Миллий хавфсизлик хизмати Тергов қўмитаси олиб борган икки йиллик тергов-текширув хулосасига кўра¸ президент рафиқаси Татъяна Каримованинг севимли жияни Акбарали Абдуллаев Ўзбекистонда қудратли мафия гуруҳининг тўдабошиси бўлиб чиқди. Яқинларгача президентликка ворис сифатида кўрилаëтган Акбарали нега айнан ҳозир жиноятчига чиқарилди ва қайси мақсадда қурбонликка келтирилди? “Қурултой” қатнашчилари ана шу саволга жавоб изладилар.
Ўзбекистон президенти тўнғичи Гулнора Каримованинг коррупция ва пул ювишга алоқадорлиги билан боғлиқ халқаро ва маҳаллий тергов жараëнлари поëнига етмай туриб¸ жамоатчиликка биринчи оила билан боғлиқ яна бир шов-шувли терговнинг айрим тафсилотлари очиқлана бошлади.
Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич ўз ишончли манбаларига таяниб туриб¸ 2014 йилнинг 19 ноябрь куни президент қайинжияни 30 яшар Акбарали Абдуллаевнинг Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бораëтган маҳкамага олиб келинганини хабар қилган эди.
Маҳкама ишида президентнинг қайинсингли Тамара Собирова ва унинг эри ҳам ҳозир бўлганини хабар қилган Волосевичнинг аноним манбаси¸ 19 ноябрь кунги маҳкамада Акбаралининг қайси мақомда қатнашганига ойдинлик киритмаган эди.
Ўтган ҳафта Алексей Волосевич халқ оғзида “Қувасой мафияси” деб ном олган уюшган жиноий гуруҳга аъзоликда айбланган 9 нафар судланувчи устидан чиқарилган расмий айблов хулосасини эълон қилди.МХХ Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Х.Сиддиқов томонидан ҳозирланган бу хулосага МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи О.В. Бусигин “Розиман” деб имзо чеккан.
114 саҳифалик бу айблов хулосасининг бошидан охирига қадар Абдуллаев 2008-2012 йиллар давомида уюшган жиноий гуруҳ ташкил этиш ва уни бошқаришда айбланади.
Абдуллаев ўз гуруҳи орқали¸ МХХ айблов хулосасига кўра¸ "Кварц" ОАЖ, "Фарғонаёғмой" ОАЖ, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, "Қизилқумцемент" ва "Фарғона нефть базаси" каби йирик бизнес тизимларидан "нақд кўринишда 800 миллион АҚШ долларидан ошиқроқ" маблағни ноқонуний ўзлаштириш¸"ноқонуний ўзлаштирилган даромаднингбир қисмини давлат ва тижорат ташкилотларининг раҳбарларига пора кўринишида бериш, бундан қолганини хорижга олиб чиқиб¸ кўчмас мулк ва бошқа шаклда ювиш билан шуғулланиб келган.
Айблов хулосасидан¸ Акбарали Абдуллаевнинг Фарғонада “ўзи хон¸ кўланкаси майдон” бўлгани англашилади.
“Қурултой” иштирокчилари хонликдан президентликка интилишни бошлаган Акбаралининг еттинчи осмондан МХХ ҳибсхонасига туширилиши ортидаги сабабларни таҳлил қилишга уриндилар.
МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов¸ Акбарали ва у Фарғонада барпо этган бизнес империясининг қулатилиши президентнинг қизи Гулнора Каримова атрофидаги машмаша билан боғлиқ эканини таъкидлади.
- Бу президент Каримовнинг ўзи томонидан бошқарилаëтган театрлаштирилган томоша. Мақсад¸ Гулнорани оқлаш. Унинг Ўзбекистонда жиноий йўл билан топилган миллионлаб долларни айнан қаердан олгани¸ бу пулларнинг қандай қилиб Ғарб банкларига ювилилиб келгани бугун Европа терговчиларини қизиқтираëтгани аниқ. Акбаралига қўйилган айблар¸ ана шу саволларга берилаëтган жавоб. Яъни ҳамма жиноятни Акбарали ва унинг каби жиноий тўдабошилар қилгану¸ Гулнора бегуноҳ. Гулнорани оқлаш учун Акбар қурбонликка келтирилмоқда¸ дейди Икром Ëқубов.
Ўзбекистон биринчи оиласининг қатор Европа давлатлари¸ хусусан¸ Латвиядаги бизнес фаолиятига оид журналистик суриштирув ўтказган мустақил журналист Шоҳида Ëқуб ҳам¸ Икром Ëқубов фикрларига қўшилади:
- Мен шахсан қўлга киритган расмий ҳужжатларда Акбарали Абдуллаевнинг президент оиласи¸ хусусан¸ унигн қизлари бизнес фаолиятидаги муҳим шахс бўлганини кўрсатди. Унинг жазоланиши Гулнорани қутқариш учун уюштирилган чиройли ва давомли томошанинг навбатдаги пардаси¸ дейди жумладан Шоҳида Ëқуб.
Тошкентлик журналист¸ Акбарали Абдуллаев билан боғлиқ жараëнларни бевосита кузатиб келаëтган Алексей Волосевич¸ бу фикрларга қўшилмаслигини айтади:
- Менимча¸ Гулнорага қарши Европада бошланган ишлар ва Ўзбекистонда Акбаралининг ҳибсга олиниши шунчаки тасодиф ва бу икки воқеанинг бир-бирига унча ҳам алоқаси йўқ. Билишимча¸ Акбарали ва унинг “Қувасой мафияси” Фарғона водийсида ниҳоятда ҳаддидан ошган. Биласиз¸ Фарғона нафақат Ўзбекистон¸ балки минтақадаги энг хавфли¸ ижтимоий норозиликлар чиқиш эҳтимоли энг баланд жой ҳисобланади. Акбарали айнан шу ҳудудда аҳоли норозилигини кучайтирадиган жуда катта иқтисодий жиноятларни амалга оширган ва ўз бедодлиги билан давлат хавфсизлигига ҳақиқатан таҳдид солган. Иш бунақа тус олганидан сўнг¸ давлат хавфсизлик тизимларининг чора кўрмаслигини мумкин бўлмай қолган¸ дея фикр билдирди “Қурултой”да қатнашган Алексей Волосевич.
Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев¸ фарғоналиклар “Қувасой мафияси” деганда айнан Қувасойдан чиққан ака-ука Содиқ¸ Зокир ва Шерзод Акрамовларни тушунганини айтади:
- Халқ назарида бу гуруҳ нафақат Фарғона¸ балки бутун Ўзбекистондаги бензин тақчиллиги¸ шелуха ва хўжалик совуни қимматчилиги билан боғлиқ иқтисодий муаммоларни яратган одамлар сифатида кўрилади. Акбаралини эса кўпчилик фарғоналик¸ онаси Тамарага қарашли “Осиë” меҳмонхоналар тизимининг Фарғонадаги биносида жойлашган “Марко Поло” сайëҳлик фирмасида ишловчи диндор йигит сифатида билган¸ дейди Абдусалом Эргашев.
Фарғона “Қувасой мафияси”дан тозаланиб¸ Акбарали ва бу мафияни бошқарган Акрамовлар жазога тортилгач¸ Фарғона¸ қолаверса¸ Ўзбекистонда нимадир ўзгардими?
“Қурултой” иштирокчилари бу саволга ҳам жавоб беришга уриндилар.
Давра суҳбатини тўлиғича қуйида тинглашингиз мумкин.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди