Ижтимоий тармоқларда тарқаган видео жамоатчилик ва расмийлар эътиборини Ўзбекистон ўрта мактабларидаги ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларидаги муаммоларга тортди. Видеода мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси мактаб ҳовлисида ўз ўқувчисини жиянига ҳақоратлатиб, дўппослашига гўëки шароит яратиб бергани акс этган.
Озодлик бу видео ортидаги тафсилотларни ўрганди. Маълум бўлишича¸ ўз ҳамкасбини ўқувчиларнинг жинсий тажовузидан қутқармоқчи бўлган муаллима "айбдор" қилинган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Воқеанинг видеога тушмай қолган қисми
15 март куни Тошкентдаги 315- ўрта мактабнинг янги келган инглиз тили ўқитувчиси Севара Чиналиева катта танаффус пайтида 9- синф ўқувчиси тарафидан жинсий тегажоқликка учраган. Ўспиринлардан бири муаллиманинг қўлини қайириб, баданини ғижимлаган. Чиналиева эса, ўз ҳамкасби 60 яшар инглиз ўқитувчиси Гулбўстон Низомиддиновани ëрдамга чақирган. Зўравон ўқувчилардан бири Гулбўстон Низомиддиновани қўлига шикаст етказган. Ана шундан кейин Низомиддинова ўз синглисини ëрдамга чақирган. Жаҳл отига минган сингил эса, ўз опасини ҳимоя қилиш учун зўравон ўқувчини тергаган. Воқеанинг айни шу жойи видеога олиниб, ижтимоий тармоққа "Зўравон ўқитувчининг самосуди", дея тарқатилди.
Мактабдаги “самосуд” воқеаси ортидан инглиз тили ўқитувчисига ишдан бўшаш аризаси ëздирилди
27 март куни Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасида Олмазор туманидаги 315-умумтаълим мактабида 15 март куни рўй берган “самосуд” воқеаси муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасида ишлайдиган нозирнинг Озодликкка айтишича¸ воқеа иштирокчиси бўлган 315- мактабнинг инглиз тили муаллимаси, 60 яшар Гулбўстон Низомиддиновага ўз аризаси билан ишдан кетиш тавсия қилинган.
- Бу ўқитувчи касаллик варақаси бўйича ишга чиқмаяпти. Бизнинг тавсиямизга кўра¸ ўз иҳтиëрига кўра¸ ишдан кетиш аризасини ëзди. Мактаб директори Барно Шоқурбонова ва мактабнинг маънавий-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Нуриддин Парпиевларга мактаб муҳитини соғломлаштириш борасида кўрсатма берилди¸ деди мулозим.
Унинг яна айтишича¸ мактабнинг яқинда ишга келган инглиз тили ўқитувчиси Севара Чиналиевага тегажоқлик қилган ва шу кунларда тарқалган видеога қаҳрамон бўлган ўқувчи билан ҳам тарбиявий ишлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистондаги расмий нашрлар тўққизинчи синфда ўқийдиган бу боланинг исмини Абдураҳмон Маҳмудов, дея келтиришди.
Олмазор туман ички ишлар бўлими вакилининг Озодликка айтишича¸ бўлимнинг вояга етмаганлар назорати билан шуғулланадиган ходимлари 315- мактаб ўқувчилари орасида тушунтириш ишлари ҳам ўтказишган. Ички ишлар бўлими ходимига кўра¸ видеодаги жанжалда акс этган 9- “Б” синф ўқувчиси Туман ИИБ сининг тарбияси оғир ўқувчилар рўйхатида турган.
“Ёмон ўқитувчи ва беозор ўқувчи”
Ўзбекистон маҳаллий матбуоти “тошкентлик ўқитувчининг ўз ўқувчисини жиянига дўппослатгани” ҳақидаги ҳабарларни эълон қилишди.
Хабарлар “ëмон ўқитувчи ва беозор ўқувчи” деган схема асосида ëзилган.
Озодлик мазкур воқеа иштирокчилари ва воқеа юзасидан суриштирув ўтказаëтган ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи ходимлар ëрдамида масалага ойдинлик киритишга уринди.
