Тошкент шаҳар ҳокими 15-16 фераль кунлари Ўзбекистон пойтахтида умумшаҳар ҳашарини ўтказиш тўғрисида буйруқ эълон қилди. Ўзбекистонда мулк шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотлари ходимлари бепул мардикорга айлангани кузатилмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 14 февраль куни тарқатган хабарга кўра, шанба ва якшанба кунлари уюштириладиган ҳашарга Тошкентдаги барча хусусий ва давлатга қарашли корхона ва ташкилтларнинг ходимлари ҳамда пойтахт аҳолисини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Расмий хабарномада айтилишича, февраль ойининг фавқулодда совуқ ва қорли келгани боис кўчалар қор остида қолгани оқибатида коммунал хизматлар ва туман маъмуриятлари учун қийинчилик туғилган.
Тошкент кўчаларини қор ва муздан тозалаш ишларини ташкиллаштириш вазифасининг туман ҳокимликлари, маҳалла раислари зиммасига юклатилгани айтилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистонда аҳолини ихтиёрий-мажбурий тарзда ҳашарларда ишлатиш одат тусига кириб қолди. Айниқса, жорий йил қиш мавсуми фавқулодда қорли ва совуқ бўлгани сабабидан ҳатто транспорт йўлларини қордан тозалаш учун одамлар қўл меҳнатидан фойдаланилмоқда.
Озодлик Чиноз туманидаги мактаблардан бири директори билан боғланиб, ўқитувчиларнинг қор курашга чиқарилгани билан қизиқди.
Исми сир қолиш шарти билан гапирган мактаб директори 13 февраль куни ўқитувчиларнинг қор курашга чиқарилганини эътироф этди:
- Энди гапнинг очиғи, ҳокимнинг буйруғи бу. Ҳамма мактабларга, коллежларга шунақа кўрсатма бўлган. Мен ҳам ўн нафар ўқитувчини ва беш нафар техник ишчимизни юбордим. Гапнинг тўғриси, ўқитувчининг бир қилмаган иши қор кураш қолган эди. Мана катта автомобил йўлини анча тозалаб бердик. Ҳашар дейишди, ҳашар ўзи ўқитувчи учун ўйлаб топилган шекилли, деб аччиқ кулди мактаб директори.
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятлар мардикорига айланиб қолмоқда.
Озодликка мурожаат қилаëтган аксар ўқитувчилар ўз асосий касблари қолиб¸ пахтакорлик, ҳаммоллик, ҳашарчилик¸ пул йиғиш каби ишларига сафарбар этилаётганидан, металлолом ёки макулатура йиғиш ишлари ҳам ўқитувчи ва ўқиувчилар зиммасига юклаб қўйилганидан шикоят қиладилар.