Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Чигит нархи қимматлади. Ёғ-мой комбинатларида иш тўхтамоқда


Чиноз шаҳри бозоридаги ёғ растаси, 16 декабрь, 2020.
Чиноз шаҳри бозоридаги ёғ растаси, 16 декабрь, 2020.

Ўзбекистонда ҳукумат ўсимлик ёғи нархини сунъий равишда паст ушлаб туришга уринаркан, чигит нархи фавқулодда ошиб бормоқда.

7 май куни 1 кило чигит 5 минг 700 сўмга чиқди, март бошида 3 минг сўм эди.
Чигит нархининг кескин ошиши хусусий сектор бўлган пахта кластерларининг даромадини ошириш истагига боғланмоқда.

Республикада мавжуд ёғ-мой комбинатлари, қиммат нархда чигит сотиб олишга қурби йўқлиги, бўлганда ҳам, пахта ёғи нархи кескин ошишини айтмоқдалар.

Ҳисобчиларга кўра, агар 1 кило чигит 5500 сўмдан харид қилинса, ишлаб чиқарилган 1 литр пахта ёғи нархи, шу кунда прокуратура назоратида ушлаб турилгани 14 минг сўм эмас, балки 23 минг сўмга чиқиши мумкин.

“Ўзёғмойсаноати” уюшмаси 51 фоиз улуши давлатга қарашли бўлган ёғ-мой комбинатларининг аҳволи оғирлашгани, аксарида ишлаб чиқариш тўхтаб, ишчилар маошсиз қолганини тан олди.



Жиззах вилоятидаги “Бўстон олами" ёғ-мой корхонаси раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, бу ташкилотда иш бир ой олдин тўхтаган.

Корхона маъмуриятининг ўзини таништирмаган расмийси, бунга чигит нархининг март ойидан кескин ошганини сабаб қилиб келтирди:

“Чигит 5500 - 5700 сўмга чиқиб кетди. Бизнинг заводда бунақа нархда чигит олишга маблағ йўқ. Шу боис, завод 1 ойдан ошди - ишламаяпти. Ишчиларга таътил бериб юборилган”.

Корхона вакилининг сўзларига кўра, Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги яна бир корхона - “Нурли Дон” ёғ-мой корхонасида ҳам ёғ ишлаб чиқариш тўхтаб қолган.

“У ерда ҳам шу муаммо - чигит қиммат. Чигитни кластерлар қимматлатиб олишди. Чунки улар хусусий тадбиркор, хоҳлаган нархини қўйяпти. Ёғ заводлари эса давлатники. Бунинг устига, бозорда пахта ёғи нархи назоратда, литрига 13 - 14 минг сўмдан оширса, прокуратура бошни қотиради”, - деди Жиззахдаги ёғ ишлаб чиқариш корхонасининг ўзини таништирмаган масъули.

Бу икки корхонадан юқори турувчи ташкилот - “Ўзёғмойсаноати” уюшмаси маъмурияти, мамлакат бозорларида ўсимлик ёғи нархи кескин ошган ва аҳоли норозилиги ортиб турган бир кезда, ёғ ишлаб чиқариш корхоналари оғир аҳволда эканини тан олди.

Уюшма мулозимига кўра, ҳозирда бу ташкилотга қарашли жами 24 та ёғ ишлаб чиқариш заводининг 12 таси давлат ҳисобида, қолганлари хусусий секторга берилган.

“Хусусий корхоналар кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ўтган. Давлат ҳисобидаги корхоналар эса кластерлар етиштириб бераётган чигитга қараб турибди. Лекин бу йил нарх фавқулодда ошиб кетгани учун, аксар корхоналаримизда иш тўхтаб қолди. Ҳадемай чигит тугайди ва сезон тўлиқ тўхтайди”, - деди уюшманинг ўзини таништирмаган вакили.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда бир йилда 270 минг тоннага қадар чигит сотувга чиқарилмоқда, уруғлик чигит эса бундан айри. Сўнгги йилларда чигит етказиш кўлами пасайган:

“Аваллари 320 минг тонна чигит етказиларди. Ҳозир ҳажм озайган. Бунинг устига, ёғ-мой заводларига, ишлаб чиқариш қувватига кўра чигит етказиб беришда квота ажратилар эди. Завод олдиндан пулини тўларди ва мавсумда чигитни давлат белгилаган нархда оларди. Яъни сифатли пахта ёғи ишлаб чиқаришда узилиш бўлмасди. Ҳозир чигит савдоси ва унинг нархи, тўлиғи билан хусусий сектор ихтиёрида. Бошқа тарафдан, бу бозор иқтисодиёти, кластерлар ўзи етиштирган маҳсулотга ўзи нарх белгилашга ҳақли. Аммо пахта ёғининг нархини сунъий равишда паст ушлаб туриш ҳам ёғ корхоналарининг ишини оғирлаштиряпти. Биз буни раҳбарларга айтганмиз”, - деди уюшма вакили.

