Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:04

МИБга норозилик сифатида ўзига ўт қўймоқчи бўлган фарғоналик аёл қутқариб қолинди (ВИДЕО)


Фотима Усмоновани қўшнилари қутқариб қолди - видеодан скриншот
Фотима Усмоновани қўшнилари қутқариб қолди - видеодан скриншот

15 январь куни Фарғона шаҳри, Машъал маҳалласида яшовчи Фотима Усмонова МИБ ходимларига норозилик сифатида ўзига ўт қўймоқчи бўлган пайти қутқариб қолинди.

42 яшар Усмоновага кўра, у йўқлигида МИБ ходимлари уйининг эшигини бузиб, ичкарига кирган ва нарсаларини кўчага чиқариб ташлаган.

Воқеа устига келган Усмонова мибчилар фаолиятига норозилик сифатида устига бензин сепиб, гугурт чақмоқчи бўлган пайти қўшнилари уни тўхтатиб қолган.

3,5 ой аввал МИБ ходимлари уйидан мажбурлаб чиқармоқчи бўлган наманганлик аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлганди.

Қутқариб қолинган аёл

Воқеа 15 январь куни Фарғона шаҳри, Машъал МФЙ, Форобий кўчаси, 9/9-уй, 9-хонадонда содир бўлган.

Уй бекаси Фотима Усмонова Тошкентга даволанишга кетган пайти МИБ ходимлари келиб, унинг уйига эшикни бузиб, киришган ва уйдаги нарсаларни кўчага чиқариб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлган Усмонованинг қўшнилари дастлаб МИБ ходимларининг уйга киришига тўсқинлик қилган. Бу ҳолат воқеа жойида тасвирга олиниб, Озодликка йўлланган видеода ҳам акс этган.

Ўзи уйида йўқ аёлнинг уйига мибчилар киришига қўшнилар тўсқинлик қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:38 0:00

Бошқа бир видеода Усмонованинг уйи эшигини бузиш жараёни акс этган. Тасвирларда ИИБ ва МИБ ходимлари Усмонова уйини бузиб, ичкарига киргани кўринади.

МИБ ходимлари эгаси йўқ уйнинг эшигини бузиб кирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00

Усмонованинг қўшниларидан бирига кўра, МИБ ходимлари уларнинг қаршилигига қарамасдан уй ичидаги нарсаларни кўчага чиқаришни бошлаган.

Тошкентдан воқеа устига етиб келган Фотима Усмонованинг 19 январь куни Озодликка айтишича, у норозилик сифатида устига бензин сепган:

- Яқинда мен қорда сирпаниб, йиқилдим ва оёғим икки жойидан синган, темир қўйишган, ҳозир қўлтиқтаёқда юрибман ўзим. Даволанишга Тошкентга кетган пайтим қўшниларим МИБ ходимлари эшигимни бузиб, уйга кирганини айтишди. Тошкентдан етиб келгунимча, эшигимни бузиб кириб, бор нарсаларимни Камазга юклаб, олиб чиқиб ташлашаётган экан. Мен тўйганимдан бензинни олиб устимдан қуйиб юбордим. Қўшниларим ушлаб қолмаганида, қўлимда гугуртим бор эди. Қўшним қўлимдан гугуртни олиб қўйди.

Ўзига ўт қўймоқчи бўлган аёл қутқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Воқеага гувоҳ бўлган Усмонованинг қўшниларидан бири, агар улар аралашмаганида фожиа содир бўлиши мумкинлигини айтади:

“Фотима бензинни сепган пайти МИБ ходимлари устига ҳам сачраб кетди. Кейин қўшнилар чаққонлик қилиб, Фотиманинг қўлидан гугуртни олдик. Бўлмаса, у ўзига ўт қўйиб, ўлган бўларди. Вояга етмаган қизи етим қоларди”.

Можарога сабаб бўлган уй

Фотима Усмоновага кўра, у 2013 йил 19 декабрида ҳозир яшаётган уйини сотиб олиш учун Фарғонадаги “Турон банк”дан 80 миллион сўм қарз олган.

Ипотека ҳақидаги шартномада қайд этилишича, Усмоновага 80 миллион сўм 18 фоизлик устама билан 10 йил муддатга берилган ва гаров сифатида сотиб олинган уйнинг ўзи қўйилган.

- Бу уйни бир аёлдан 23 минг долларга олдим. Уй банк залогида эди. Менинг номимга ўтгач, банкдан ипотека кредити олдим. Ишсиз қолганим сабаб 2017 йилда банкка кредит тўловларини тўлай олмадим. Кейин келишув битими тузилди ва мен тўланмаган пулларни ва пеняларини ҳам тўладим. 2019 йилга келиб, яна 5 ой тўлай олмай қолдим. Ишсиз эдим. Пенясини ҳам тўлайман, дедим. Лекин мен бехабар равишда уйимни аукционга қўйиб, сотиб, МИБга бериб юборишган. Улар 2017 йилда бекор бўлган суд қарорини қайта қўллаб, уйимни аукционга қўйишган. Уйим 10 йилга кредитга олинган. Ҳали муддатим бор эди.

2023 йилда ёпилиши керак эди. Мен банкка 135 миллион сўм тўладим. Фақат 33 миллион сўм қарзим қолган. Банкдан қарзимнинг ҳали муддати тугамай туриб, уйимдан ҳайдаб чиқаришмоқчи,- дейди Фотима Усмонова.

“Турон банк”нинг Тошкентдаги бош офиси Фотима Усмонова уйи билан боғлиқ саволларга банкнинг Фарғона бўлимидан жавоб олишимизни айтишди.

Фарғонадаги “Турон банк”нинг Озодлик боғланган ходими Усмонова билан боғлиқ вазият суд қарорига кўра қабул қилинганини айтиш билан чекланди.

Фарғона шаҳар МИБ бошқармаси ходими эса суд қарорини бажариш уларнинг вазифаси эканини таъкидлади:

“Усмонова Фотимага 15 январь куни яна 10 кун муҳлат берилди. Шу муддат ичида у уйни бўшатиб қўйиши керак. Сабаби бу уй аллақачон аукционда бошқа одамга сотилган. Биз уйни янги эгасига олиб беришимиз шарт”, - деди ўзини таништиришни истамаган фарғоналик мибчи.

Ёнаётган аёллар

Ўзбекистонда давлат идоралари ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлган фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳоллари бундан аввал ҳам содир бўлган.

Ўтган йилнинг 29 сентябрида Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди.

МИБ ходимлари уйидан мажбурлаб чиқармоқчи бўлган наманганлик аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:30 0:00

Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.

30 ноябрда эса Андижонда қизининг ўлими бўйича олиб борилаётган терговга норозилик белгиси сифатида ўзига ўт қўйган аёл тирик қолди.

XS
SM
MD
LG