Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Бойсунда коллеж ўқувчиси осилган ҳолда топилди. Курсдошлари ўлимни ҳақорат оқибати демоқда


Сўнгги олти ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.
Сўнгги олти ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Қишлоқ хўжалиги ва транспорт коллежи ўқувчиси уйи молхонасида осилган холда топилди.

24 сентябрь куни рўй берган ушбу фожиа ҳақида Озодликка хабар қилган курсдошларининг иддаосига кўра, ўқувчи коллеж раҳбарларининг ҳақорати ортидан ўзини осган.

Коллеж раҳбариятидан воқеа юзасидан изоҳ олиб бўлмади. Воқеани ўрганган туман ҳокимлиги расмийси суриштирув кетаётганини билдириш билан чекланди.

Бойсун туман прокуратураси 18 ёшли коллеж ўқувчисининг ўлими юзасидан терговолди суриштируви олиб борилаётганини Озодликка маълум қилди.

Бойсун туманининг Газа маҳалласида жойлашган Қишлоқ хўжалиги ва транспорт коллежининг ўқувчиси А.К. 24 сентябрь куни уйи молхонасида осилган ҳолда топилди.

Курсдошларининг Озодликка даъво қилишича, бола коллеж раҳбарияти томонидан ҳақоратланганидан сўнг ўз жонига қилган.

Бу ҳақда марҳумнинг курсдошларидан бири Озодликка буларни айтди:

“Ўша кундан (ўқувчи осилган ҳолда топилган кундан - таҳр.) бир кун олдин коллеждан чиқиб, уйга кетаётган эдик. Биз билан бирга ўқийдиган қиз курсдошимиз олдинроқда кетаётганди. Шу пайт марҳум дўстимиз қиз тарафга тош отди, ёмон ниятда эмас албатта. Лекин, қиз бақир-чақир қилди. Қизнинг отаси ўртага тушиб, "коллежингга бориб шарманда қиламан" деди. Бола кечирим сўради, лекин отаси тушунмади. Эртаси куни дўстимизни коллеж директори хонасига чақиртириб, руҳан эзишган, оёғингда пайпоғинг ҳам йўқ, деб камситишган. Дўстимиз директор хонасидан чиқиб, бошини ушлаб йиғлаб ўтирди. Шу куни кечқурун уй молхонасига ўзини осганини эшитдик".

Марҳумнинг курсдошлари ижтимоий тармоқларга видеоролик ҳам чиқариб, туман ҳокимлиги ва тегишли идоралардан воқеани обдон текширишни талаб қилганлар.

- Биз тегишли идораларга шикоят қилдик, лекин натижа бўлмади. Биз ҳаммани бу воқеага бефарқ бўлмасликка ва текширув ўтказишга чақирамиз, - дейилади видеороликда.

Озодлик коллеж ўқувчисининг ҳақоратлангани ортидан ўзини осгани ҳақидаги иддаолар юзасидан у ўқиган ​Қишлоқ хўжалиги ва транспорт коллежи раҳбариятидан изоҳ ололмади.

Бойсун туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Ўрал Муродов ўқувчи ўзини осгани масаласини коллеж раҳбарияти билан муҳокама қилганини айтди:

- Мен ўргандим буни. У ерда ўзини осадиган даражада ҳеч нарса бўлмаган. Бир кун олдин бу бола қўшнисининг қизини ҳақорат қилган экан, оёғига тош отиб кўкартириб қўйган экан. Шунга ота-онасини чақиртиришган, қўшниси билан яраштиришга уринишган холос. Кечқурун эса бола молхонасига бориб ўзини осяпти. Ҳозир суриштирув давом этяпти, нима бўлгани шу суриштирув якунида маълум бўлади.

Бойсун туман Ички ишлар бўлими ходими коллеж ўқувчисининг ўлими юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини Озодликка маълум қилди.

Озодликка келаëтган хабарлардан¸ Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кўпайиб бораëтгани кўрилади.

Сўнгги олти ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.

Шу йилнинг 17 сентябр куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 4-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси уйи айвонида осилган ҳолда топилди.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ қизнинг отаси Россия¸ онаси эса Бирлашган Араб Амирликларига ишлашга кетган, қиз эса бувисиникида яшаган.

9 апрель куни Озодлик Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 16-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўзини осгани ҳақида хабар берган эди.

Шу ой бошида Озодлик Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йил октябридан буён “бир неча ўн ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилган”ини аниқлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрдаги ҳукумат мажлисида мамлакатда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётганини айтганди.

Жорий йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG