Тижорат банклари VISA ўрнига Хитойнинг UnionPay картасини таклиф қиляпти

Ўзбекистондаги айрим тижорат банклар мижозларига Хитойнинг UnionPay банк картасини таклиф қилмоқда. Аксар банкларнинг конвертация бўлими 1 июндан ёпиқлигича қолмоқда, қачон очилиши номаълум. VISA Classic ва VISA Electronic карточкаларини бераётган саноқли банкларда эса мижозлар навбати 2016 йилнинг март-апрель ойигача чўзилди.

VISA ўрнига UnionPay

Тошкентдаги Hamkorbank тижорат банкига боғланган мижозлардан бирининг Озодликка айтишича, жиянига Россияда ишлатиш учун банк картасига мурожаат қилганида, кутилмаган таклифни олган:

"Менга VISA карта ўрнига Хитойнинг UnionPay картасини олинг, дейишди. Уни яхшилиги ойига 500 долларгача пулни тушуриб беришаркан. Сўмни ҳам алмаштириб берамиз, дейишди. Лекин, бу картаси Россияда ўтмас экан. VISA карта бермайсизларми, десам, июндан бери бермаяпмиз, ёпиқ дейишди", дейди исмини сир сақлашни сўраган тошкентлик тингловчи.

Тингловчи мурожаати ортидан аниқланишича, Тошкентда "Hamkorbank"дан ташқари яна бир неча тижорат банки UnionPay банк картасини таклиф қилмоқда. Ана шундай тижорат банкларидан бирига мижоз тариқасида боғланган билан мухбир микрофонсиз гаплашган ходим бунинг сабабларини шундай изоҳлади:

"UnionPay картасини ривожлантириш мақсадида VISA карта ёпилган. Ҳозир Хитойга савдога, ўқишга кетаётганлар кўп. Кейин бу картани Корея, Японияда бемалол ишлатса бўлади. Навбатсиз очиб берамиз Хитой картасини", деди микрофонсиз гаплашган банк мулозими.

UnionPay банк картаси Хитойда 2002 йилда ташкил қилинган China UnionPay миллий тўлов тизимига тегишлидир.

Хитойда 200дан ортиқ молиявий ташкилотни бирлаштирган бу тизимга тегишли банк картаси ҳозир дунёнинг 141 мамлакатида ишлатилмоқда.

UnionPay истиқболи

Айни пайтда Қозоғистонда бўлган асли ўзбекистонлик иқтисодчи, Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев Ўзбекистонда UnionPay банк картаси таклиф қилинишини янгилик сифатида баҳолади:

"Бунинг аниқ сабабларини билмайман, лекин фикримча, Ўзбекистоннинг асосий экспорти бўлган газнинг катта қисми Хитойга сотилаяпти. Яъни, валюта заҳираларининг катта қисми Хитой банкларида йиғилган. Эҳтимол, Хитой банклари бизнинг China UnionPay тизимидан фойдаланинг, деб таклиф қилган бўлиши мумкин. Қозоғистонда ҳали бу масала кўрилмади, лекин Ўзбекистонда бошланиб кетганини эшитиб, ҳайрон бўлдим", дейди Жубаев.

Ўзбекистондаги бир неча банк томонидан VISA ва MasterCard ўрнига таклиф қилинаётган Хитойнинг UnionPay банк картаси тўлов тизими ўзбекистонликларнинг аксарияти иш ёки ўқиш учун қатнаётган Қозоғистон, Россияда йўқ, Европа мамлакатларида эса у қадар кенг тарқалмаган.

Бундан ташқари, Ғарб санкциялар остида қолаётган Россия VISA ва MasterCard тўлов тизимларидан воз кечишга уринмоқда.

Айни йўлдан бораётган Хитойнинг UnionPay тизими, шу боис, тез орада Россия ва уни қувватлаётган давлатлар, жумладан, МДҲ давлатларида ривожланиб кетишини башорат қилаётганлар кўпчилик.

VISA ва MasterCard банк карталарига хизмат кўрсатиш ёки янги карта очиб бериш эса Ўзбекистондаги аксар тижорат банкларида шу йилнинг 1 июнидан бошлаб тўхтатилган.

Маълумки, 20 май куни Ўзбекистондаги қатор тижорат банкларида жисмоний шахсларга расмий курсда валюта айирбошлаш амалиёти тўхтатилгани хабар қилинган, аммо орадан бир неча кун ўтиб Марказий Банк буни рад қилган эди.

Бироқ, 1 июндан бошлаб республикадаги аксар банкларнинг конвертация бўлимлари мижозларга давлат курсида валюта беришни номаълум муддатга тўхтатди. 6 июль куни маълум бўлишича, қатор банкларда мазкур тақиқ ҳануз кучда қолмоқда, унинг қачон бекор қилиниши ҳақида маълумот йўқ.

Валютага эҳтиёж

Озодлик мухбири мижоз тариқасида, жумладан, “Ипак Йўли банки”, “Asia Alliance Bank”, "Hamkorbank" бўлимларига боғланди ва 1 июндан буён хорижий валюта учун бериладиган VISA карталари берилмаётгани, жисмоний шахслар учун конвертация ёпиқлиги ҳақидаги жавобни олди.

“Ипотека-банк”, "Туробанк" ва "Миллий банк"да мижозларга хизмат кўрсатилаётгани, аммо бунинг учун 2016 йилнинг март ёки апрель ойига навбатга ёзилиш кераклиги ҳақида жавоб олинди.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек Каримов эса бу вазиятни шундай шарҳлади:

- Навбат бор, чунки, ҳар бир банкка ойлик ёки кварталга белгиланган лимит бор ва банклар бундан ортиқ миқдорда конвертация қилиши мумкин эмас. Энди биласизми, конвертация тўхтатилди, деган хабар чиққанда ҳам банклар раддия берди, бошқа қилди. Лекин, бошқа бир жиҳат - талаб ошиб кетаяпти. Бундан ташқари, ҳар хил гуруҳлар банк карталарни чет элга олиб чиқиб, пуллаётгани ҳам кузатилди. Бунинг олди олинаётган бўлиши ҳам мумкин. Кейин курслар ўртасида фарқ жуда катталашиб кетди, - дейди иқтисодчи Тошбек Каримов.

Чеклов жорий қилингунига қадар ҳам валютани Марказий банк белгилаган расмий курс бўйича айирбошлаш ўта чекланган миқдорда амалга оширилиб келган. Жисмоний шахслар хорижга сафар қиладиган тақдирда, авиачипта ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим қилсагина, бир чоракда бир марта 2 минг АҚШ долларини айирбошлаши мумкин эди. Тадбиркорлар ҳам хом ашё ва товарларни хориждан сотиб олиш учун конвертацияни бир неча ойлаб кутишига тўғри келган.

Бундан ташқари, Россияда АҚШ доллари нархининг кескин ошиб кетиши ортидан Ўзбекистонга муҳожирлардан бораётган валюта тушумининг камайгани ҳам айни вазиятнинг муҳим омилларидан бири сифатида келтирилмоқда. Ўтган йили меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 5 миллиард долларга яқин маблағ жўнатган эди, бу йил эса 2 ярим миллиард долларга яқин пул жўнатилди.