Аммо пахта етиштираётган айрим кластерлар чигит нархи, бунинг ортидан бозорларда пахта ёғининг ортиши ёки ёғнинг танқислашишига ўзлари масъул эмаслигини таъкидламоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятидаги кластерлардан бирининг ҳисобчиси нарх-наво бутун дунёда ошиб бораётгани, бу эса ўзи-ўзидан чигит нархида ҳам акс этаётганини тушунтиришга уринди:

“Чигит нархи фақат кластерлар ўз жиғилдонини ўйлагани сабабидан ошгани йўқ, буни бир билиб олайлик. Биринчидан, ўтган йили чигит кам бўлди, чигитга қурт тушиб кетди. Иккинчидан, фақат ёғмас, ҳамма нарсани нархи ошди - энергоресурслар, ҚҚС солиғи ва ҳоказо. Бу ёғи пандемия, чекловлар, карантинлар бўлди. Бунинг устига, нархни биз оширмаяпмиз, нарх биржада ошяпти - чунки, талаб ва таклиф ишлаяпти-да. Ҳозир мини ёғ заводлар кўпайиб кетган ва ҳозирги сезонда, айниқса бизникига ўхшаган вилоятларда чигитга талаб ошган”, - деди Бухородаги кластер хўжаликларидан бирининг ҳисобчиси.

Жиззахдаги ёғ-мой комбинатларидан бирида ишлайдиган ҳисобчига кўра, агар чигитнинг бугунги нархи билан ёғ ишлаб чиқарилса, унда пахта ёғининг нархи бир баробарга ошади:

“Ҳозир 5 литрлик пахта ёғи 70 минг, нари борса 75 минг сўм. Хўп, агар завод 5500 сўмга чигитни сотиб олса, унда 1 литр пахта ёғининг нархи 23 минг сўмга чиқиб кетади - буни халқ ололмайди. Шунинг учун, заводлар мажбур ишсиз ўтирибди”.

Ўзбекистонда май ойи охирларига бориб, захирадаги чигит тугайди, маҳаллий пахта заводларда пахта ҳам қолмайди. Шу билан пахта ва ёғ заводларининг иши ёзги мавсумда тўхтайди.

Расмийлар бу йил иш мавсуми эрта - март ўрталаридан тугагани, бу вазият нафақат бозордаги нархлар, балки бу корхоналарда ишлаётган минглаб ишчиларнинг ҳаётини ҳам оғирлаштирганини тан олмоқда.

Исмини айтмаслик шарти билан вазиятни изоҳлаган тошкентлик молиячига кўра, шу кунда бозорда пахта ёғи ва заводларда чигит муаммосининг юзага келгани, пахта етиштириш ва ундан олинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш секторидаги зиддиятли вазиятга боғлиқ:

“Пахта етиштириш соҳаси тўлиқ кластерга берилди. Кластер - хусусий сектор, хоҳлаган нархини қўяди. Лекин бозорда ёғнинг нархини нега прокуратура назорат қиляпти унда? Завод зарарига ёғ ишлаб чиқариб сотмайди-ку?! Натижада заводлар тўхтаб қолди, пахта ёғи танқислашди, ишчилар ойликсиз қолди. Аслида, шахсан мен пахта ёғи истеъмол қилмайман. Мен учун бу вазиятдаги ягона ечим - хориждан келадиган ўсимлик ёғининг эркин савдосини очиш, айниқса, ёғни монополиянинг қўлидан олиш керак. Писта ёғи эркин кириб келишни бошласа, нархи тушса, пахта ёғи атрофидаги ажиотаж ҳам тўхтайди. Мен ҳеч тушунмайман, буни бажариш учун ҳукуматга ким халақит қилади?!”

Шу йилнинг 23 апрель куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида, раис Танзила Норбоева аҳолида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса ёғ нархининг ошишига норозилик кучайиб бораётганини тилга олганди.

Бозорлардаги нархлар масаласи алоҳида муҳокама қилинган йиғилишда Норбоева ижтимоий тармоқларда акс этган норозликни алоҳида таъкидларкан, бош прокуроридан нарх-наво назоратга олишни сўради.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғига бир йиллик эҳтиёж 650-700 минг тонна экани, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқара олиши айтилади.

Аммо жорий йил, 29 январь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси 41-сонли қарори билан 529 турдаги импорт товар ва хизматларини давлат харидлари сифатида сотиб олишга чеклов ўрнатилди.

Бу маҳсулотлар рўйхатида шу кунда бозорда нархи жуда юқори бўлиб турган кунгабоқар, пахта, зайтун ва арахис ёғлари киритилган.

Шу боис бирламчи истеъмол товарлари импортига чекловни бекор қилиш ва бу соҳани эгаллаб олган монопол ширкатларга зудлик билан барҳам бериш чақириқлари янграмоқда. Акс ҳолда, иқтисодчиларга кўра, аҳвол бундан ҳам оғирлашиши мумкин.

Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

XS
SM
MD
LG