Ўзбекистонлик фермерлар билан донни қайта ишлаш корхоналарининг келгуси йил ғалла ҳосилига шартнома қилиш жараёни поёнига етди.
Фермерлар билан шартнома қилинганда 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилиши ҳақидаги президент қарори инобатга олинмади.
Озодлик суриштируви натижасида фермерлар билан эски нархда ёки ғалла нархи кўрсатилмаган шартномаларга мажбуран қўл қўйдириб олингани маълум бўлди.
Бундан ташқари, 2020 йил ҳосилида режадаги буғдойнинг 25 фоизини фермердан эркин нархда сотиб олиш ҳақидаги президент қарори ҳам бажарилмади, фермерлар ғалласи 100 фоиз бозордагидан икки баравар арзон нархда сотиб олинди.
“Ўздонмаҳсулот” АЖ мулозимининг айтишича, президент қарорининг бажарилмаслигига мамлакатдаги иқтисодий вазият ва пандемия сабаб бўлган.
Шартнома мажбуран имзолатилди
Қашқадарё вилоят, Косон дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси фермерлар билан 2021 йил ҳосили учун ҳар бир килограмм буғдойга 1625 сўмдан шартнома тузди.
Исми очиқланмаслигини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, президентнинг янаги йил ҳосилидан бошлаб давлат харид нархлари бўлмаслиги ҳақидаги фармони очиқчасига бойкот қилинган:
Хурсандлигимиздан дўппини осмонга отган эдик, лекин қувончимиз узоққа чўзилмади
“Бизга, ҳар йилгидек шартномани кўр-кўрона онлайн имзолатишга мажбур қилишди. Шартнома имзоламаган фермер ери олиб қўйилиши билан таҳдид қилинди. Президентимиз шу йил 6 мартда янаги йилдан бошлаб, фермерлар ғалласини эркин нархда сотади деб фармон чиқарганда хурсандлигимиздан дўппимизни осмонга отган эдик. Лекин қувончимиз узоққа чўзилмади. Президентнинг фармонини чақачалик қадри қолмади”.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 3 мартда имзолаган “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида:
“2021 йил ҳосилидан бошлаб:
давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;
давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади”, дейилган.
Президентнинг бу қарори амалга ошмай қолаётгани ҳақида бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов бундай дейди:
“Бизнинг Жондор туманида ҳам барча фермерлар буғдой нархи ёзилмаган шартномага имзо қўйиб, муҳр босиб бўлди. Мени олдимга келишди, сиз ҳам имзоланг, деб. Мен уларга ўз шартимни қўйдим. Уларга давлат харид нархи янаги йилдан бекор бўлди, мен президент фармонида кўрсатилгандай эркин нархда шартнома имзолайман, дедим. Уч-тўрт кун кўнмай юришди. Туманда бир ўзим қолганимдан кейин мажбур рози бўлишди. Буғдой нархи деган жойига бозор нархида деб ёзиб, шартномани имзоладим”.
Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, шартномада нарх кўрсатилмаган бўш катак дон қабул қилиш корхоналарининг янаги йил ўзлари хоҳлаган нархни қўйиш имконини беради:
“Бизда фермерлар ўз ҳаққини талаб қилишга қўрқади. Чунки, ҳақ талаб қилган фермерлар доим ерлари олиб қўйилиши, уларга нисбатан турли хил босимлар бўлишидан ҳайиқади. Шунинг учун ҳам улар “оч қорним тинч қулоғим” мақолига амал қилишни ўзларига эп кўради”.
Озодлик суҳбатлашган Андижон, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилояти фермерлари ҳам 2021 йил ғалла топшириш ҳақидаги шартномада буғдой нархининг эркин бўлиши кўрсатилмаганини айтди.
Сирдарё вилоятининг Оққўрғон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири ҳам нархсиз шартнома қилишдан бу йил ҳам воз кечилмаганини айтди:
“Биз гектари билан центнерини ёзиб бердик холос, нархини эса ўзлари кейин қўйиб олишади экан. Ўзи ҳар йили шундай, бу йил буғдойнинг нархини уни топширганимизда билдик, унгача ҳеч ким билмаган ҳам. Бу бизнинг ихтиёримиздаги нарса эмас. Озгина бошингизни кўтаринг, прокуратура битта айб топади-да, обориб тиқиб ташлайди. Додингизни кимга айтасиз. Президент тепада айтаверади, булар ўзлари хоҳлаган ишини қилаверади. Каримов давридан буён шундай бўлиб келяпти, ҳеч нарса ўзгармади, ёмон бўлса бўлдию яхши бўлмади. Мана, бу йил президентимиз режадаги буғдойнинг 25 фоизини бозор нархида оламиз деган эди, бўлдими шу? Йўқ! Аксинча режадан ортганини ҳам туманга, вилоятга деб тортиб олди”.
Фермер тилга олган 25 фоиз нима эди? Махфий қарор президент фармонини бекор қила оладими?
Ўзбекистон президентининг 6 мартдаги қарорида 2020 йил ҳосилидан бошлаб фермерлар давлатга топширадиган буғдойининг 25 фоизини эркин нархда сотиши мумкин эди.
Аммо Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишича, президентнинг қароридаги бу банд ҳам бажарилмаган.
Исми сир қолишини сўраган фарғоналик фермерлардан бирининг айтишича, ғалла режасини бажариб бўлганидан сўнг, у донни қайта ишлаш корхонасидан топширган буғдойининг 25 фоизига бозор нархида ҳақ тўлашни талаб қилган:
Президентимиз қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қўйибди-да, деб қайтиб кетдим
"Акалар, мана президентнинг фармони, 25 фоизини бозор нархида тўланглар деб телефонимдан очиб кўрсатдим. Ака, бундан хабаримиз бор, лекин бизга юз фоиз давлат нархидан оласан, деган буйруқ келган. Сизлар 1500 сўмдан оляпсизлар, бозорда 2500-3000 сўм, қани адолат десам тепани кўрсатишди. Ҳа, президентимиз қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қўйибди-да, деб қайтиб кетдим”
Озодлик бухоролик фермерлар топширган ғалланинг 25 фоизига ҳам давлат нархида ҳақ тўлангани ҳақида жорий йилнинг 7 июль куни хабар берган эди.
Мавзуга алоқадор Ҳукумат Президент қарорини бекор қилди. Фермерлар буғдойни 75 эмас, 100% давлат нархида сотадиЎшанда “Қоракўлдон” АЖнинг бош ҳисобчиси Латиф Вафоев Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг ғалласи 100 фоиз давлат нархида сотиб олинишига Вазирлар Маҳкамасининг 15 июндаги 378-сонли қарори асос бўлганини айтган эди:
- Тўғри, олдин президентнинг 75/25 ҳақидаги қарори чиқди, кейин Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиб ўзгарди-да ,100 фоиз бўлди. 75/25 ўз кучини йўқотади деган жойи бор.
Аммо, Озодлик Lex.uz сайтида 15 июнда эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 378-сонли қарорини синчиклаб ўқир экан, 2 банд билан 4 банд ўртасидаги 3 банд йўқлигини аниқлади.
Озодлик донни қайта ишлаш корхоналаридан бирига юборилган бу қарорнинг аслини топишга муваффақ бўлди. Бу қарор нусхасида 3-банд “Махфий” деб номланган ва унга ҳеч нарса ёзилмаган.
Фермерлар ва жамоатчиликдан яширилган бу бандда президент Шавкат Мирзиёевнинг 6-мартда имзолаган “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бекор қилинганини тахмин қилиш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу қарорининг биринчи банди(2019 йилги буғдой ҳосилининг 25 фоизини эркин нархда сотиш -таҳр) амалда ишламади ва иккинчи бандининг(2021 йил ҳосилини эркин нархда фермердан сотиб олиш – таҳр.) келгуси йилда ҳам жорий қилинмаслигига эркин нарх кўрсатилмасдан имзоланган шартномалар мисол бўла олади.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамиятининг ўзини таништирмаган мулозими, президент қарорларининг бажарилмай қолганига мамлакатдаги иқтисодий вазият ва пандемия сабаб бўлганини айтади:
25 фоизни ҳам давлат нархида сотиш фермерлардан ҳукуматимизга бир ёрдам бўлди
“Тўғри, фермерлар буғдойининг 25 фоизини эркин нархда сотиб олиш ҳақида президентнинг қарори чиққан. Лекин вазиятни кўриб турибсиз, пандемия сабаб иқтисодимиз анча чўкиб қолди. 25 фоизни ҳам давлат нархида сотиш фермерлардан ҳукуматимизга бир ёрдам бўлди. Келгуси йил имзоланган шартномаларга келсак, харид ўша пайтдаги бозорда шаклланган нархларда бўлади”.
Озодлик ўзбекистонлик фермерларнинг давлатга топширган ғалласи пулини ололмаётганини ёритган.
Озодлик мақолаларидан кейин Бухоро туманининг Жондор фермерларига ҳосил пули тўлаб берилганди.
Ўзбекистонда 2020 йилда 1 миллион 263 минг гектарда бошоқли дон етиштирилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, республикада жами 10 млн тонна буғдой талаби мавжуд бўлиб, шундан 3,23 млн тонна аҳоли истеъмоли учун, 6,8 млн тонна чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва спирт саноати учун сарфланади.