Ўзбекистон Исломий Ҳаракати тузилганига қарийб йигирма йил бўлди. Бу гуруҳ Марказий Осиёдаги энг ашаддий террорчи гуруҳ, дея танилганига ўн йилдан ошди. Бу вақт ичида Ўзбекистондан минглаб километр узоқда Покистоннинг Вазиристон минтақасида ЎИҲ катта ўзгаришларни бошдан кечирди.
Ўзбекистон исломий ҳаракати Тошкент режимини ағдариб Ўзбекистонда исломий давлат ўрнатишни мақсад қилган кичик жанггари гуруҳ бўлмай қолганига анча бўлди. Бугун бу гуруҳ Жанубий ва Марказий Осиё минтақасида ўз олдига каттароқ мақсадларни қўйган ва ҳаракатлари кўлами анча қулоч ёйган тузилмага айланиб бўлди.
Сўнгги ойларда ЎИҲ ёки унга алоқадор гуруҳлар Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида рўй берган зўравонликларда иштирок этагани, Европадаги террорчи фитналарга алоқадорлигига оид хабарларнинг пайдо бўлгани бунинг тасдиғидир. Бундан ташқари, баъзи экспертлар ЎИҲ Марказий Осиёда куч тўплаётгани ва Афғонистон шимолида янги истеҳкомларни яратаётганини тахмин қилмоқда.
Бундан ўн йил аввал ЎИҲнинг кенг қулоч ёйишини ҳеч ким кутмаган эди.
2000 йилда ЎИҲ Афғонистонга ўтиб, Аҳмад Шоҳ Маъсуд етакчилигидаги Шимолий Альянс кучларига қарши курашаётган Толибон ҳаракатига қўшилади ва толибларнинг ҳокимият тепасига келишига ҳисса қўшади. 2001 йилнинг ноябрида бошланган АҚШ истилоси пайтида эса ЎИҲ деярли йўқ қилинади. Ҳаракатнинг қолдиқлари қўшни Покистонга ўтиб кетиб, қабилалар назоратидаги Вазиристон минтақасидан паноҳ топади.
Ўшандан кейинги дастлабки йилларда Вазиристон тоғларида яширинган ЎИҲ ҳақида деярли хабарлар бўлмади. Унинг минглаб аъзолари Ал-Қоида, Покистондаги Толиблар ва бошқа жиҳодчи гуруҳларга қўшилиб кетди.
2008 йилнинг феврал ойида Пешовар шаҳри яқинидаги Шабқадар туманида содир этилган ҳуруж Ўзбекистон Исломий Ҳаракати яна майдонга қайтаётганидан биринчи дарак бўлди.
Бу ҳужумнинг асосий нишони бўлган дунёвий қарашлардаги паштун сиёсатчиси Афросиёб Хаттак омон қолади. Лекин у нутқ сўзлаётган пайтда тўпланганларнинг 25 нафари ҳалок бўлади.
Бугун Авамий Миллий патияси етакчиси ва сенатор Хаттак ҳукумат ўтказган тергов натижалари ҳужумни ЎИҲга алоқадор ҳудкуш амалга оширганини кўрсатди, дейди. У етакчилик қиладиган партия бошқарувидаги вилоят ҳукумати 2009 йилда Сват водийсида ўтказилган ҳарбий амалиёт пайтида марказий-осиёлик жанггариларни қўлга олган ва ЎИҲнинг Покистондаги фаолияти кенгаяётганига қўшимча далил келтирган эди.
Хаттакнинг айтишича, ЎИҲ ва ундан ажраб чиққан гуруҳлар Ал-Қоида билан қоришиб кетган ва қабилалар минтақасида фаол ҳаракат қилади.
