Бир ой ичида Наманганда безориликда айбланган 50 нафар коллеж ўқувчиси тергалди

Тошкентдаги Боровский номли тиббиëт коллежида ўқувчи бола калтаклаб ўлдирилгани резонанс бўлиб турган бир пайтда Озодлик вилоятлардаги коллежларда ҳам зўравонлик¸талончилик ва безорилик ҳолатлари авж олганини аниқлади.

Наманган вилоят ҳокимлигидаги таълим-тарбия ишларига маъсул мулозимнинг айтишича¸ шаҳарда бир ой ичида 50дан ошиқ коллеж ўқувчиси безорилик¸ зўравонлик ва талончиликда айбланиб, уларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Унга кўра¸ шу кунларда вилоятда "беназорат бола" тадбири давом этмоқда.

- Мана ўтган ҳафта Наманган алоқа-транспорт коллежининг икки нафар талабаси устидан жиноий иш очилди. Улар ўғирлик қилганликда айбланишяпти. Бу талабалар кечқурун соат бирларда маҳалласидаги компютер хонасидан битта нотбук ўғирлашган. Ўғирлик молни 350 минг сўмга сотаëтганида қўлга тушди¸ - дейди мулозим.

Милисига ишга кириш учун ўғирлик

Суҳбатдошга кўра¸ Наманган шаҳар алоқа-транспорт коллежидаги ўқув тарбия ишларининг ўта аянч ҳолатда экани ҳам воқеа фонида кўриниб қолган:

- Бу икки ўғри бола номигагина коллежда ўқишган. Аслида эса биттаси новвойга шогирд тушиб, ўқишга келмай юрган. Яна биттаси эса дурадгорлик цехида ишлаган. Коллежда номи юриб турган ўлик жон бўлиб. Кейин эса ўғирликка қўл уришган. Нега бу ишни қилдинг десак¸ милисага ишга кириш учун пул тўплаëтгандик, деб айтишди. Ҳозир ўғирликка қўл урган бу ўқувчилар ўқийдиган коллеж раҳбариятига ҳам интизомий чора қўлланди¸ - дейди мулозим.

Коллеж ëтоқхонасидаги муштлашув

Наманганлик талабалардан бирининг Озодликка айтишича¸ Наманган тиббиëт коллежи кунора жанжалларга саҳна бўлмоқда:

-Тез-тез жанжал бўлиб туришига ўрганиб ҳам қолдик. Яқинда катта тўполон бўлиб, йигит бошидан лат еб касалхонга тушди. Ëтоқхонага бир гуруҳ ëши катта "полвонлар" кириб, арзимаган баҳона билан, талабаларни уриб ташлаяпти. Кўчадаги посбон ҳам улардан қўрқиб ҳеч нарса демайди, - деди талаба.

Наманган вилоят прокуратураси терговчиси колежлардаги зўравонлик ҳолатлари урчиганини тасдиқлади:

- Кунора уруш бўлишини биламиз. Лекин коллеж раҳбарияти уйдаги гап кўчага чиқмасин, деб ўқувчиларнинг шикоят ëзишига йўл қўйишмайди. Битта бола оëғидан лат еб касалхонага тушди. Доктор бизга хабар берди. Сўрасам, йиқилдим, деди. Ўсмоқлаб сўровдим - ака индамангу калтак едим, деди. Ариза ëз, десам, ëзмайди. Биз бу борада коллеж раҳбариятига огоҳлантириш берганмиз¸ - дейди прокуратура ходими.

Коллежнинг "ўғригина" боласи

Наманган вилоят ҳокимлигидаги таълим-тарбия ишларига маъсул мулозимнинг айтишича вилоятдаги коллежларда давомат паст ва бу масканлар “ўлик жонлар” даргоҳига айланган:

- Наманган коллежида ўқийдиган болани Тошкентда ўғирликда ушлаб олиб келишяпти. Уни номини журналда юритиб қўйишган. Кўчада арава тортаëтган¸ автослесерга шогирдлик қилаëтганлар ҳам номини коллежда юритиб қўймоқда. “Беназорат бола” тадбирида битта Наманган шаҳриниг ўзида 50 дан зиëд коллеж ўқувчиси безорилик¸ талончилик¸ ўғирлик ва бошқа бировга тан жароҳати етказгани аниқланди. Уларни ота-оналари билан суҳбатлашйалик десак¸ ота-оналар Россияда¸ Қозоғистонда. Ота-она тарбиясини кўрмаган болалардан нима кутасиз¸ - дейди суҳбатдош.

Лола лицейидаги қотиллик

Озодлик суҳбатлашган наманганлик маъсуллар коллеж ўқувчилари ўртасидаги жиноятлар йиллар давомида мавжуд эканлигига эътибор қаратишди.

Наманган вилоят прокуратураси матбуотда ëритилмаган бир қотиллик тафсилотларини айтиб берди:

- 2016 йилнинг 19 мартида Наманган шахридаги 1-Лола академик лицейида бўлиб ўтган жанжалда бир ўқувчи ўлган эди. Бу ўқувчини уриб ўлдирган икки ўқувчи ҳозир озодликдан маҳрум қилинди. Лицей раҳбарияти Умархон ака деган одам ишдан олинди. Бошқа раҳбарларга интизомий чора қўлланди. Лекин воқеа Тошкент тиббиëт коллежидаги каби жиддий тафтиш қилинмади. Ўқувчи ўқувчини утиб ўлдириб қўяптию¸ булар интизомий чора кўриб ўтиришибди. Бу ҳолатларга кескин чора кўриш керак - дейди прокуратура ходими.