унда вакил ишчиларга қўшимча ойлик камида 8 ой ишлаган қурувчига берилиши, “Газпром” яқинда ойликларни тўлаганини айтади.

Ишчиларнинг асосий қисми ўзбек ва тожик муҳожирлари бўлгани боис уларга вакилнинг сўзларини таржима қилишаётганини кўриш мумкин.

- Бу ерда 12 ойдан бери ишлаяпмиз! дейди ишчилардан бири.

Туркиялик миллиардер Эрман Илижакка тегишли Renaissance Construction қурилиш компаниясида Озодлик сўровига жавоб берган ахборот хизмати расмийси Оксана ишчиларга маош вақтида тўланганини билдириб, деди:

- Видеода ишчилар 13- ойликни сўраб келгани акс этган, иш ҳақлари эса ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда берилганини ишонтириб айтишим мумкин. Уларга ойига икки маротаба ҳақ бериб келинади кечиктирмасдан.

Озодлик ишчилар норозилигига Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги аралашгани ва ҳодиса жойига ўз мутахассисларини юборганини аниқлади.

Вазирликнинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида вазиятга бағишланган махсус баёнот ҳам чиқарилди.

"Компания вакили айтишича, 2020 йилнинг 1 январигача ишга жойлашган хориж гражданлари 11 ойдан кейин мукофот тарзида қўшимча бир ойлик оклад оладилар. 2020 йилнинг 1 январидан кейин меҳнат шартномасини имзолаганлар бундан мустасно. Унинг сўзларига кўра, 1 январдан кейин шартнома имзолаганлар меҳнат ҳақи тўғрисида нотўғри тушуниб, бошқаларга ҳам мукофот берилмайди, деган гапни тарқатган. Натижада, 27 январь куни 200 дан зиёд гражданлар офис олдига мукофот талаб қилиб келишган экан", дея хабар қилди Меҳнат вазирлиги.

28 ва 29 январь кунлари ишчиларга ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилгани ва вазиятга ойдинлик киритилгани маълум бўлди.

Озодлик суҳбатлашган ишчилар ҳам Renaissance Construction фирмаси раҳбариятига эътирозлари йўқлигини ва ҳозирда қурилиш ишлари аввалгидек давом этаётганини билдиришди.

XS
SM
MD
LG