Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги АОКА маҳаллий Интернет нашрларига юборган огоҳлантириш хатлари бўйича баёнот берди.
Баёнотда айтилишича, кейинги пайтларда "айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш кузатилмоқда, ёлғон маълумотларни тарқатиш фактлари мавжуд".
Баёнотда, 20-23 ноябрь кунлари «Kun.uz», «Daryo.uz», «Gazeta.uz», «Podrobno.uz», «Repost» Интернет нашрларида "қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари" аниқлангани учун огоҳлантириш хатлари юборилгани айтилган.
Агентлик хулосасига кўра, «Kun.uz» сайтида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг "ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган".
«Gazeta.uz», «Daryo.uz», «Podrobno.uz», «Repost» сайтларида жойлаштирилган материалларда "коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган". Дарвоқе, бу нашрлар иккита расмий манба - президент матбуот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус беморлари ҳақида берган рақамлари ўртасидаги тафовутни ёзгани учун АОКАдан огоҳлантириш олган.
"Агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлайди" дейилади баёнотда.
Аммо, агентликнинг маҳаллий нашрларга йўллаган бу огоҳлантируви ушбу нашрлар ва халқаро ташкилотлар томонидан маҳаллий матбуотга босим сифатида баҳоланмоқда.
Хусусан, мустақил нашрларнинг ўзи, танқидий чиқишлар учун "жиддий ҳуқуқий оқибатлардан" огоҳлантирган АОКАни босим ўтказишга уринишда айбламоқда.
Мавзуга алоқадор Zo’rTV журналистлари газ-свет муаммоси ва митингларни ёритмаслик ҳақида огоҳлантирилдиМавзуга алоқадор АОКА можароси: Хориж элчилари ўзбек матбуоти ҳимоясига чиқди - Алламжонов ва Мирзиëева жим