Самарқанд туманининг Шўрбойи қишлоғидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида хонадон эгасининг 10 ёшли ўғли ҳалок бўлди. Туман ёнғин хавфсизлиги мутасаддиларининг Озодликка айтишича, бола ошхонага кириб, чироқни ёқишга уринганида газ баллондан газ чиқиб тургани сабаб чақнаш юз берган.
26 апрель кунги портлаш оқибатида бола ва унинг ота-оналари тан жароҳати олди ва оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.
Икки кун ўтиб, касалхонада боланинг жони узилди.
Самарканд тумани касалхонаси шифокорларидан бири Озодлик билан суҳбатда портлашдан куйиш жароҳати олган боланинг ота-онаси оғир аҳволда ётганини айтди.
Самарқанд тумани ички ишлар органлари газ портлаши сабабларини ўрганмоқда.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, уйнинг ошхонасида газ баллони очиқ қолган, газ сизиб чиқиб тургани учун чақнаш рўй берган.
Самарқанд тумани ёнғин ўчирувчилари ҳодиса жойига бир неча дақиқада етиб боришгани, уй ичидаги эр-хотин ва болани вақтида қутқаришганини айтишди.
Самарқанднинг кўпгина қишлоқлари қатори Шўрбойи қишлоғига ҳам газ ўтмагани сабаб аҳоли газ баллонлар ёки кўмир, ўтин ёқиб кун кўради.
Газ баллонлардан нотўғри фодаланиш ёки уларнинг носозлиги сабаб Ўзбекистонда ёнғин ва портлашлар кўп бўлади.
Шу йилнинг феврал ойида Самарқанднинг Қўшработ тумани Тоз қишлоғида уйларига газ ўтмагани боис ўтин, кўмир ёқиб кун кўриб келган хонадонда ёнғин чиқиши оқибатида бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.