Ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоил асари Европа адабий мукофоти ғолиби бўлди

Ëзувчи Ҳамид Исмоил

Таниқли ўзбек ëзувчиси 65 яшар Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” романи 7 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабий мукофотини қўлга киритди. Ғолибга эсдалик медали билан биргаликда 20 минг евро берилади.

Танлов финалида латвиялик ёзувчи Нора Икстен ва поляк ёзувчиси Олга Токарчук ҳам иштирок этган бўлсада бош соврин ўзбек ëзувчисига насиб қилди.​

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабий мукофоти жами 40 та мамлакат ёзувчиларининг инглиз тилида чоп қилинган асарларини қамраб олган.

Мукофот умуминсоний ғоя ва муаммолар тасвирланган полифоник асарларга берилади.

“Жинлар базми” романи икки қисмли. Ëзувчи Ҳамид Исмоилнинг Озодликка айтишича биринчи қисмда Ойхон тақдири қаламга олинади. Иккинчи қисмда эса таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг қамалиши ва 30-йиллардаги зиёлилар қатағони фожиаси очиб берилади.

Романни инглиз тилига инглиз таржимонлари Доналд Рейфилд ва Жон Фарндон ўгирган.

2018 йилда мукофотни турк ёзувчиси Бурҳон Сенмез “Истанбул, Истанбул” романи учун қўлга киритган эди.

Ўзбек ўқувчилари “Жинлар базми” романининг илк боблари билан 2012 йили муаллифнинг Интернетдаги Фейсбук саҳифаси орқали танишган эди.

Ҳозир Лондонда истиқомат қилаëтган ëзувчи Ҳамид Исмоилнинг Озодлик мухбирига билдиришича, юксак соврин олган янги роман 1938 йили отиб ўлдирилган ўзбек ëзувчиси Абдулла Қодирийнинг сўнгги кунлари ҳақида ҳикоя қилади.

- Абдулла Қодирийнинг ҳаëти, 1937 йил 31 декабрда қамалганидан бошлаб то 4 октябрь 1938 йил отилгунига қадар тасвирланган. Лекин бу фақат Абдулла Қодирийнинг қамоқда ëтган ҳаëти ҳақида эмасда, унинг асари ҳақида, кўнглига тугиб юрган асари ҳақида. Чунки бизга маълумки, қамалишидан олдин Абдулла Қодирий Музайяна Алавия, бошқа ëзувчиларга, мен бир роман ëзмоқчиман деган. Бу роман ўзбек адабиëтшунослигида “Канизак “романи деган таъбир остида кирган. Лекин аслида бу канизак ҳақида эмас¸ Ойхон пошшо деган хўжа қиз ҳақида, дейди Ҳамид Исмоилов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳамид Исмоил билан суҳбат

Ëқиб юборилган "Канизак" романи қайта тикланди

1937 йил декабрь ойида Абдулла Қодирий қамоққа олинганида унинг ҳали чоп қилинмаган қўлëзмалари ëқилади.

Бу қўлëзмалар ичида "Канизак" романи ҳам бўлгани тахмин қилинади.

Бу роман ўша пайтда фавқуллода машҳур бўлган “Ўтган кунлар” романидан ҳам таъсирли бўлиши ҳақида Тошкент ва Самарқанддаги адабиëт аҳли орасида ошиғич гап-сўзлар тарқалган эди.

Романнинг тақдир тақозоси билан уч амирга ҳамтўшак бўлган канизак ҳикояси экани мунаққидлар тарафидан қайд қилинади.

Бу китобнинг КГБ ўтëқарлари тарафидан “ўзбек ëзувчилари” ëзган “хулоса”га биноан ëқиб юборилгани ҳақида архив маълумотлари бор¸ холос.

Замонавий ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоил ўша ëзилмаган китобни қувваи ҳофиза ëрдамида “қайта тиклаш”га уринганини айтади.

- Қодирий бу романни ëзаëтганда ҳибсга олинади. Мен ўз асаримда Қодирийнинг қамоққа олиниш арафаси ва отилгунга қадар қамоқдаги кунларини қаламга олдим, дейди Ҳамид Исмоил.

Суҳбатдошга кўра, Қодирий ëза бошлаган тарихий роман сюрреалистик тарзда қамоқда ҳам давом этади.

Қодирий ўз романидаги қаҳрамонлари билан қамоқда учрашади. Озод бўлишига ишонган Қодирий қамоқда ҳам роман учун материаллар йиғади.

Аммо КГБ аскари милтиғидан отилган қўрғошин ўқ Абдулла Қодирий умрига нуқта қўяди.

Роман қўлëзмаси КГБ нинг махсус печкасида ëниб кул бўлди. Аммо рус ëзувчиси Михаил Булгаков ëзганидек "қўлëзмалар ëнмайди"

2019 йилнинг 7 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабий мукофотини қўлга киритган "Жинлар базми" асари¸ Ҳамид Исмоил фикрича¸ "Қодирий руҳининг ўлмаслигидан далолат".

Китобни ўзбек ўқувчиси ўқидими?

"Бугунги кунда ëзувчи ëзган асар билан ўқувчи ўртасида улкан жар пайдо бўлгани ҳақида хавотирли гаплар бор. "Жинлар базми"нинг инглиз тилида ўқилиб соврин олгани яхши хабар¸ аммо китобни ўзбек ўқувчиси ҳам ўқидими?"

Озодлик мухбирининг бу саволларига жавоб берган роман муаллифи ўқувчиларнинг Қодирий тақдирига дардкашлигидан таъсирланганини айтади:

- Биласизми, бу романни компьютерда терган аëл ўзбек аëли, йиғлаб-йиғлаб ўқибди. Менга энг асосий баҳо шу. Яна бир катта аëл баъзи сўзларни тушунмаганида¸ машинкачи аëлдан сўраб юрган қайнонаси ҳам китобни қўймасдан ўқиб чиқибди. Шу менга энг катта баҳо, дейди Ҳамид Исмоил.

Новқатда туғилиб Лондонда яшаëтган машҳур ўзбек ëзувчиси

Ҳамид Исмоил 1954 йили Қирғизистон жанубидаги Новқат қишлоғида туғилган. Ҳарбий билим юртини тугатиб зирҳли қуролдан ўқ отувчи мерган гувоҳномасини олди.

Ҳарбий маслакдан воз кечган Ҳамид Исмоил Тошкент давлат университетида филологиядан таҳсил олди. Илк шеърлар китобини 1987 йил Тошкентда рус тилида чоп қилдирди.

Ҳамид Исмоил 1992 йили бир гуруҳ хорижий журналистлар билан биргаликда “Ҳилолга ошиқ Фарғона” ҳужжатли филмини суратга олганидан сўнг расмий Тошкент назарида исталмаган шахсга айланди.

1992 йилда Ўзбекистондан чиқариб юборилганидан кейин ёзувчи Франция, Германия, АҚШ, Буюк Британия ва Россияда бир неча китобларини эълон қилди.

Ҳамид Исмоил асарлари Ингаборг Балдауфф ва Зигрид Клайнмихель каби немис таржимонлари тарафидан таржима қилиниб Германияда нашр қилинган.

Исмоилнинг асарлари Британиянинг “Rossica”, АҚШнинг “Aatsee” адабий совринларига лойиқ кўрилган.