Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Ўзбек муҳожири: Мени калтаклаган полициячиларнинг жавобгарликка тортилгани дарс бўлди


23 яшар Сирожиддин Қуронбоев полициячилар устидан шикоят қилган
23 яшар Сирожиддин Қуронбоев полициячилар устидан шикоят қилган

Россия Тергов қўмитасининг Томск вилоят бошқармаси Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган полиция ходимига жиноят иши очгани, зўравон полициячи аллақачон маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатлашган жабрланувчи 23 яшар Сирожиддин Қуронбоев уни таҳқирлаган полициячилар осон қутулишига ишонса-да, бундан буён улар меҳнат муҳожирлари билан муомалада эҳтиёт бўлишларини таъкидлади.

Россия Тергов қўмитаси Томск шаҳри миграция бўлимида ишловчи полиция ходимига нисбатан жиноят иши очганини эълон қилди.

Озодлик Радиоси Тергов қўмитанинг Томск вилоят бўйича бошқармасидан олган маълумотга биноан, полициячи ўзбекистонлик муҳожир калтакланган ва ҳақорат қилинган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганидан кейин жавобгарликка тортилган.

- Интернет тармоғида пайдо бўлган хориж фуқаросига нисбатан Томск миграция марказида қилинган зўравонлик устидан Томск вилоят Тергов қўмитаси органлари текширув олиб борди ва полиция ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатди, дейилади расмий жавобда.

Терговчилар ўзбек муҳожирини урган ички ишлар ходимига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 286 моддаси 3 қисми “а” банди (зўравонлик ишлатиш ёки уни қўллаш билан таҳдид қилиш орқали ўз ваколатлари доирасидан чиқиш) асосида жиноят иши очди.

Маълум бўлишича, полиция ходимига нисбатан ички текширув ишлари олиб борилган ва унга бажараётган ишига лойиқ эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш берилган.

Озодлик ўз манбаларидан жиноятда айбланаётган полициячилар Андрей Алексеев ва Стасов Максим ўз лавозимида ишлашда давом этаётганини аниқлади.

Шу йилнинг 27 апрель куни Томск шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Миграция бўлимига ўз танишининг ҳужжатларини расмийлаштириш учун олиб келган ўзбекистонлик Сирожиддин Қуронбоев полиция ходимлари босимига учраган эди. Сиржиддиннинг қўл телефонига олган видеоси тармоқларда кенг тарқалди ва жамоатчилик норозилиги кўтарилишига сабаб бўлди.

Видеода юзига ниқоб тортиб олган формадаги шахс қўпол тарзда бу йигитдан паспортдан ташқари ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилаётгани, рад жавобини олиб полициячи ўзбек муҳожирини бошқа мигрантлар кўз ўнгида калтаклаётгани акс этганини кўриш мумкин.

Озодлик саволларига жавоб берган 23 яшар хоразмлик Сирожиддин Қуронбоев ўша куни полицияда бўлган ҳодиса тафсилотларини сўзлаб берди:

- Ўша куни танишимни паспортини полицияга бериб чиқиш керак бўлиб қолди. Чиқиб келаётган эдим, орқамдан бир одам келиб мендан документ сўради. Паспорт билан вақтинчалик яшаш муҳрини кўриб, қўлимдаги машина калитини кўриб қолди. “Сенда машинанг борми? Унда ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам кўрсат!”, деди.

Мен унга паспортни кўрсатганим етарли бўлса кераклиги, у ГИБДД ходими эмаслигини тушунтирмоқчи эдимки, у қўполлашишни бошлади. У одам видеодаги маскадаги йигитни мен билан юборди. Шунда мен видеони уладим. Қолганини видеода кўрган бўлсангиз керак. Улар шу гувоҳномани одамга ўхшаб сўраганда - берардим, Россияда олинган ҳақиқий ҳайдовчилик рухсатномаси, деди Сирожиддин.

Суҳбатдошнинг айтишича, у полиция ходимларининг бу ҳатти-ҳаракатларидан ғазабланган ҳолда полиция бўлимига бориб, шикоят ёзган.

Аниқланишича, полициячилар у тасвирга олган видеони ўчиртириб юборишни талаб қилган, бироқ хоразмлик муҳожир уйга бориб видеони қайта тиклаб олган ва интернетга юклаб қўйган.

Сирожиддин олий маълумотли экани, маҳаллий олий ўқув юртининг ирригация факультетини механика йўналиши бўйича битиргани, аммо ўз мутахассислиги бўича иш тополмасдан, ҳозирча такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаётганини билдирди.

Ҳозирда Россияда вақтинчалик яшаш гувоҳномасини (РВП) олган Сирожиддин Томскда рус гражданлигини олишни ва ўз мутахассислиги бўйича ишлаш истагида эканини ҳам маълум қилди.

Суҳбат охирида хоразмлик муҳожир йигит полиция ходимларига нисбатан бирор жиддий чора кўрилишига ишонмасада, унинг ҳақ талаб қилиши бошқаларга ўрнак бўлиши мумкин, дейди:

- Ўша полициячи мени олиб кирган хонада, кўрган бўлсангиз, бир гуруҳ ўзбеклар бор эди. Улар индамасдан қўрқиб утирган экан, мени ураётганини кўриб бирортаси ғинг демаганига ачиндим. Полиция барибир ўзиники - бунда менинг ютиб чиқиш имкониятим жуда кам. Ички текширув бўлибди - “Ундай қилма бошқа!” деган маънода танбеҳ беришибди, холос. Мендан биров кечирим ҳам сўрамади. Аммо у зўравонларни ҳам бир ҳафтадан ортиқ тергов бўлимига судрашганини ўзи уларга дарс бўлди! Бу ҳолатни кузатган юртдошларимиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун охиригача курашишларини тавсия қилиб қоламан.

Маҳаллий ахборот воситаларида ўзбек мигрантини калтаклаган полициячи ўз зўравонлигини “ҳис-ҳаяжон устида” қилгани, “кун давомида ишлаб чарчагани” билан изоҳлаганини кўриш мумкин.

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мазкур воқеага муносабат билдириб, “ҳар томонлама ва объектив текширув ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Элчихонаси ҳамда Агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан Россиянинг ваколатли идораларига тегишли сўровномалар юборилгани” тўғрисида хабар берди.

XS
SM
MD
LG