Озодлик тасарруфидаги видеотасвирда дарғазаб ўқитувчи ва уят гаплар билан ўқувчини сўкаëтган аëл (ўқитувчининг синглиси) тасвирини кўрамиз. Тасвирнинг унчалик аниқ олинмаган кейинги қисмида эса ўқувчининнг гўëки дарғазаб сингил тарафидан калтаклангани акс этган.
"Жабрланувчи" томон версияси
Озодлик суҳбатлашган ўқувчининг яқинларига кўра¸ 9 “Б” синф ўқувчиси Абдураҳмон Маҳмудов мактабга яқинда ишга келган ëш муаллима Севара Чиналиева билан "тортишиб қолган". Яна иддао қилинишича¸ Чиналиева шу мактабда 40 йилдан бери ишлайдиган ҳамкасби Гулбўстон Низомиддиновага шикоят қилган. Ўз навбатида Низомиддинова ўз синглисини чақириб мактаб ҳовлисида Абдураҳмон Маҳмудовни дўппослаттирган.
"Жабрловчи" томон версияси
Ўқитувчи Низомиддинованинг яқинларига кўра¸ 15 март кунги воқеа сал бошқача бўлган.
Исми сир қолишини истаган воқеа гувоҳининг гапи:
- Маҳаллий бойваччалардан бирининг ўғли Абдураҳмон Маҳмудов "адамни пули кўп". деб ўқитувчиларни, айниқса, келиб чиқиши вилоятдан бўлганларни мунтазам ҳақоратлаб келади. Ўша куни у ва бошқа яна бир нечта ўқувчи янги келган инглиз тили муаллимасини ўраб олиб тегажоғлик қилишган. Уни ўраб олиб, жисмонан яқинлашиб қўлини қайиришган. Ўқитувчи йиғлаб ўзининг ëши катта ҳамкасби Низомиддиновага шикоят қилган. Низомиддинова бу болаларни тартибга чақириш учун борганида 9- “Б” синф ўқувчиси Абдураҳмон Маҳмудов унга ташланиб қўлини қайирган. Оқибатда Низомиддинованинг қўли лат еган. Врачлар суяги дарз кетган, деб ëзиб беришди. Ана шундан кейин қон босими ошган Низомиддинова ўз синглисини мени олиб кетгин, деб мактабга чақирган. Синглиси эса, жаҳлга миниб, Абдураҳмон Маҳмудовни ҳақоратлаган.
Милициядан олинган маълумот
15 март куни Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги 315-умумтаълим мактабида ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилди. Олмазор тумани ИИБ нинг тарбияси оғир болалар рўйхатида турадиган Маҳмудов Абдураҳмоннинг ота-онасининг шикояти асосида баëннома тузилди. Баëнномага ўқитувчи Гулбўстон Низомиддинованинг қўл суяги ичкаридан дарз кетгани ҳақида врач справкаси ва гувоҳлар кўрсатмалари тиркалган. Боланинг вояга етмаганлиги учун воқеа юзасидан мактабда тарбиявий-профилактика ишлари билан чекланди.
Мактаб раҳбарияти нуқтаи назари
Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси мулозими ва 315- мактаб директори Барно Шоқурбоновага яқин одамнинг айтишича¸ 40 йил стажга эга ўқитувчини ишдан кетиши яхши аломат эмас:
- Абдураҳмон Маҳмудовнинг отаси-онаси келиб "шу ўқитувчини бўшатасан", деб ултиматум қўйди. Бой-бадавлатмиз, қўлимиз ҳар ерга етади, деб пўписа қилганидан кейин муроса сифатида инглиз тили ўқитувчисидан ўз аризасига кўра ишдан кетишини илтимос қилишди. Мактабда Гулбўстон Низомиддиновани тажрибали педагог сифатида қадрлашади¸ янги чиққан бойларнинг болалари тарафидан ўқитувчиларни ҳақорат қилиниши каби салбий ҳолатларга эътибор қаратилишини истаймиз¸ деди Озодлик суҳбатдоши.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди