Ўзбекистон фуқароларининг биометрик паспорт олиши кун сайин қийинлашяпти. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ИИБсининг паспорт бўлимида биометрик паспорт олиш учун фуқаролар октябрь ойининг охирига навбатга ёзилмоқда. Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида эса паспорт бериш муддати икки ойгача чўзиляпти. Расмийлар бунинг сабабини давлат персоналлаштириш маркази биометрик паспортларни тайёрлаб беролмаётгани билан изоҳламоқда.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги паспорт бўлимига биометрик паспорт олиш учун борган тошкентлик йигит Озодлик билан суҳбатда октябрь ойига навбатга ёзилганини айтди:
"Паспорт бўлимининг олдида тумонат одам. Биометрик паспорт олиш учун бармоқ излари ва суратга тушиш учун одамлар 17 октябрга навбатга ёзилаётган экан. Бошлиқлардан кириб сўрасам, ҳеч ҳам тезлаштириш иложи йўқ, навбатга ёзилинг, деб айтди. Наҳотки бир паспортни олиш учун уч ой кутсам", дер экан тошкентлик йигит паспорт бўлими олдидаги навбат рўйхатини суратга олиб Озодликка юборди.
Шайхонтоҳур тумани паспорт бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам одамлар паспорт олиш учун октябрь ойига навбатга ёзилаётганини тасдиқлар экан, бу навбатнинг пайдо бўлиши уларга мутлақо боғлиқ эмаслигини таъкидлади:
- Ҳозир биометрик паспорт олиш учун навбат кўпайиб кетган. Ҳар куни 300-500 та одам келяпти, лекин компьютер 70тадан 140тагача қабул қиляпти. Мана шунақа қилиб кўпайиб кетяптида. Бизда иккита аппарат бор, башня дейилади, бу 70тадан 140тагача қабул қилиши мумкин холос. Қўшимча аппарат қўйиш бизнинг қўлимизда эмас, у раҳбарларга боғлиқ, - деди паспорт бўлими мулозими.
Биометрик паспорт олишдаги муаммолар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота, Бекобод туманлари, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Жиззах шаҳридан Озодликка мурожаат қилган фуқаролар паспорт олиш муддати 45-50 кун, баъзида икки ойга чўзилиб кетаётгани ҳақида ёзадилар.
Жумладан, бекободлик Манзуранинг ёзишича, биометрик паспорт учун ҳужжат топширганига 45 кун бўлган:
"Мен Бекобод туманидаги Зафар посёлкасида яшайман. Бир ярим ой бўлди расмга тушиб топширганимизга. Лекин ҳали ҳам олмадик. Паспорт бўлими бошлиғи ўтирган жойида пул ишламоқда. Унинг қўл остидаги ишчилар одамлардан пулини олиб 10 кун ичида паспортни чиқариб бермоқда. Соққаси бор одамларга муаммо йўқ, биз каби пулсизларга қийин”, деб ёзади бекободлик Манзура.
Жиззах шаҳридан Озодликка мурожаат қилган ўқитувчи Ҳакимбой Ҳусанов ҳам икки ойдан буён паспорт ололмаётгани ҳақида ёзди.
Жиззах шаҳар паспорт бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам Озодлик билан суҳбатда фуқароларнинг паспорт олиши билан боғлиқ муаммолар борлигини тасдиқлаб, бу муаммо Тошкент билан боғлиқ эканлигини айтди:
- Тайёр паспорт Тошкентдан келади ҳозир, илгари ўзимиз ёзиб берардик. Тошкентдаги персоналлаштириш марказига 70та паспорт маълумотларини ўтказганимиздан сўнг автоматик тарзда компьютерларимизни ўчириб қўйишади. Бизнинг қўлимиздан бошқа ҳеч нарса келмайди, - деди паспорт бўлими мулозими.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш марказининг телефони кун бўйи жавоб бермагани учун бу масалага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Жорий йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўла бошлади.
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти фармонида эски русумдаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгилаб қўйилган.