Eurasianet: Ўзбек расмийлари Озодлик суриштирувини йўққа чиқариш учун садоқатли блогерларни ёллади

Давлат томонидан қаттиқ назорат қилинадиган ўзбек ОАВлари Озодлик суриштирувини эътиборсиз қолдирган.

“Eurasianet” нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда ОАВ Озодлик радиосининг мамлакатдаги шубҳали нефт ва газ битимлари ҳақидаги суриштирувини эътиборсиз қолдирган.

"Ўтган ҳафта Ўзбекистонда Озодлик радиосининг маҳаллий ва россиялик йирик корчалонлардан иборат гуруҳ нефть ва газ саноатининг катта қисмини ўз назоратига қандай олгани ҳақидаги суриштируви шов-шувга сабаб бўлди. Озодлик видеоси 9 февраль куни YouTube’га юкланганидан буён у деярли 700 минг марта кўрилган ва 7 мингдан ортиқ фикр билдирилган", деб ёзади Марказий Осиёга ихтисослашган инглиз тилидаги мустақил нашр.

Бироқ “Eurasianet”га кўра, маҳаллий оммавий ахборот воситалари Озодлик суриштирувини мутлақо эътиборсиз қолдирган.

"Бир неча кун давомида на давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари, на уларнинг хусусий сектордаги ҳамкасблари муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бу можаро ҳақида тайинли изоҳ бермади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Озодлик суриштируви ортидан икки вазир 8 журналист билан нималарни гаплашди?

Халқ орасида блогер номи билан танилган таниқли фуқаро журналистлар ҳам жим турди. Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги мулоқот қилиш ва янгилик олиш учун фойдаланадиган мессенжер иловаси – Telegram’даги кўп ўқиладиган каналларда ҳам Озодлик суриштируви ҳақида умуман сукут сақланди", дейилади мақолада.

Нашрга кўра, бу ғалати вазият ҳукумат сўнгги йилларда ўзини ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳот тарафдори сифатида кўрсатишга уринаётган Ўзбекистонда ўз-ўзини цензура қишиш қанчалик кенг тарқалганини кўрсатади. Мақолада айтилишича, яқинда Human.uz нашри ходимларининг шов-шувли ҳибсга олиниши чегарани бузадиганларни нима кутишини кўрсатиб қўйган.

"Ўзбекистондаги журналистлар ва блогерлар репрессиялардан қўрқиб, одатда ҳукумат кўрсатган йўлдан юришни афзал кўради", деб айтган тошкентлик журналист Сардор Салим Eurasianet’га. "Айрим мавзуларни тилга олишнинг ўзи улар учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Айрим оммавий ахборот воситалари ва блоглар ҳам манфаатдор гуруҳлар томонидан назорат қилинади".

Аммо Eurasianet’га кўра, маҳаллий ОАВнинг Озодлик хабарларига ҳавола бермаслиги борасида аниқ прецедентлар мавжуд. " Озодлик 2021 йилда давлат компаниялари солиқ тўловчилар ҳисобидан пойтахт Тошкентнинг жануби-шарқидаги тоғли Шоввозсой бўйида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий фойдаланиши учун улкан ҳашаматли дам олиш маскани қандай қургани ҳақида шов-шувли суриштирувни эълон қилган эди. Бу каби хабарлар ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситаларида шунчаки ўз-ўзини цензура қилиш билан кутиб олинди.

Расмийлар бир неча кун кеч бўлса‑да, бу сафар фаол позицияни эгаллашга ҳаракат қилишди.

Оммавий баҳслардан сўнг Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 12 февраль куни махсус саралаб олинган журналистлар ва блогерлар гуруҳи билан учрашди. Учрашувда вазир Озодлик хабаридаги айрим даъволарни рад этган, жумладан, ҳукумат мамлакатдаги барча нефть ва газ конлари назоратини 35 йил муддатга Россия президенти Владимир Путинга алоқадор бўлган олигархларга тегишли рус компанияларига бергани ҳақидаги даъволарни ҳам.

"Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу мутлақо асоссиз, ёлғон ва нотўғри талқин қилинган маълумотлар. Ҳозирда ўзлаштирилаётган конларнинг аксарияти [давлат нефть-газ компанияси] "Ўзбекнефтгаз"га тегишли", дея Мирзамаҳмудовнинг ёпиқ брифингида айтган сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Мавзуга алоқадор Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар

"Вазирнинг айтишича, Ўзбекистондаги 294 та нефть ва газ конларидан 188 таси "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тасарруфида. Унинг айтишича, 35 йиллик шартнома фақат битта, ҳозирда ўзлаштирилмаган М25 газ кони билан боғлиқ.

Бироқ Мирзамаҳмудовнинг сўзлари чалғитишга мўлжаллангандек туюлди – итоаткор блогер ва журналистлар ҳам бу чалғитишга кўнган ва бутун эътибор Озодлик хабаридаги биргина тафсилотга қаратилган.

Ваҳоланки, Озоодлик суриштирувидаги муҳим қисм бу эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати Президент Мирзиёевнинг бевосита кўрсатмаси асосида Кипр, Сингапур, Хитой ва Буюк Британия каби давлатларда жойлашган номи ошкор этилмаган офшор компанияларга нефть ва газ конларини ўзлаштириш ва қазиб олиш ҳуқуқини ўзбошимчалик билан бергани эди. Бу номаълум компанияларнинг аксарияти президент Путиннинг иттифоқчилари назорати остидаги ташкилотлар ва баъзи ҳолларда Ўзбекистон хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали амалдорларининг қариндошлари билан боғлиқ эди. Суриштирув муаллифлари фикрича, сиёсий хавф туғдиришдан ташқари, бу ҳолат нефть ва газ саноати устидан назорат заифлашишига олиб келган, бу эса ўз навбатида молиявий исрофгарчилик ва сурункали самарасизликка сабаб бўлган ва бу Ўзбекистонни сўнгги совуқда инқироз ёқасига олиб келган.

Расмийлар билан гаплашиш имконига эга бўлган блогерлар ва журналистлар бу жиҳатларга қарагани ҳам йўқ", дея мақоласини якунлайди Eurasianet нашри.