Сурхондарёнинг Қизириқ туманилик 10 ишчи Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида (Тошкент шаҳри) қурилаётган замонавий меҳмонхона комплекси ётоқхонасидан 19 августда ҳайдалди.
Ишчилардан бир кун олдин Озодликка келган видеомурожаатда улар 17 августдан иш жойига қўйилмаётгани, 1 августдан бери бажарган иши учун ҳақ берилмаётганидан арз қилган эди.
Япониялик деб тақдим этилган инвесторнинг пулига меҳмонхона қураётган корхона бош муҳандиси қизириқлик ишчиларни қурилиш меъёрларини бузиб, корхонага жами 33 млн сўмлик зарар етказганликда айблади.
Ишчилар корхона раҳбарияти айбловини тан олмаяпти.
Озодликка 18 августда келган 53 сонияли видеода қурилаётган бино фонида турган 7 ёш йигитдан бири Тошкент шаҳрига Қизириқ туманидан ишлаш учун келганини айтади.
Мурожаатчилар иш ҳақини ололмаётгани, ёрдам сўраб Олмазор туман прокуратурасига боргани, бироқ у ерда “ёрдам беролмаймиз” деган жавоб эшитганини айтиб, шу масалани ҳал қилиб беришни сўрайди. Видео охиридаги гапдан мурожаат президент Мирзиёевга қилингани тушунилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мурожаатчилардан бири, 31 яшар Бекзод Ашуровнинг 18 августда Озодликка айтишича, 17 августдан бошлаб ишсиз қолган 10 қизириқликнинг 5 нафари Green Power Stroy МЧЖ амалга ошираётган меҳмонхона қурилишида ишлашни 7 июлда бошлаган. Қолган 5 нафари ишга 13 август куни келган. Аввалги 5 ва кейинги 5 киши - жами 10 киши 17 августдан бошлаб ишсиз қолган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бекзод Ашуровнинг айтишича, шахсан у 7 июлдан 28 июлгача ишлагани учун 2 460 000 сўм ҳақ олган. “Соатбай ҳақ тўланишига келишганмиз, мен устаман, бир соатим 15 минг сўм, қолганларники 13 минг сўм”, деди Бекзод.
Асосий масала – улар 17 августдан бошлаб нега ишдан четлатилганига Бекзод Ашуров конкрет сабаб келтира олмади. Айтган гапларининг умумий моҳияти – “иш берувчининг инжиқлиги”, “уларнинг ўрнига бошқа ишчилар олингани” каби гаплар бўлди. Гап орасида Бекзод Ашуров қандайдир "колонналар"ни ҳам тилга олди, лекин тафсилотларини айтмади.
Қизириқлик ишчилар мурожаати ортидан 18 августда Озодлик боғланган Green Power Stroy МЧЖ бош муҳандиси Меҳрож Жумақулов саволни эшитиб-эшитмаёқ “тутаб” кетди:
- Биламан нимани сўрамоқчилигингизни. Улар 9 та колоннани бузиб қўйишган. Уларнинг айби билан менинг бўйнимга 27 млн сўм илишяпти. Бу - қурилиш материаллари пули. Бунинг устига яна 6 млн сўм жарима солишяпти менга.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бош муҳандис иддаоларига далил сифатида 18 августда тузилган “Қурилиш дефектлари акти”ни ҳам Озодликка тақдим этди. Озодликка тақдим этилган суратлардан бинонинг бетон устунлари чиндан ҳам бузиб қайта қуймаса бўлмайдиган даражада ўта сифатсиз қуйилганини, бетон қуйилаётган пайтда вибратор ишлатилмагани, шиббаланмагани кўриниб турибди.
Green Power Stroy МЧЖ бош муҳандиси Меҳрож Жумақулов Озодликка тақдим этган яна бир ҳужжат қизириқлик ишчилар бракка йўл қўйгани ҳақида 18 августда тузилган “Далолатнома”дир.
Бу ҳужжатни тузишда Бекзод Ашуров ҳам иштирок этгани қайд этилган. Бироқ Ашуров 19 август куни қайта боғланганимизда, далолатномани тузишда иштирок этмаганини, сифатсиз колонналарни эса, “наманганлик ишчилар қуйганини, бунга гувоҳи борлигини” айтди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликнинг “Қурилишдаги брак учун нега оддий ишчиларни айблаяпсиз, прораб ёки бошқа мутахассислар қаерда эди?” деган саволига бош муҳандиси Меҳрож Жумақулов бундай жавоб берди:
- Менинг прорабларимга булар “биз ишимизга жавоб берамиз, сен бизга аралашма” деган.
Бош муҳандис ишчиларга брак колонналарни бузиб, қайта қуйишлари кераклигини айтганини, лекин улар кўнмаётганини билдирди. “Агар шу ишни қилишса, албатта иш ҳақлари берилади”, деди Меҳрож Жумақулов.
Мавзуга алоқадор 15 сўхлик иш ҳақи камлиги ва шароит ёмонлиги учун Olmazor City қурилишини ташлаб кетди (ВИДЕО)
Масаланинг ишчиларнинг ўзи эътибор бермаётган жиҳатлари
Ишчи Бекзод Ашуров билан суҳбат давомида қурилишда ишни ташкил қилиш ва ишчиларнинг ҳуқуқлари таъминоти билан боғлиқ баъзи жиҳатлар Озодлик эътиборини ўзига тортди.
Бекзод Ашуровнинг айтишича, у:
- ишга кираётганида ҳеч қандай ариза ёзмаган, хавфсизлик қоидаларига риоя қиламан, деган мазмунда қўл қўйиб берган холос;
- 1 августдан 16 августгача (унгача ҳам) дам олиш кунларисиз (бошқа ишчилар каби) ишлаган. “Агар кимдир дам олгиси келса, рухсат сўрайди ва рухсат берилса дам олади. Шанба-якшанба дам олиш деган нарса йўқ”;
- иш эрталаб 7 дан кечқурун 7 гача. Тушлик қилиб олиш учун 1 соат дам;
- қурилиш ҳудудида ажратилган ётоқхонада уйидан олиб келган кўрпа-тўшагида ётади, каравот йўқ. Ишхона уч маҳал овқат беради;
- иш ҳақини (2 460 000 сўм) ҳеч қандай ведомостга қўл қўймай олган: “Оппоқ қоғозга исм-фамилия ёзилган эди. Ҳеч қанақа имзо қўйганим йўқ”.
Ишчининг айтганларидан пайдо бўлган саволларнинг баъзиларига Green Power Stroy МЧЖ бош муҳандиси Меҳрож Жумақулов мана бу жавобларни берди:
- Ишга расмийлаштириш: “Бригадир билан меҳнат шартномаси қилинган. Телеграмдан жўнатиб юбораман”. (Жўнатгани йўқ)
- Иш вақти: Иш ҳажми берилган. Хоҳласа, 1 кун ишлайди, 2 кун дам олади. Бизда график бор. Ўша графикка кўнса, ишни бошлайди.
Қонун нима дейди?
Ишчи-хизматчиларнинг иш вақти Меҳнат кодексининг VII боби (Иш вақти) билан тартибга солинади. Кодекснинг бу бобида иш вақтини ҳисоблашнинг турли ньюанслари назарда тутилган. Бироқ фундаментал меъёр 115-моддада (Иш вақтининг нормал муддати) назарда тутилган:
- Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
- Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.