Бухорода банкларнинг 551 ходими уйма-уй юриб солиқ йиғмоқда

Банк ходимларининг ўз ишини қўйиб¸ уйма-уй солиқ йиғаëтгани банкларда узун навбатлар пайдо бўлишига олиб келган.

Бухоро вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан вилоятдаги аксар банк ходимлари шу кунларда уйма-уй юриб¸ солиқ йиғмоқда.

Бу ҳақда шахси сир қолишини сўраб Озодликка хабар қилган банк ходимлари фикрича¸ жорий ҳокимият уларни ўз ваколатига кирмайдиган ишларга мажбурлаш орқали банк тизимининг “пачавасини чиқармоқда"

Озодлик боғланган айрим банк расмийлари бу хабарни мутлақ рад этишга уринган бўлса¸ айримлари айни кунларда МФЙ¸ банк ва МИБ ходимларидан тузилган сайëр гуруҳнинг уйма-уй юриб¸ солиқ йиғаëтганини тасдиқлади.

“Банк мижоз эмас¸ ҳокимият ва солиқчилар учун хизматчи бўлиб қолди”...

16 сентябрь куни Озодликка боғланган Бухородаги Халқ банки¸ Миллий банк ва Қишлоққурилишбанк ходимлари¸ 5 сентябрдан буëн ўз асосий ишлари қолиб¸ уйма-уй солиқ йиғишга мажбурланаëтганини билдирди:

Биз банк ходимлари эрталаб 9:00 дан 17:00 га қадар солиқ пулини териб юрибмиз. Ўз ишимизни қилолмаяпмиз¸ мижозларга ҳеч қандай хизмат кўрсата олмаяпмиз. Ҳар куни 2 марта сводка беришга мажбурлашаяпти. Банк тизимининг пачавасини чиқариб ташлашди”.

Бухоролик банкирлар билан суҳбатлардан аëн бўлишича¸ банк ходимлари вилоят¸ сўнгра эса¸ туман ҳокимлари берган оғзаки буйруқ асосида уйларга кириб¸ мол-мулк ва ер солиғи йиғмоқда.

«Хар куни камида 25-30 минг ëнимиздан харажат қиламиз -йул кира ва овқатланишга​¸10-15 километрга борамиз. Солиқ тушумлари учун ҳеч қандай рағбатлантириш ёки устама ҳақ тўлашмаяпти. Аксинча¸ агар тушумни қилмасак¸ ишдан оламиз дея қўрқитишяпти. Кунига ҳар бир банкир 1 миллион сўмдан кам бўлмаган солиқ тушуми тушириб бериши керак. Акс ҳолда¸ ҳокимиятдан ҳақорат эшитаяпмиз»¸ дейди Халқ банки ходимларидан бири.

Озодликка боғланган бухоролик банк ходимлари¸ суҳбат пайтида ҳам ўзларининг уйма-уй юрганлари¸ ҳокимлик ва солиқ идорасига «текин ҳаммоллик»нинг 5 октябрдан аввал тугамаслигини айтишганини билдирдилар.

Озодликка тақдим этилган бу ҳужжатга Бухоро вилояти ҳудудидаги 551 МФЙга 551 нафар банк ходими солиқ йиғиш учун бириктирилгани кўринади. Озодлик банк ходимлари ва улар мобил телефон рақамларини эълон қилмаëтир.

Айни пайтда¸ улар «Бухоро вилоятидаги МФЙларга бириктирилган банк ходимлари тўғрисида» деб номланган ички ҳужжат нусхасини Озодликка тақдим этдилар. Бу ҳужжатдан вилоятдаги 551 та МФЙ учун бир нафардан банк ходими бириктирилгани ва уларнинг ҳар бирига «мол-мулк ва ер солиғи» ундиришнинг режаси топширилгани кўрилади.

Ҳужжатда¸ Бухоро вилояти бўйича 551 нафар банк ходимига жами 316 910 нафар фуқародан 40 миллиард сўм ер ва молк-мулк солиғи йиғиш топширилган.

Раддия уринишлари

Озодлик бухоролик банк ходимларининг қайси асосда солиқ йиғишга мажбурланаëтганига изоҳ олиш мақсадида Халқ банки матбуот хизмати билан боғланди.

«Бу масалада Халқ банкида муаммо йўқ. Ҳамма ходимларимиз ўз ишлари билан шуғулланмоқда. Бугун ҳам гаплашдим - ҳаммаси иш жойидамиз дейишаяпти, бу масалада муаммо йўқ. Чунки Халқ банки ўз ходимларини ҳимоя қилади»¸ деб жавоб берди Озодлик саволига банк матбуот хизмати расмийси

Миллий банк матбуот хизмати раҳбари йиғилишда бўлгани боис¸ бевосита жавоб олишнинг имкони бўлмади. Аммо банкнинг Бухоро вилояти туманларидан бири Кадрлар бўлими раҳбари¸ ходимларнинг уйма-уй юриб¸ солиқ йиғаëтганини тасдиқлади.

«Шунақа топшириқ берилган. Энди биз банк¸ кассир сифатида ўзининг квитанцияси орқали терадида! Солиқчи олмайдику хонадонлардан пулни! Шунинг учун банк ходими уйларга кириб¸ квитанциясини жойида ëзиб бериб¸ пулниям ўзи олаяптида! Бу топшириқни бажараяпмиз¸ кимдан келганини айтолмайман»¸ деди Миллий банк ҳудудий бўлимларидан бири Кадрлар бўлими раҳбари 16 сентябрь куни.

Миллий банк бўлимларидан бири раҳбари эса¸ аввалига ходимларининг солиқ йиғаëтгани хабарини рад қилишга уринди¸ аммо хабарлар тафсилотини эшитганидан сўнг¸ қандайдир «сайëр гуруҳлар»ни тилга олди.

«Сайëр кассалар бўлиши мумкин. Лекин хабарим йўқ. Унақа гап йўқ. Жалоба йўқ. Нотўғри маълумот. Телефонда ҳар хил гап бўлиши мумкин. Бу банк¸ банк сири деган нарса бор. Хат билан¸ ëзма мурожаат қилсангиз жавоб берамиз"¸ деди Миллий банкнинг туман раҳбарларидан бири.

Сайëр касса ҳақидаги изоҳга жавоб берган бухоролик банкирлардан бири:

Ҳозир уйма-уй юрганларнинг сайëр кассирларга алоқамиз йўқ. Биз олий маълумотли ходимлармиз¸ камида етакчи мутахассис. Бўлим бошлиқлари ҳам пул теришга чиқаяпти. Солиқ тушуми учун ёрдамчи кассирлармиз»¸ деди жумладан.

Озодлик бу жараëнга изоҳ сўраб¸ Ўзбекистон Марказий банки расмийсига мурожаат қилди.

«Бунга тижорат банкларининг банк кенгашлари жавобгар. Иккинчидан¸ банклар манфаатларини ҳимоя киладиган ноҳукумат ташкилоти - Банклар ассоциацияси бор. Меҳнат тартибини бузганлик учун Меҳнат вазирлиги. Қонунчилик бузилаётгани - банк ишига аралашмаслик тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатлар талаблари бузилаётгани учун эса¸ Адлия ва прокуратура тизими масъул. Марказий банкда банкирлар манфаатини ҳимоя қиладиган ваколат йўқ»¸ деди Озодлик бошланган Марказий банк масъулларидан бири.

Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масаласида ўтказган видеоселектор йиғилишида аксар вилоятлардаги солиқ тушумларини йиғиш вазияти танқид қилинган эди.