Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:55

Тошкентда милиция ходимлари кўча супураяпти


Суратда Шайхонтоҳур туман ИИБ қўриқлаш хизмати ходимлари кўча тозалаяпти.
Суратда Шайхонтоҳур туман ИИБ қўриқлаш хизмати ходимлари кўча тозалаяпти.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига чиқарилаётганидан шикоят қилди. Озодликка боғланган милиционерларга кўра, бир ойдан буён бўлим ходимлари иш пайти кўча супириш ва тозалаш ишларига жалб қилинмоқда. Туман ИИБ раҳбарлари бўлим ходимларининг кўча тозалашга чиқарилаётганини тасдиқлади.

“Фаррошга айланган мелисалар”

Озодликка боғланган Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимига кўра, бир ойдан буён бўлимнинг сержант ва сафдорлари “Обиназир” маҳалласини тозалаш ишларига мажбурий тарзда олиб чиқилмоқда.

“РОВД ходимлари ҳамда қўриқлаш хизмати ва ёнғин хавфсизлиги бўлимининг сержант ва сафдорлари бир ойдан буён ҳар куни уборкага чиқарилаяпти. Фақат ёши 40дан ошганлар чиқмаяпти. Бир кунда 30 киши сменага тушади. Шундан 10 киши уборкага чиқади. Эрталаб соат 8 да развод бўлади. Разводдан кейин формани ечиб, гражданский кийимда уборкага кетамиз. Қўлимизга белкурак билан кетмон беришган. Ўтларни чопаяпмиз. Қуриб қолган дарахтлар бўлса, кесаяпмиз. Гаражларни бузаяпмиз. Дардимизни кимга айтишни билмаяпмиз. Ёрдам беринг”, дейди исмини очиқламасликни сўраган милиция ходими.

“Рўзадор мелисалар қийналаяпти”

Озодлик суҳбатлашган яна бир милиционерга кўра, Шайхонтоҳур туман ИИБ ходимлари тозалаш ишларига чақарилаётгани сабаб улар 34-35 соатлаб уйига бормаяпти.

“Биз сменани эрталаб соат 10 да алмаштиришимиз керак. Ишимиз 24 соатлик. Соат 10 да сменада турганлар алмашиб, уйига кетиши керак. Лекин сменага келганларни уборкага чиқариб юбораяпти. Шу боис кечки соат 8-10 гача қолиб кетаяпмиз. Бу дегани 35 соат ишлаяпмиз. Чунки сменага келиши керак бўлган болалар кўча супираяпти. Шу уборка бошланганидан буён смена эрталаб эмас, ҳар куни шом пайти алмашаяпти. Кўча супиришга чиқарилган ҳамкасбларим орасида рўза тутганлар бор. Рўзадорлар ҳам иссиқда кўча супираяпти. Улар ҳам роса қийналишаётганини айтишаяпти”, дейди исми ошкор қилинмаслик шарти билан гапирган милиционер.

“Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти”

Озодликка боғланган милиция ходимларига кўра, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинганларидан юқори ташкилотларга шикоят қилишган, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаган.

“Уборка қилаётган жойимизга бирор раҳбар келиб қолса, бизни мардикорлар сифатида таништиришаяпти. Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти. Шаҳар бошлиғига шикоят қилдик. Ўрганиб кўрамиз дейишди. Бироқ 5 кун бўлди, ҳеч қандай натижа йўқ”, дейди милицонер йигит.

Милиция бошлиғи: Битта биз эмас, бошқа идоралар ҳам тозалаяпти

Шайхонтоҳур туман ИИБ раҳбарлари бўлим ходимларининг кўча тозалашга чиқарилаётганини тасдиқлашди.

“Биз “Обод маҳалла” дастури доирасида “Обиназир” маҳалласида ишлаяпмиз. Ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаяпмиз. Обод қилиш, бу президент сиёсати-ку! Қарор қабул қилинди. Шу асосда ҳамма ташкилот шу “Обод маҳалла” бўйича ишлаяпти. Битта милиция эмас, соғлиқни сақлаш бор, ҳамма ташкилот ўша ерда. Ҳамма биргаликда “Обод маҳалла” қилаяпмиз”, деди Озодлик боғланган ИИБ подполковниги бўлган мулозим.

Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам милиция ходимлари ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига боғландик.

Бошқарманинг Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Бахтиёр Иноғомов билан илк боғланганимизда, у саволларимизни ўрганиб кўриб, кейин жавоб беришини айтди. Бироқ кейинги қўнғироқларимизда телефон гўшагини кўтармади.

Президент Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги фармонига кўра, Тошкент шаҳридаги 44 маҳалла “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилинган.

Аммо бундай чораларга қарамай Ўзбекистонда ватандошлар, хусусан, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келиб туради.

XS
SM
MD
LG