Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:43

Қоидабузарларнинг уловлари жарима майдонига олинаётгани норозиликка сабаб бўлмоқда


Ўзбекистонда карантин даврида 5 мингга яқин машина жарима майдонига олинган.
Ўзбекистонда карантин даврида 5 мингга яқин машина жарима майдонига олинган.

Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганларнинг уловлари карантин муддати тугагунга қадар жарима майдонларига киритиб қўйилаётгани, баъзи ҳолатларда эса, ҳайдовчиларнинг ўзларига ҳам маъмурий жазо қўлланилиб, қамаб қўйилаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ҳайдовчилар ва уларнинг адвокатлари Ўзбекистоннинг амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси талабларига асосан фуқароларнинг автомобилини ушбу кодекс 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун вақтинча ушлаб, жарима майдонига киритиб қўйиш ғайриқонуний эканини айтишади.

Маъмурий кодекснинг 54-моддасида эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун машиналарни жарима майдонига олиниши ҳақда айтилмаган.

Ички ишлар вазирлигининг Йўл-патруль хизмати ходимлари эса, ҳукумат комиссиясининг 2020 йил, 4 апрелдаги қарори асосида махсус рухсатномасиз рулга ўтирган ҳайдовчиларининг уловларини жарима майдонига олмоқда.

Вазирлик расмий сайтида келтирилишича, шу ой бошидан буён карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган олти мингга яқин автотранспорт воситалари аниқланиб, шулардан 3930 таси жарима майдонига олинган.

Андижоннинг Избоскан туманилик 35 ёшли ҳайдовчи 21 апрель куни Озодлик билан суҳбатда карантин талабларини бузиб, махсус руҳсатномасиз машина ҳайдагани учун 9 миллион сўмлик жаримага тортилгани, машинаси карантин муддати тугагунга қадар жарима майдончасига олинганини айтди:

9 миллион штраф ҳам ёзишди. Буни устига карантин тугагунга қадар машина жарима майдонида қолади, дейишяпти.

- Булар ҳукуматни қарорини пеш қилиб, машиналарни арест қилишяпти. 9 миллион штраф ҳам ёзишди. Буни устига карантин тугагунга қадар машина жарима майдонида қолади, дейишяпти. У ерда туриши кунига 15 минг сўмдан бўлади. 10 майгача карантин бўладиган бўлса қанчага тушишини ҳисоблайверасиз. Лекин, 54-моддада машина арести ҳақида гап йўқку, десак, ҳукумат қарори бор, дейишади. Машинани карантин тугагунгача қолдириш ҳақида қайси ҳужжатда айтилган, деса жавоб беришолмайди.

Бухорода қоидабузар 7 кунга қамалди

Бухоронинг Вобкент туманида эса карантин қоидаларини бузган ҳолда машина бошқарган 42 ёшли тадбиркор Исмат Жумаевнинг машинаси жарима майдонига олиниб, ўзи 7 кунга қамалди.

Бухоролик тадбиркор Исмат Жумаевни 7 кунга қамаш ҳақидаги суд қарори
Бухоролик тадбиркор Исмат Жумаевни 7 кунга қамаш ҳақидаги суд қарори

Қариндошлари иддаосича, тадбиркор юзида ниқоб йўқлиги учун тўхтатган йўл-патруль хизмати ходимлари билан тортишган. маъмурий кодекснинг 54-моддаси ёнига 183-модда, яъни майда безорилик, жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкинишда айблаб қамашган, машинасини жарима майдонига олишган.

- Уни махсус руҳсатномаси бор, лекин юзингда ниқобинг йўқ, деб тўхтатишган. Рулда ўтирган пайтда ниқобни нима кераги, бор деса, орқа сидения нега олинмаган, орқа эшик нега печатланмаган, деган. Буни жаҳли чиққан. Безориликни қўшиб, 7 суткага қамаворишди. Ҳозир рухсатномаси борларга йўлда йўловчи олмасин, деб орқа сиденияни олдиришяпти, орқа эшикларни печатлашяпти. Орқа сидения олинса машина носоз ҳисобланадику. Носоз машина ҳайдаш ҳам қоидабузарликку, ЙПҲ ходимларидан бу ҳақда сўрасангиз тушунтириб беролмайди, ўртада жанжаллар келиб чиқяпти, - дейди 7 кунга қамалган бухоролик тадбиркорнинг қариндоши.

Маъмурий ишлар бўйича Вобкент тумани суди биноси.
Маъмурий ишлар бўйича Вобкент тумани суди биноси.

Ўзбекистондаги "Lawyer's Shield" адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Хусниддин Аҳмедовнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Маъмурий кодексининг 54-моддасида транспорт воситаларини карантин даврида ушлаб туриш ҳақида айтилмаган:

54-моддада машинани жарима майдонига олиш йўқ. Бухородаги холатда милиция ходими билан тортишгани учун майда безорилик бандини қўшиб ҳайдовчини қамашяпти,

- Булар карантин қоидасини буздинг, деб ҳукумат қарорини пеш қилишяпти, лекин 54-модда бўйича ҳужжатларни ёнига бошқа моддаларни қўшиб расмийлаштиряпти. Ҳукуматни қарори қонуности ҳужжат. Қонунда эса, яъни 54-моддада машинани жарима майдонига олиш йўқ. Бухородаги ҳолатда милиция ходими билан тортишгани учун майда безорилик бандини қўшиб ҳайдовчини қамашяпти, машинасини жарима майдонига олишяпти.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясининг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида йўл-патруль хизмати ходимлари карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлиги белгиланган.

"Уйда қолинг!" баннерларини Ўзбекистонда автомобил йўлларида ҳам кўриш мумкин.
"Уйда қолинг!" баннерларини Ўзбекистонда автомобил йўлларида ҳам кўриш мумкин.

Йўл-патруль хизмати ходимлари айнан шу қарордан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштирилишини қонуний деб ҳисоблашади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида келтирилишича, шу ой бошидан буён карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган олти мингга яқин автотранспорт воситалари аниқланиб, шулардан 3930таси жарима майдонига олинган.

"Фуқаролар турмушини янада мураккаблаштириш тўғрими?"

Айни пайтда рухсатномасиз юрган машиналарнинг жарима майдончасига олинаётганига Олий Мажлиснинг айрим депутатлари ҳам эътироз билдириб чиқди.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Facebook саҳифасида карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилиши ноқонуний эканлиги айтган.

Масъуллардан яна бир бор талаб қиламан: қонун талабларини бузманг ва автомобилларни эгаларига қайтариб карантин тугагунга қадар ўз хонадонларида сақлашларини сўранг.

"Ким нима дегани билан қонун барибир қонун, ҳақиқат эса букилса ҳам синмайди. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига асосан фуқароларнинг автомобилини ушбу кодекс 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун вақтинча ушлаб жарима майдонига тиқиб қўйиш ғайриқонунийдир. Масъуллардан яна бир бор талаб қиламан: қонун талабларини бузманг ва автомобилларни эгаларига қайтариб карантин тугагунга қадар ўз хонадонларида сақлашларини сўранг, - деб фикр билдирди Кушербаев.

Олий Мажлиснинг бошқа бир депутати Қодир Жўраев эса карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолган фуқароларни турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри?, деган саволни ўртага қўйди.

Биз гайкани ҳаддан ташқари бураб қўймаяпмизми? Шундоғ ҳам карантиндан қийналаётган фуқароларимизга бу жуда оғирлик қилмайдими?!

"Биз гайкани ҳаддан ташқари бураб қўймаяпмизми? Шундоғ ҳам карантиндан қийналаётган фуқароларимизга бу жуда оғирлик қилмайдими?! Албатта, карантин шароитида касаллик оммавий тарқалмаслиги учун биз қаттиққўл бўлишимиз керак, лекин меъёрни (ҳам ҳуқуқий ва ҳам инсоний маънодаги меъёрни) унутмаган ҳолда!" , - деб фикр билдирди Қодир Жўраев ўзининг Facebook саҳифасида.


Айни пайтда Ўзбекистонда велосипед ва мотоцикллар ҳаракатининг ҳам тўхтатилиши сабабли одамлар бозорга боролмай қолганини айтишади.

- Озиқ-овқатга қандай чиқамиз? Одамлар пиёда юриб қайтанга кўпроқ бир жойга тўпланяпти, - дейди андижонлик ҳайдовчи.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси коронавирусга қарши кураш бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам фавқулодда қаттиққўллиқ билан курашишни тақозо қилаётганини айтди.

- Мана Европада кўряпсиз, карантинни бузганлар бир неча минг еврога штраф қилиняпти, қамаляпти ҳам. Қаттиқ қўл бўлмаса одамлар буни хавфини тушунмайди. Ҳозир энг муҳим вазифа шу коронавирус балосидан эсон-омон чиқиш, - дейди агентлик расмийси.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан мамлакатда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

XS
SM
MD
LG