Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Россияда мигрантлар билимига бўлган минимал талаблар белгиланди


Пандемия чекловларини юмшатаётган Россияда ўзбек муҳожирлари сони кўпаймоқда.
Пандемия чекловларини юмшатаётган Россияда ўзбек муҳожирлари сони кўпаймоқда.

Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин муҳожирлар томонидан имтиҳон топширишда минимал билим даражасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Мутахассислар янги қоидалар меҳнат муҳожирлари ҳаётига жиддий ўзгариш киритмаслиги, шунчаки ҳужжат бериш “бизнеси” Россия давлат органлари томонидан монополлаштирилаётганини гапирмоқда.

Талаблар минимуми

Янги талаблар Россияда ишлашга рухсатнома - патент олиш истагида бўлган хориж фуқаролари томонидан рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигининг асослари бўйича топширадиган имтиҳонларга қўйилгани маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, рус тилидан имтиҳон топшираётган меҳнат муҳожири кундалик ҳаёт ва касбий фаолияти жараёнидаги маълумотларни ўзлаштира олиши, ўқиши ва талаффуз қилиши шарт. Шунингдек, Россияда ишламоқчи бўлга хорижликлар турли ҳужжатлар ва аризаларни тўлдиришни, жумладан полицияга ариза бериш, иш анкеталарини, поликлиникага топшириладиган шаклларини тўлдиришни билишлари ҳам керак бўлади.

Россия тарихи бўйича имтиҳонда хориж ватандоши Россия тарихига оид муҳим фактлар ва воқеаларни, Россия пойтахти ва бошқа йирик шаҳарларнинг номлари, асосий давлат рамзлари ва байрамларини билиши лозим.

Шунингдек, улар Россия қонунчилиги асослари бўйича чет эл фуқароларининг асосий ҳуқуқ-эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисида хабардор бўлишлари шарт қилиб белгиланди.

Янги қоидаларда айтилишича, вақтинчалик ("Разрешение на временное проживание") ва доимий яшаш учун рухсатнома ("Вид на жительство") олишга талаблар кенгайтирилган. Эндиликда хорижлик ишчилар эшитаётган барча гапларнинг маъносини англаши лозим.

Қолаверса, Россияда яшамоқчи бўлган шахс асосий воқеалар хронологияси, Россия ва СССРнинг таниқли арбоблари, асосий миллий, маданий ва диний урф-одатларни билиши ва ёдда сақлаши шарт қилиб белгиланди.

Юқорида санаб ўтилганидан ташқари, Михаил Мишустин имзолаган тартибга кўра, мигрантлар Россиянинг конституциявий тузум асослари, меҳнат, фуқаролик ва оилавий қонунчилик тамойилларини ҳам билишлари керак.

"Муҳожирдан пул ундиришга қаратилган"

Россияда меҳнат қилаётган бир қанча муҳожир янги қоидалар мигрантлар ҳаётига қандай таъсир ўтказиши, бу ўзгаришлар улар ҳаётини енгиллаштирадими ёки оғирлаштирадими саволлари билан Озодлик таҳририятига мурожаат қилди.

Юрист Ботиржон Шермуҳаммад
Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

Migrant.mobi портали асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад янги қоидалар миграция соҳасидаги жиддий ўзгаришларга олиб келмаслигига ишонишини бундай тушунтирди.

- Ўзи аслида ўша-ўша - ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Улар амалда бор нарсани ҳам “Мана, янгилик!”, деб беряпти. Неча йилдан бери имтиҳон топшириляпти, шунчаки “бозор” қайта тақсимланяпти: илгари, масалан РУДН университетидаги каби, тест марказларида имтиҳонлар қабул қилинган. Ҳозир фақат давлат рўйхатидаги тест марказлари ва ташкилотларига имтиҳон олишга рухсат берилиб, қолганларини ёпмоқчи. Бугундан бошлаб Мишустин қарори бўйича РВП, ВНЖ, патентга коммерческий ташкилотларга ҳужжат топшириш тўхтаган. Қайс ташкилотларда қабул қилинади - аниқмас! - дейди ҳуқуқшунос.

Ботиржон Шермуҳаммад янги қоидаларнинг айрим ижобий ва салбий томонларига ҳам тўхталиб ўтди.

- Илгари РВП-ВНЖларга топширилган имтиҳон сертификати муддати 5 йилга амал қилса, энди 3 йилга қисқаряпти! Илгари доимий яшаш(ВНЖ)га олинган, масалан, рус тилидан имтиҳон сертификати РВП - вақтинчалик яшашга ўтмасди, бошқаттан ўтиш керак эди. Янги тартибда битта сертификат ҳаммасига ўтиши белгиланди. Имтиҳон топшириш шаклида қисқа ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин жиддий ўзгариш йўқ. Муҳожирларимиз хавотирлари асоссиз!

Бу ерда шунчаки давлат имтиҳон қабул қилишни монополлаштирди, фақат рўйхатдаги ташкилотлар имтиҳон олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу имтиҳон топширадиган жойларни камайтиради, рақобат йўқолади. Ўзи ҳужжат тайёрлашга улгурмаётган ва Сахаровода одамлар турнақатор бўлиб турган бир пайтда бу қарор вазиятни бироз мураккаблаштиради. Нима қилиб бўлсаям, меҳнат муҳожири пулини ундириш бўляпти, дея фикр билдирди миграция эксперти Ботиржон Шермуҳаммад.

Суҳбатдош тижорий ташкилотларнинг рус тили ва тарихдан имтиҳон олишдан четлаштирилиши давлат бюджети даромадини оширишини ҳам тахмин қилди.

У миграция тартибларини кучайтираётган Кремль, айни дамда, рус тили ва Россия тарихини ўргатишга қаратилган марказ ва оқартув мактабларини тузишга ҳеч қандай ҳаракат кўрсатмаётганини ҳам танқид остига олди.

Профессор Сергей Абашин
Профессор Сергей Абашин

Яна бир миграция эксперти - профессор Сергей Абашин, мигрантларнинг билим даражасини бозорнинг ўзи тартибга келтириши керак деган фикрда.

У Мишустин ҳукумати оддий меҳнат муҳожиридан Россия фуқаролигини олаётганлар билан баробар талабларни қўяётганидан таажжубланди:

- Бу қоидалар аслида 2014 йилдан амал қилиб келмоқда. Бюрократия кучайди - мазмун ўзгармади. Шу талабларнинг ҳаммаси - тарихнинг энг муҳим саналари, байрамлари ва анъаналари, Россия фуқаролигига даъвогар бўлмаган меҳнат мигрантидан талаб қилинаётгани қизиқ! Ундан-да қизиғи Евросиё Иттифоқига кирган фуқаролардан Россия тарихини ва тилини билиш негадир талаб қилинмайди! - деди профессор Абашин.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги келтирган расмий рақамларга кўра, бугуни кунда ўзбекистонликларнинг 1,7 миллион нафари хорижда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожирдан 332 минги ноқонуний истиқомат қилиб келаётганини хабар қилганди.

Олдинроқ Россия Адлия вазири ва оддий росияликларнинг аксар қисми меҳнат мигрантларини Россиядаги маҳбуслар билан алмаштириш таклифини маъқуллаб чиққани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG