Ўзбекистон ИИВ аҳолини ИШИД ҳақидаги овозаларга ишонмасликка чақирди

ИИВ Террорга қарши кураш бошқармаси мулозими мамлакат аҳолисини йирик шаҳарлар ва пойтахтда урчиётган ваҳималарга берилмасликка чақирмоқда. Бошқарманинг маҳаллий Интернет нашрига интервью берган мулозими, подполковник Ўктам Муродов асоссиз миш-мишларни тарқатишга уриниш ҳаракатларига кескин чора кўрилишидан огоҳлантирди.

"Ростга ўхшаган миш-мишлар"

12news.uz нашрига интервью берган Ўзбекистон ИИВнинг Террорга қарши кураш бошқармаси раҳбари ўринбосари, подполковник Ўктам Муродовга кўра, мамлакатда аҳолини ваҳимага соладиган воқеа-ҳодисалар кузатилмаётир ва вазият умумиятла, тинчдир.

ИИВ подполковниги мамлакатдаги криминоген муҳит мустаҳкам назорат остида ва асоссиз хавотирларга ўрин йўқ, деб таъкидлади.

"Бошидан ҳамюртларимиз ва қадимий ҳамда меҳмондўст пойтахтимиз меҳмонларини тинчлантиришни истардимки, бизнинг ҳуқуқ-тартибот органларимиз аҳоли, маҳалла фаоллари, ёшлар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда, одамларнинг тинчлиги ҳамда фаровонлигига ҳеч ким ва ҳеч нарса зарар бермаслиги учун қўлидан келган ҳамма ишни қилмоқда.

Турли миш-мишлар, агар айтиш мумкин бўлса, ғийбатлар, мисол учун, Тошкент ИИБ биноси яқинига кимдир қора байроқ осиб кетибди, ўша ерда автостоянкада бомба ўрнатилган машина топилибди, қабилидаги ғийбатлар ўз ҳаракатлари билан ваҳима ва қўрқув уйғотишга уринаётганини тушунмаётганлар томонидан тарқатилмоқда.

Бунақа асоссиз миш-мишлар жамиятга зарар берувчи характерга эга ва шу боис, уларга қарши кескин чора кўрилади. Ушбу имкониятдан фойдаланиб фуқароларимизга бунақа фитналарга берилмаслик, ҳатто ҳақиқатга ўхшаб кўринган овозаларга ҳам эътибор қилмасликка чақираман", дея иқтибос келтирди ИИВ подполковнигидан 12news.uz нашри.

"Қайтганлар ҳақида ишончли ахборот бор"

ИИВ мулозимига кўра, глобал миқёсда чегара ва масофа билмайдиган халқаро терроризм ҳозирги асрнинг асосий муаммосига айланган ва дунёнинг бирор давлати террорга қарши ёлғиз кураша олмайди.

"Умумий таҳдидга қарши ўзаро ҳамкорлик амалиётлар доирасида хориждаги ҳамкасбларимиз билан изчил алоқадамиз, хорижга узоқ муддатга чиққанлар ва қайтганлар ҳақида ишончли маълумотларга эгамиз", дея қўшимча қилади ИИВ подполковниги.

Тошкентда ваҳима сабаблари

Сўнгги икки ойда Тошкентда паспорт режими жорий қилингани, оммавий равишда аҳоли паспорт текширувидан ўтказилаётгани, ижарага берилаётган хонадонлар рўйхатга олинаётгани, хориждан қайтган фуқаролар ва диний қарашлари учун рўйхатга олинган фуқаролар қайта-қайта суҳбат, сўроққа чақирилаётгани, айримлари маҳалла қўмитасидаги суҳбат чоғидаёқ ҳибсга олинаётгани пойтахт аҳлида ваҳима кучайгани кузатилмоқда.

Бу орада пойтахтда тарқалаётган миш-миш ва овозаларнинг аксарияти "Исломий давлат"нинг Ўзбекистонга эҳтимолий таҳдиди ва, гўёки, эҳтимолий ҳужумлардан бирининг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бартараф қилингани хусусида бўлмоқда.

Озодликка кундалик равишда келаётган хабарлар ва мурожаатларнинг каттагина қисмида, айниқса, пойтахт аҳлида ваҳима кучайганини кузатиш мумкин.

Озодлик ўз вақтида бундай ваҳима ва хавотирларга сабаб бўлаётган овоза ҳамда миш-мишларни тўплаб, Ўзбекистон расмийидоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларидан муносабат олишга уринган, аммо муваффақ бўлмаган эди.

ИШИДга алоқадор ҳибслар

Хориждан қайтганлар ҳақида ишончли маълумотлар борлигини тасдиқлаган подполковник Муродов таъкидларини эса сўнгги икки ой ичида кузатилган ИШИДга алоқадор ҳибслар тўлқини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган сўнгги маълумотда, 29 октябрдан 18 ноябрга қадар ҳибс қилинганлар сони 200 кишидан ошгани айтилган.

Ташкилот фаоллари, айниқса, хориждан борган намозхонларнинг ҳибсга олиниши Тошкент шаҳри ва вилоятидан ташқари Наманган, Қўқон, Фарғона шаҳарларида ҳам кузатилганини хабар қилган.

Тошкентда аҳолини ваҳимага солиб қўйган оммавий ҳибслар ҳақида Россиянинг "Регнум" агентлиги ҳам хабар тарқатган.

Портлашлар ва ҳужум уринишлари

Бундан ташқари, сўнгги уч ой ичида Тошкентда портлашлар ва хорижий давлат элчихоналарига ҳужум қилишга уриниш ҳоллари кузатилди.

Хусусан, 28 сентябрь куни тонгда Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳовлисига номаълум шахслар иккита Молотов коктейлини отган эди. Портловчи мосаламалардан бири портлаши ортидан элчихона бир неча соатга ёпиб қўйилди.

4 сентябрь куни Тошкентнинг Олмазор туманида “Тўхтабой” жоме масжиди олдида ҳам портлаш содир бўлган, кейинчалик расмийлар бу ҳодисани аксилтеррор машқи билан изоҳлашган эди.

Апрель ойида Тошкент вилояти Паркент туманидаги Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларига “Исломий давлат” экстремист гуруҳига нисбат берилган варақалар ёпиштириб кетилган эди. Мазкур ҳодисага алоқадорликда айбланган Транспорт ва сервис коллежи ўқувчиси 18 ёшли Фирдавс Салимов 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ўтган ҳафта охирида маълум бўлди.

Август ойида эса Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда бир неча портлаш, унинг ортидан эса ёнғин бўлган, ўша кездаёқ расмийлар ҳарбий машғулот ўтказилди, деб расман хабар тарқатган эди.