Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда қўлга олиниши Тошкент билан Бишкекнинг халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммаларига олган мажбуриятларга зиддир. Бундай фикрни Озодлик радиоси қирғиз хизмати (Азаттик радиоси) билан суҳбатда Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори Стив Свердлоу билдирди.
- Жаноб Свердлоу, Сиз Бобомурад Абдуллаев 2017 йили Ўзбекистонда қўлга олинганидан тортиб, озодликка чиқарилгунига қадар унинг ишини диққат билан кузатигансиз. Бу гал унинг Бишкекда қамалишига асос бормиди?
- Чиндан ҳам мен Абдуллаевнинг ишини 2017 йили Ўзбекистонда ҳибсга олинганидан бошлаб диққат билан кузатганман. У пайтда мен Human Rights Watch ташкилотида ишлар эдим. Абдуллаев билан боғлиқ воқеа жуда аянчлидир. Абдуллаев президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин қамалиб, жуда қаттиқ қийноққа солинган. У Давлат хавфсизлик хизмати ертўласида қандай қийноқларга солинганини судда айтиб берган. Журналистни “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да, “Ўзбекистон Республикасининг президентига тажовуз қилиш”да айблашган. Бундай айбловлардан, одатда, марҳум президент Ислом Каримов даврида кенг фойдаланилган. Албатта, Абдуллаевга қўйилган айбловлар замирида сиёсий мотивлар борлиги ҳаммага аён эди ва шунинг учун халқаро жамоатчилик журналистни қўллаб, расмий Тошкентдан уни зудлик билан бўшатишни талаб қилган.
Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод қилинганидан кейин уни қийноққа солганлар жавобгарчиликка тортилади, деган умид бўлган. Чунки судья ҳам бу масала юзасидан махсус текширув ўтказилишини айтган. Афсуски, бундай бўлмади. Аксинча, журналист бўшатилганидан кейин ҳам махсус хизматларнинг мунтазам кузатувида бўлди, унга тазйиқлар ўтказилди. Бироқ Абдуллаев иродали одам. У судда ҳам ҳукумат танқид қилинган мақолалардан ўзи ёзганларини тан олди, ёзмаганларини меники эмас, деб айтди. У судда сўз эркинлиги асосларини ҳимоя қилди. Бу гал ҳам унга яна ўша айбловлар қўйилаётгани бизга маълум бўлди. Бу Каримов режимини эслатадиган аянчли кўринишдир.
- Сиз Абдуллаев озод қилинганидан кейин ҳам уни кузатишгани, унга босим ўтказилгани тўғрисида айтдингиз. Журналист ҳокимият танқид қилинган мақолалар ёзишни давом эттирдими? Нега уни Қирғизистонга ўқиш учун келган пайтда қўлга олишди?
Мавзуга алоқадор Журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекда қўлга олинди- Масаланинг шу жиҳати хайрон қолдирмоқда. Билишимизча, унинг ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай канали йўқ. У аввалгидай Усмон Ҳақназаров деган тахаллус билан мақола эълон қилмай қўйган. Абдуллаев аввал чиндан ҳам Ислом Каримов танқид қилинган мақолаларни ёзиб, тахаллус остида эълон қилиб келган. Бироқ қамоқдан чиққанидан кейин бундай иш билан шуғулланмаган.
Энди эса, "Бобомурод Абдуллаев Телеграмдаги каналлардан бирида ҳукумат танқид қилинган баёнотларни ёзаяпти" дейишмоқда. Бироқ унинг ўзи бундай гапларни рад этмоқда. Ҳақиқатан ҳам Телеграм каналдаги битиклар билан Абдуллаевнинг мақолалари стилистикасида фарқ бор. Ҳатто Абдуллаевнинг ўша каналдаги битикларга алоқаси бўлган тақдирда ҳам, уни шоша-пиша қамамай, теран, адолатли ва ҳалол ўтказилган текширувдан кейингина айблаш керак эди. Бундай бўлгани йўқ.
Мавзуга алоқадор Журналист Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод қилинди (ВИДЕО)
Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университетига ўқишга келган журналистнинг Тошкентнинг буйруғи билан қамалиши Ўзбекистон мақтанаётган ошкоралик сиёсатига зиддир. Чунки бу мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлиги ва бутун ҳукумати ҳамма нарса ўзгарганини, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар билан ғамкорлик қилувчи мустақил агентлик очилганини айтиб келишади. Боз устига президентнинг қизи ҳам жамият ривожида журналистлар ва блогерлар катта роль ўйнашини айтган. Айни пайтда Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши Тошкентнинг ҳозирги сиёсатига зид бўлиш билан бирга халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммаларига олган мажбуриятларга ҳам зиддир.
- Абдуллаевни ушлаб, ҳибсга олган Қирғизистоннинг ҳам халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммаларига олган мажбуриятларга тўхталсак. Бир неча йил олдин Бишкек Андижон воқеаларидан кейин бир неча фуқарони Ўзбекистонга топширгани маълум, ўтган йили фаол жамоатчи ва блогер Марат Тунғишбоевни Қозоғистонга экстрадиция қилган. Бундай амаллари билан қирғизистон қўшстандарт сиёсат юритаётгани йўқми?
- Ҳақиқатан шундай. Қирғизистон тарихида бу воқеалар қора доғ бўлиб қолади. Боз устига бошидан қийноқларни кечирган Бобомурод Абдуллаевнинг пандемия вақтида шундай тушунарсиз айбловлар билан ушланиши, ҳибсга олинишини қабул қилиб бўлмайди. Қирғизистон омбудсмени бу ишга аралашиб, журналист Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслиги учун барча ҳаракатларини қилади, деб ишонаман. Ўқишга келган одамни қамагани Қирғизистоннинг обрўсига путур етказади. Шунинг учун журналистга қўйилаётган айбловлар далилсиз бўлса, уни бўшатиш керак. Абдуллаевники дейилаётган каналда у қамоққа олинганидан кейин “Мен Бобомурод Абдуллаев эмесман” деган баёнот чиқди.
Чиндан ҳам, агар у қамоқда бўлса, ижтимоий тармоққа қандай кира олсин? Буларнинг бари қўйилаётган айбловлар асоссиз эканлигини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда сўнгги ойларда, ҳафталарда журналистларга, блогерларга босимлар кучайди. Айниқса коррупция ва коронавирус инқирози тўғрисида ёзган медиа вакилларига босим бўлаётгани тўғрисида менга жойлардаги манбаларим хабар қилди. Шунинг учун Ўзбекистонни ҳам, Қирғизистонни ҳам халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришга чақираман.
Абдуллаев бу гал якшанба куни қўлга олинганига қарамай, халқаро ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ташвишини билдирди. 2020 йили журналист ўз ишини бажаргани учун қамалишини қабул қилиб бўлмайди. Биз бу даврни ортда қолдиришимиз керак эди. Аксинча, Абдуллаев қийноққа солингани учун реабилитациядан ўтиб, кўрган маънавий ва жисмоний зарари учун товон тўлаттириб олиши керак эди. Афсуски, унинг яна ўшандай синовга дуч келгани ўкинтиради. Биз уни ҳаммамиз қўллаб, икки давлат раҳбарларини Бобомурод Абдуллаевни озодликка чиқаришга чақирамиз.