Форишда яна бир мактаб ўқувчиси осилган ҳолда топилди

rope

Жиззах вилояти Фориш туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 10 синф ўқувчиси 12 февраль куни ўзи уйининг болохонасида осилган ҳолда топилди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, бола ўзини осганидан икки кун ўтиб, унинг жасади уйининг болоханасида ошкор қилинган.

Туман прокуратураси бу воқеа юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракати олиб бормоқда.

Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, мактабларда малакали психологлар етишмаслигини айтди.

Бу ҳолат Фориш туманида сўнгги икки ойда мактаб ёшидаги болаларнинг учинчи бор ўз жонига қасд қилишидир.

Фориш туманининг Оқтепа маҳалласида яшаган 16 яшар мактаб ўқувчисининг ўз жонига қасд қилгани ҳақида Озодликка шу маҳалла яшовчилардан бири хабар қилди:

“Марҳум оиланинг яккаю-ёлғиз ўғил фарзанди эди. Ўлимидан бир кун олдин мактабдан қайтган, уйларида овқатланган кейин соат кечки олтиларда ҳовлисидаги бошқа уйга чиқиб кетган. Уйидагилари ўша ерда ётади деб, қидиришмаган. Лекин эрталаб кириб қарашса, уйда йўқ экан. Кейин қидир-қидир бошланган. Икки кундан сўнг томга чиқиб кўришса ўша ерда осилган ҳолда турган экан”, дейди оқтепаликлардан бири.

Фориш тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Айни пайтда прокуратура бу ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бормоқда. Ўшанинг натижаларига қараб қонуний қарор қабул қилинади”, деди прокуратура мулозими.

Фориш тумани ҳокимининг Хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Гулнора Исмоилова Озодлик билан суҳбатда, сўнгги пайтда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини тасдиқлар экан, мактаблардаги психологларнинг малакасиз эканлигини айтди:

- Мактаблардаги психологлар талабга жавоб бермайди. Улар билан индивидуал суҳбатлашяпман, лекин кучли психологни кўрмаяпман. Вилоят пединститутидан Ориф ака деган домлани чақириб, психологларимиз билан суҳбат ўтказдирдик. Ҳақиқатан ҳам психологлар масаласида жуда ҳам катта камчилигимиз бор. Энди барча психологларни йиғиб, вилоятдан ҳам мутахассиларни чақириб, буларни тестдан ўтказиш ёки маълум бир йўналиш бериш ҳақида келишиб олдик, дейди Гулнора Исмоилова.

Унинг айтишича, Форишда сўнгги пайтда ёшлар ва катталар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати кўпайганлиги ҳақиқатан ташвишли ҳол:

- Ҳамма ишни қиляпмиз, мактаб-коллежларда учрашувлар ўтказиб, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Имомларимиз масжидларда бу мавзуда амри маъруф қилмоқда. Маҳаллаларда худойи қилиб ўтказдик. Лекин ўз жонига қасд қилишлар давом этяпти. Масалан, ўтган олти ой давомида бир оиланинг уч ўғли кетма-кет ўзини осди. Ўзига тўқ, тагида мошинаси бор йигитлар. Унинг отаси ҳам аввал ўзини осиб, ўлган экан. Айниқса ўқувчи болларнинг ўз жонига жабр қилиши, ҳеч тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Буни тагида қандайдир бир сир-синоат бор. Бу ҳолатга қарши курашиш кераклиги деярли ҳар мажлисда муҳокама қилиняпти, деди туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Исмоилова.

Фориш тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Жиянов 8 январь куни Озодлик билан суҳбатда, туманда ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи ўтган йили аввалги йилга нисбатан 4 тага ошганини билдирган эди:

- Бир йил давомида 9 та ўз жонига қасд ҳолати бўлди. Бу аввалги йилга нисбатан 4 тага кўп. Албатта, бу ачинарли ҳол. Биз мутахассислар билан бундай фожиаларнинг сабабини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзини осган ўқувчи қиз ҳам ўзига тўқ оиладан, ижтимоий қийинчилиги йўқ. Ўзини осган ўғил боланинг отаси ҳам узоқ йиллар ички ишларда ишлаган, обрў-эътиборли оила. Ночор оила десак, қийналган оила десак балки бунга бир сабаб бўларди, лекин бу иккаласи ҳам ўзига тўқ оила. Биз бундай воқеаларни маҳаллаларда муҳокама қиляпмиз. Ҳамма маҳалла раисларини чақириб, бу соҳада қаттиқ ишламасак бўлмайди, деб келишиб олдик”, дейди ҳоким ўринбосари Жаҳонгир Жиянов.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йил 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.