Халилжон Худойбердиев “Ўш ТВ”нинг ҳақиқий эгаси деб тан олинди

"Ўш ТВ" телекомпаниясининг хўжайини Халилжон Худойбердиев.

Бироқ Ўш вилоят туманлараро судининг қарорида Худойбердиев “Ўш ТВ”нинг ягона эгаси экани тан олинганига қарамай, 2010 йилгача асосан ўзбек тилида кўрсатувлар берган мазкур телеканал давлат фойдасига мусодара қилинади, дейилган.
Ўш вилоят туманлараро суди 2010 йилгача асосан ўзбек тилида кўрсатувлар бериб келган “Ўш ТВ” телеканали Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов томонидан ноқонуний сотиб олингани ва Мелис Мирзақматов томонидан 2014 йилда ноқонуний равишда Россия фуқароси Максим Кротовга сотилгани тўғрисида икки ҳафта аввал қарор қабул қилган. Мазкур суд жараёни Ўш вилоят прокуратураси киритган даво аризаси асосида ўтказилган.

“Ўш ТВ” Қирғизистон жанубидаги энг йирик телеканаллардан бири ҳисобланар эди. 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг телеканал эгаси Халилжон Худойбердиев шаҳарнинг ўша пайтдаги мэри Мелис Мирзақматов томонидан босим остига олингани, қуролли одамларнинг таҳдиди остида “Ўш ТВ”ни Мирзақматовга ўтказиб беришга мажбур бўлганини айтган эди. Бу борада Озодлик радиосига 2011 йилнинг 24 февралида интервью берган Худойбердиев “Ўш ТВ” ноқонуний равишда Мирзақматов томонидан босиб олинганини билдирган.

Қирғизистон Адлия вазирлигининг юридик шахсларни рўйхатга олиш бошқармаси расмийси Эмир Зулпуев Ўш вилоят туманлараро суди қарори Халилжон Худойбердиевнинг иддаолари тўғри бўлганини акс эттиришини айтди:

- 2010 йилда “Ўш ТВ” бўйича қайта рўйхатга олинган ҳужжатларнинг барчаси бекор қилинди ва 1998 йилнинг 28 августидаги ҳолатга келтирилди. Телеканалнинг хўжайини Ҳалилжон Худойбердиевдир.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Халилжон Худойбердиев “Ўш ТВ”нинг ҳақиқий эгаси деб тан олинди


Бироқ суднинг қарори “Ўш ТВ” қонуний эгаси Халилжон Худойбердиевга қайтарилишини англатмайди. 2010 йил воқеаларидан сўнг “Ўш ТВ” тортиб олингач, Халижон Худойбердиев Ўш воқеаларининг уюштирувчиларидан бири сифатида айбланиб, таъқиб қилина бошланган. Шундан сўнг у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Жалолобод шаҳар суди 2011 йилнинг 28 октябрида Халилжон Худойбердиевни сиртдан Ўш воқеаларида айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилиш шарти билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ўш шаҳар прокурори Атай Шакир уулу Жалолобод суди қароридан келиб чиққан ҳолда “Ўш ТВ” давлат фойдасига муосдара қилинишини айтди:

-Прокуратура давлат манфаатини ҳимоя қилиб, судга даво аризаси киритган эди. Суд қарори билан телеканал аввалги эгаси Худойбердиевга ўтди. Худойбердиевнинг мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги суд ҳукмига асосан эса “Ўш ТВ” давлат мулкига айлантирилади.

Айни пайтда хориж давлатларидан бирида бошпана топган Халилжон Худойбердиев Ўш воқеалари юзасидан ўзига нисбатан айблов сохта эканини ва бу айбловларни тан олмаслигини билдириб келмоқда.

- Жиноий иш, деб атайдиган ишнинг ўзи йўқ. Бировни ўлдирган, қароқчилик қилган, банда ташкил қилган деган гапларнинг ҳаммаси қуруқ гаплар. Қирғизистонда яшаётган бўлсам, бир ёққа чиқиб кетиш ниятим йўқ бўлса, бола-чақам ўша ерда яшаса, ўзимнинг ишхонам бўлса қандай қилиб жиноят қилиш фикрига келаман?! Бу ерда, асосан, сиёсат ётибди, - деб билдирган эди Халилжон Худойбердиев Озодликка берган суҳбатларидан бирида.