Ленинград вилоятида навоийлик аёлга бошпана берган рус оиласи ёрдам сўраб ўзбек жамоатчилигига мурожаат қилди (ВИДЕО)

Фарруҳ ва унинг онаси Дурдона Наимова.

Даволаниш учун Россияга келган 47 яшар Дурдона Наимова, ўғли ва унга бошпана берган Ленинград вилоятилик оиланинг айтишича, карантин чекловлари туфайли маблағсиз қолган ва натижада Ўзбекистонга қайта олмаяпти.

Дурдонани Петербург кўчаларидан бирида оғир аҳволда топиб, унга бошпана берган рус оиласи ўзбек жамоатчилигига видеомурожаат қилиб, ёрдам сўради.

Шу йил апрелда Россияга даволанишга келган навоийлик 47 ёшли Дурдона Наимова, ўғли Фарруҳнинг Озодликка айтишича, пандемия туфайли чегаралар ёпилгани учун Ўзбекистонга қайтиб кета олмаган.

Фарруҳ онаси 1994 йилдан бери эпилепсиянинг оғир формаси билан касал эканини, уч ойлик карантин ўтиб, онаси маблағсиз ва қаровсиз қолгани ва ёрдамга муҳтож эканини айтаркан, бундай деди:

- Эпилепсиялари бор - 1994 йилдан оғрийдилар. Биз яшайдиган Навоий шаҳрида ҳавоси жудаям ёмон таъсир қилади. Шаҳарнинг ичида “Навоийазот” бор, тез-тез реанимацияга тушавердилар. Онамни Россияга биринчи марта ўтган йили октябрда, Россияда ишлаб олган Нексиямни сотиб, жўнатгандим - яхши даволаниб келгандилар. Питерда бир жиянлари олдига жўнатдим 4 минг доллар пул билан. Тушган кунлари эртасига карантин бошланиб қолди! Лекин онам дўхтирга қатнаган. Бир куни сумкасидаги пул билан остановкада приступ бериб қолган. Сумкасидаги долларларни ҳаммасини кимдир олиб кетган, документга тегмаган.

Унинг сўзларича, Дурдона ўша куни бекатда 2,5 минг долларча пулни йўқотган. Шу орада пулсиз қолган аёлга яккаю-ягона жияни ҳам қарамай қўйган. Бошқа таниш ҳамшаҳарлари олдига ёрдам сўраб борганида, улардан ҳам ёрдам ололмаган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ўзбекистонга кетишга ёрдам беринг!"

Фарруҳ:

- Онам кўчада касал бўлиб қолган. Шунда онамни Игорь ва Мария исмли маҳаллий эр-хотин кўриб қолади ва ёрдам таклиф қилади. “Менинг дала ҳовлимда яшайсан, продуктангни қилиб берамиз, уйга қараб турсанг, бас”, деб онамга бир неча ойдан бери ёрдам бериб келяпти. Менинг шароитим ҳам оғирлашди - Ўзбекистонда ишлаш у ёқда турсин, кўчага чиқиш проблема. Боримни сотгандим, онамни даволатаман деб. Ман бир ўғиллариман - касаллари тутиб қолса мениям танимай қолади! Онамга ёрдам керак, олиб келишим керак.

25 яшар Фарруҳ Зокиров касби компьютер дастурчиси экани, онасининг ёлғиз фарзанди эканини ҳам қўшимча қилди. “Онамнинг қорниларида 6 ойлигимда отам ташлаб кетган, касалликларини билиб”, деди у.

Ҳозирда Дурдона Наимова Ленинград вилоят, Киров туманидаги қишлоқларидан бирида Игорь ва Марияларнинг ҳовлисида яшамоқда.

Озодликка келиб тушган видеомурожаатида Игорь ўзбекистонликлардан Дурдонани олиб кетишга кўмак беришни сўради.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Бу аёлни касал аҳволда кўчада топдик!"

- Ҳурматли одамлар! Аёлни олиб кетишга ёрдам беринг, жуда кетгиси бор. Уни касал аҳволда кўчада топдик. Едиряпмиз-ичираяпмиз, бироз даволатдик. Лекин карантин туфайли жўнатолмаяпмиз. Касалига дори ололмаяпмиз, поликлиникалар уни қабул қилмаяпти. Уни зудлик билан жўнатиш керак уйига, - дейди Игорь ўз мурожаатида.

Озодлик билан суҳбатда Дурдона II гуруҳ ногирони экани, карантин пайтида пулларини йўқотганини, Игорнинг уйида яшаб келаётгани ва ночор аҳволда қолганини айтди:

- Петербургга даволанишга келгандим. Карантин бўлиб, ҳеч қаерга қабул қилишмади. Кўчаларда касал бўлиб, яхши одамлар қўлига тушиб қолдим, шуларнинг дачасида яшаб турибман. Уйга кетишга ёрдам беришингизни ўтиниб сўрайман, - деди Дурдона.

Озодлик билан суҳбатда Дурдона Ўзбекистоннинг Петербургдаги консуллик ваколатхонаси ва Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари унинг тақдири билан боғлиқ вазиятдан хабар топгани ва назоратга олганини билдирди.

Айни дамда, Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиа ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилгани йўқ. Ҳозирча олдиндан тузилган рўйхат асосида Россиядан Ўзбекистонга бир қанча учоқ ва поездларнинг чартер рейслари амалга оширилди.

Хусусан, шу кунларда "Ўзбекистон темир йўллари" ўзининг навбатдаги йўловчи поезди ўзбекистонликларни Россиянинг Ростов вилоятидан олиб келишга Тошкентдан жўнаб кетганини маълум қилди.

"Тошкент-Гниловская (Ростов-Дон)-Тошкент" йўналиши бўйича йўлга чиққан поезд 918 нафар ўзбекистонликни 26 август куни Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида Тошкентга олиб келиши айтилди.