Самарқанд вилоят, Пайариқ туманидаги Хўжа Исмоил маҳалласида яшайдиган аёл қўшнисининг 12 яшар қизини ваҳшийларча ўлдирганликда гумонланмоқда. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидан олган маълумотига кўра, эрининг қўшни хотин билан ишқий саргузаштлари борлигини гумон қилган аёл, қасд олиш мақсадида унинг қизини ўлдириб, жасадни уйи яқинидаги далага кўмиб ташлаган бўлиши мумкин. Лекин бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган. Жорий йилнинг 10 декабрь куни бедарак йўқолган қизчанинг жасади 25 декабрь куни топилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Пайариқ туманининг Хўжа Исмоил маҳалласида яшаган 5-синф қиз бола ўқувчининг жасади 25 декабрь куни далада, кўмиб ташланган ҳолда топилган.
Бу қиз жорий йилнинг 10 декабрида бедарак йўқолган эди.
Самарқанд вилоят, Пайариқ туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Амин Тошев Озодлик билан суҳбатда қиз боланинг жасади қидирувлар натижасида топилганини айтди:
“Ҳа, бу қиз боланинг жасади топилди. Биз ҳозир воқеа жойидамиз, тергов ҳаракатлари олиб боряпмиз”, деди Амин Тошев.
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу иш юзасидан бир аёл гумонланувчи cифатида ҳибсга олинганини айтди.
Хўжа Исмоил маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, қиз бола 26 декабрь куни дафн қилинган:
“Кеча қизчани кўмишди. Унинг онаси бизнинг қишлоққа келин бўлиб тушганига ўн йилча бўлди. Отаси беш йил олдин вафот этган. Аввал қайнотасининг уйида бирга яшаб юрди. Кейин ўзларига бир уй қилиб, чиқариб қўйишди. Биз ҳам ҳали аниғини билмаймиз. Айтишларича, қўшни аёл шу ишни қилган. Қизчани болта билан уриб ўлдириб, уйи яқинидаги далага кўмиб ташлаган экан. Қизчанинг онасини эрига ўйнаш бўлган, деб гумон қилган экан. Шунинг учун унинг қасдини қизидан олибди, деган гаплар бор. Лекин бу ҳали расман тасдиқланмаган. Ҳозир бу аёл ҳибсга олинган, тергов олиб бориляпти”, деди маҳалла фаоли.
Озодлик олган маълумотга кўра, бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97- моддси (Қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши очилган.
Сўнгги икки ой ичида Озодлик Ўзбекистонда оиладаги жанжал оқибатида рўй берган камида олтита қотиллик ҳақида хабар берди.
Андижоннинг Булоқбоши туманида Диёрбек Йўлдошев 8 ёшли қизи Севарани бўғиб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Йўлдошев қизини ўлдириб, зовурга ташлаган ва бу жиноят 2 декбрь куни ошкор қилинди.Воқеа тафсилотларидан хабардорларга кўра, жиноят собиқ хотинига рашк ва алимент тўламаслик мақсадида амалга оширилган.
Ўтган ой Хоразмнинг Шовот туманида эр ўзини хотинини сўйиб, ёқиб юборди.
Октябр ойи бошида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.
31 августда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшайдиган аёл ўғли билан бирга Қумқўрғон туманидаги кундошини ўлдириб, икки ёш боласи билан ёқиб юборган эди. Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, кундошининг уйига ўт қўйиш жараёнида аёл ва жиноят содир этишда унга ёрдам берган ўғли ҳам қаттиқ куйиш жароҳати олган. Икки хотинли эр эса ўша пайтда Ҳаж сафарида бўлган.
Яна август ойида Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.
Президентга кўра, Фарғона вилояти Фарғона тумани Ёрдон қишлоғида келин ўз қайнонасини уриб ўлдирган.
"Нега бирорта мақола ўқимадим, нега чиқишлар қилинмади. Мен сизларга ҳар видеоселекторда тайёр мавзу айтаяпман. Жамоатчилик, мутасаддилар бу мавзуларни нашрларда кўтариб чиқмаяпти. Наҳотки, ўзбек оиласида келин ўз қайнонасининг қотилига айланса", - деган эди Шавкат Мирзиёев.