- Ал-Қоида етакчилари араблар бўлса-да, унинг лашкарлари асосан Марказий Осиёдан чиққан жанггарилардан иборат. Улар орасида ўзбеклар ва Россиянинг жанубий минтақаларидан бўлган мусулмолар, хусусан чеченлар бор. Бу уларнинг кўпчилиги мазкур минтақада кўп йиллардан бери яшаб келяпти, дегани эмас, улар Марказий Осиёдан янги жанггариларни ёлламоқда. Бу ердан улар Афғонистон шимолига ўтади ва Марказий Осиё ичкарисида ҳужумларни уюштиради.
Бугун ЎИҲ сафларида унинг асосичиларидан бири йўқ. Шу йилнинг ёзида ЎИҲ ўз етакчиси Тоҳир Йўлдош ўтган йили АҚШ амалга оширган ҳаво ҳужумида ўлдирилганини тан олди. Унинг ўрнига куёви Усмон Одил ҳаракат етакчиси, этиб тайинлангани айтилди, бироқ бу маълумот бошқа манбалардан тасдиқланганича йўқ.
Покистонлик таниқли журналист ва террорчилик мавзусидаги бир нечта китоб муаллифи Аҳмад Рашид ЎИҲ бугун ягона ташкилот, деб кўрилмаслиги лозим дейди. Чунки у бошқа жанггари гуруҳлар билан қоришиб кетган ва олдига қўйган мақсадлари ҳам каттароқдир.
- Афтидан бир нечта ходиса рўй берди. Биринчидан ЎИҲ бир неча гуруҳга бўлиниб кетди. Ҳозирда минтақада ЎИҲдан ажралиб чиққан бир нечта гуруҳ, жумладан Исломий Жиҳод Иттифоқи ва Марказий Осиё Толиблари каби гуруҳлар ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Бу гуруҳлар нега ажраб чиққанини аниқ айтиш қийин, лекин буни Ал-Қоида мазкур гуруҳларни назорат қилиш мақасдида ташкил қилганини тахмин қилиш мумкин, дейди журналист.
ЎИҲ ёки унга алоқадор гуруҳлар Ўзбекистон ёки ҳорижда рўй берган бир нечта ҳужумларда айбланди.
2009 йил май ойида Андижон вилоятида содир этилган ҳужумлар ортида Исломий Жиҳод Иттифоқи тургани айтилди. Бундан ташқари, Европа давлатларида Мумбайдаги каби ҳуружлар фитнаси фош этилганида ҳам айни гуруҳ номи матбуот сарлавҳаларига чиқди. Бу воқеалардан кейин Шимолий Вазиристонда Исломий Жиҳод Иттифоқининг ўндан ортиқ етакчиси АҚШ учқичларидан қилинган ҳужумларда ўлдирилди.
Жорий йил сентябрида Тожикистон шарқида ҳукумат қўшинлари пистирмага учраб, 30га яқин аскар ҳалок бўлди. Тожикистон расмийлари бу ҳужумда ЎИҲни айблади. Кўп ўтмай жанггари гуруҳнинг ўзи ҳам ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Сентябр ойида Тожикистоннинг Хўжжанд шаҳрида ички ишлар бошқармаси биносига яна бир худкуш ҳужуми уюштирилди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни ЎИҲга алоқадор Жамоат Ансаруллоҳ ўз зиммасига олди. Бу гуруҳнинг номи шу пайтгача ҳеч кимга маълум бўлмаган.
Тожикистон расмийлари мамлакат ҳудудидаги жанггариларга қарши ўтказилган амалиётларда ЎИҲнинг Афғонистон шимолидан ўтиб келган кўплаб аъзоларини йўқ қилганини иддао қилди. Афғонистоннинг ўзида ҳам ЎИҲ жанггарилари масъул, деб кўрилган ҳужумлар сони ошиб бормоқда.
Журналист Аҳмад Рашиднинг фикрича, 2005 йилнинг 13 май куни Ўзбекистон ҳукумат қўшинлари Андижонда юзлаб, балки минглаб намойишчиларни ўлдиргани ЎИҲ ва жиҳодчи ҳаракатлар учун ўз сафларига янги лашкарларни ёллашини осонлаштирган. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонни туташтирувчи Фарғона водийсининг энг йирик шаҳри Андижонда рўй берган қатлиом бутун минтақада акс садо берди ва қонли воқеалардан кейин Марказий Осиёдан кўплаб мусулмонлар Покистонга келиб, ЎИҲ сафларига қўшилди, дейди таҳлилчи.
Бу ерда “улар турли кучлар, жумладан Покистон Толиблари, Афғонистон Толиблари ва Ҳаққоний Гуруҳи сафларида жанг қилмоқда. Улар Покистоннинг қабилалар минтақасидаги ички низоларда ҳам иштирок этиб, тажриба орттирмоқда” , дейди Аҳмад Рашид.
Расмий Исломобод учун марказий-осиёлик жанггариларнинг Покистон ҳудудидан паноҳ топгани Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда қийинчиликларни туғдирмоқда. Покистоннинг иқтисодий ривожи учун муҳим ҳисобланган бу давлатлар жанггариларнинг ўз ҳудудларига ўтиб келишидан ҳадиксирамоқда, дейди таҳлилчилар.
Марказий Осиё ҳукуматлари ўтмишда ЎИҲ ва бошқа жиҳодчи гуруҳларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган. Лекин уларнинг ҳеч бири бугун жанг қилишда тажриба орттирган эски душмани билан тўқнашишни истамайди.
Покистон Президенти Осиф Али Зардорийнинг маслаҳатчиси Фарҳотуллоҳ Бабар “ҳох Ўзбекистон, ҳох Туркманистон ё Тожикистон бўлсин исломий жанггарилардан келаётган таҳдид боис Исломобод билан муносабат қилиш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашади”, дейди.
Бабарнинг айтишича, Исломобод бу таҳдидни бартараф қилиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Лекин чегараларни қўриқлаш ва коррупцияга оид муаммолар боис, бунинг уддасидан чиқиш қийин.
- Ҳал этилиши лозим бўлган энг асосий масала жанггариларнинг ҳаракатлари ва уларнинг молиявий манбалари устидан назорат ўрнатилишидир. Улар қаердан пул олади? Бизнинг фикримизча, уларнинг асосий даромади наркотиклар савдосидан тушадиган пуллардан иборат. Шу боисдан жанггариларни изоляция қилиш ва уларнинг бемалол ҳаракатланишига йўл қўмаслик учун наркотиклар савдоси тўхтатилиши ва чегараларни қўриқлаш ишлари кучайтирилиши лозимдир, дейди Покистон президенти маслаҳатчиси.
Журналист Аҳмад Рашид Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва унга алоқадор гуруҳлар кучаяётганининг асосий сабаби ҳукуматларнинг заифлигидадир, деган фикрда.
- Тожикистонда қашшоқлик кўлами ошаётгани, давлат секторининг таназзулга учрагани ва миграция оммавий тус олаганини кўриб турибмиз. Қирғизистондаги сиёсий бўҳроннинг охири кўринмаяпти. Ўзбекистондаги режим эса репрессивлигича қолмоқда ва давлатнинг келажаги жуда мавҳумдир. Бу давлатлар жуда заиф ва ўта беқарордир, дейди покистонлик таниқли журналист Аҳмад Рашид.
Мавзуга оид мақолалар-Тоҳир Йўлдош
Мавзуга оид мақолалар
"Шаҳидлар рўйхати"да Тоҳир Йўлдош йўқ
Тоҳир Йўлдош ўлими юзасидан раддия келди
Тоҳирсиз жиҳод
"Тоҳир Йўлдош ўлими 100 % тасдиқланмади"
Максим Шевченко: Ўзбекистон кун сайин беқарорлашмоқда
Қундузда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ушланди
Ҳайит табриги аслми¸ сохта?
Тоҳир Йўлдош яна "тилга кирди"