Президент Каримов рафиқасининг жияни ҳибсга олингани айтилмоқда

Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдисини бошқариб келган йирик тадбиркор Акбарали Абдуллаев ҳибсга олингани хабар қилинди. Президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг жияни бўлган Акбарали Абдуллаев молиявий жиноятларда айбланаётгани айтилмоқда.
Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдисини бошқариб келган йирик тадбиркор Акбарали Абдуллаев ҳибсга олингани хабар қилинди. Президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг жияни бўлган Акбарали Абдуллаев молиявий жиноятларда айбланаётгани айтилмоқда.

"Президент қариндоши ҳибсга олинди"

Бир пайтлари Фарғона водийсидаги бизнес тизимининг аксар қисмини ўз назоратига олган Акбарали Абдуллаевнинг 10 октябр куни ҳибсга олинганини Фарғона вилоят прокуратурасидаги манба Uznews.net сайтига тасдиқлаган.

Озодликнинг Фарғонадаги манбаси эса ўтган ҳафта охирида халқ орасида "Президент ўзининг қариндоши Акбарни қамоққа олгани" ҳақидаги гап-сўз пайдо бўлганини айтди.

Акбарали Абдуллаев президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг синглиси Тамара Акбаровна Собированинг ўғли бўлади.

Акбарали Абдуллаев порахўрлик, солиқларни яширганлик ва мулкни ўзлаштиришда айбланаётгани ва унинг ҳозирда Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётгани айтилмоқда.

Айни пайтда Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни Озодликка тасдиқлаганича йўқ.

Фарғонадаги мабаларимизнинг ўрганишича, Тамара Собирова оиласига яқин бўлган шахслар ҳам Акбаралининг ҳибсга олинганини тасдиқламаган.

Акбарали бизнесига қарши ҳаракат бир йил аввал бошланган

Акбарали Абдуллаев назоратида экани айтиладиган Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида ўтган йилнинг ёзида "тозалаш ишлари" олиб борилиб, бир гуруҳ мулозимлар ҳибсга олинган эди.

Озодлик мухбири ўша пайтда бу мавзуни ўрганганида завод директори Баҳодир Тоштемиров ҳам ҳибсга олинганлар рўйхатида борлигини аниқлаган эди.

Мазкур заводда 30 йилдан зиёд ишлаб, ҳозирда нафақада бўлган Исмоил Маллабоев Озодликка заводнинг ўттизга яқин мулозими ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди.

Бир йил олдинги "тозалаш" пайти мазкур завод мулозимларидан ташқари Акбарали Абдуллаев бошқарадиган гуруҳ аъзолари бўлган Содиқ ва Акбар деган ака-укалар ҳам ушланган, бироқ кейинчалик қўйиб юборилгани хабар қилинган.

"Фарғона нефт - президент яқинлари назоратида"

Ўзбекистонда кейинги йилларда бензин таъминотида муаммолар юзага келгани маълум.

Озодлик почтасига фарғоналик бир мухлисдан келган мактубда айтилишича, мамлакатдаги бензин тақчиллиги ортида маълум "жиноий гуруҳлар" турибди.

Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини мустақил таҳлил қилган мухлисга кўра, "Фарғона нефт заводи Ўзбекистон президентига яқин бўлган шахслар назоратида бўлиб, заводда коррупция ва ўғирлик ҳолатлари кўпайган".

Хат муаллифи иддаосига кўра, Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдиси президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилинади.

Президент қариндошларини ҳам “аямайди”

Акбарали Абдуллаев президент Каримовнинг ҳибсга олинган ягона қариндоши эмас.

Ислом Каримовнинг жияни 44 ёшли Жамшид Каримов 2005 йил сентябрида ҳибсга олиниб, суд қарорига кўра руҳий муолажага мажбурланган эди.

Етти йил давомида Самарқанддаги махсус руҳий шифохонада “даволанган” Жамшид Каримов ўтган йилнинг ноябр ойида озод қилинганидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Халқаро ташкилотлар Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилиб келган журналист Жамшид Каримов танқидий мақолалари учун мана шу тарзда жазоланганини айтишган.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган эди.