Астрономлар Ойда муз топди

Ой сатҳи

Астрономлар Ернинг табиий йўлдоши - Ойнинг шимолий ва жанубий қутбларида муз бўлаклари борлигини аниқлади. Улар бир кун келиб Ойга борадиган одамлар учун сув манбаига айланиши мумкин.

Ойдаги музлар НАСАнинг минералогия харитасини тузувчи мосламасининг инфрақизил ўлчовлари ёрдамида аниқланган. Мазкур мослама бундан ўн йил олдин Ҳиндистоннинг “Чандраян-1” зонди орқали Ойга юборилган эди.

Янги ўрганиб чиқилган маълумотлар Ой қутбларининг қуёш нури тушмайдиган ҳудудида бир неча жойда муз бўлаклари борлигини кўрсатган.

Гавайи геофизика ва сайёрашунослик институти ходими Шуаи Лининг айтишича, аниқланган муз бўлакларининг асосий бўлаги Ойнинг жанубий қутбида олимлар ва изланувчилар номи берилган кратерлар гуруҳи яқинида жойлашган. Шимолда эса муз бўлаклари озроқ бўлиб, улар бир-биридан узоқроқ жойлашган.

Муз бўлаклари қайта ўрганилганда, улар Ой сатҳи ҳарорати -163оС даражадан кўтарилмайдиган жойларда ҳосил бўлиши хулоса қилинган. Аммо ҳароратнинг ўзи етарли эмаслиги аниқланган: соя жойларнинг атиги 3,5 фоизида музлаган сув белгилари топилган.

Proceedings of the National Academy of Science журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, ушбу далиллар Ой сатҳидаги очиқ музликларнинг илк ва конкрет исботи эканлиги айтилади.

Ҳиндистон Фазо агентлиги “Чандраян-1” миссиясини 2008 йилда орбитага юборган эди. Орадан бир йил ўтиб, миссия Ой сатҳида музлаган сув борлигини аниқлади. Ойдаги сув муз қатламлари шаклида эмас, балки чанг зарралари билан бирлашган сув молекулалари шаклида эканлигига ишонилади.

Ҳиндистон миссияси муваффақияти ортидан НАСА 100 км диаметрга эга Кабео кратерига фазо кемасини юборди. Ой сатҳига атайин қаттиқ зарб билан урилган кема кўтарган чанг ёрдамида олимлар Ойда сув борлигини тасдиқлашга муваффақ бўлдилар.