2018 йилнинг 2 сентябрида мустақил Ўзбекистоннинг 1-президенти¸ мамлакатни 27 йил билан қаттиққўллик билан бошқарган Ислом Каримов ўлими расман эълон қилинганига икки йил тўлади.
Ўзбекистон Мустақиллик байрами билан кетма-кет келадиган бу сана арафасида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган ўтган йилги тадбирлар ўрнини номини тилга олмасдан¸ Каримов бошқарувини қораловчи чиқишлар¸ унинг якка ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қилганларнинг "тавба-тазаррулари" эгаллай бошлади.
Хусусан¸ 28 август куни таниқли публицист¸ узоқ йибллар “Ташкентсая правда” газетаси бош муҳарррири бўлиб ишлаган Аъло Хўжаевнинг Каримов даврини жиддий танқид қилган мақоласи чоп қилинди. Ўша куни Тошкентдаги “Ëшлар пресс клуби”да бўлиб ўтган тадбирда “Каримов давридаги хатоликлар боис ўша даврда халқ норози бўлгани ва 25 йил мобайнида инсонлар маънавиятига тажовуз қилингани” таъкидланди.
Учрашувда қатнашганларнинг Озодликка айтишича, тадбир “Ëшлар маънавияти: Муаммо ва ечимлар” дея аталган бўлса ҳам¸ асосан Каримов бошқарган 25 йиллик даврга салбий муносабат билдирилган.
Тадбирда қатнашган блогер Санжар Саидовнинг ëзишича, тадбирда асосий спикер сифатида Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати¸ марҳум президент Ислом Каримовнинг собиқ матбуот котиби Азамат Зиë чиқиш қилган. Блогерга кўра¸ бу чиқишларда Каримов даври қораланган.
Айни учрашувда қатнашган ва исми эфирда айтилишини истамаган яна блогер Озодликка бу икки спикер айтган гаплар стенограммасини тақдим қилди. Стенограммадан маълум бўлишича¸ Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров Каримов бошқарган 25 йилни “маънавиятга тажовуз қилинган давр” деб баҳолаган.
“Тўғри, биз тан оламиз кўтарилган муаммолар ўта долзарб¸ лекин аҳолимизнинг бунчалик норозилиги бу аслида ўтган 25 йил давомида «ўшанинг даврида» ( Ислом Каримов назарда тутилмоқда -таҳр.) қилинган хатоликларнинг аксидир. Бу 25 йил давомида инсоннинг маънавиятига қилинган тажовуз билан боғлиқ...”деган жумладан Ўзбекистон маънавияти учун масъул раҳбар жумладан.
Айни йиғинда гапирган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати¸ марҳум президент Ислом Каримовнинг собиқ матбуот котиби Азамат Зиë эса¸ 1991 йилдан то 2016 йил кузига қадар “шахс ва жамият мустақил эмас эди” дея таъкидлаган.
“Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришди, лекин шахс ва жамият мустақил эмас эди. Фақатгина 2016 йил кузига келиб бизда шахс ва жамият тўла маънода эркин ва озод бўлди.”
Бу тадбир ўтаëтган куни Вести.уз нашрида чоп қилинган мақолада эса "деспотизм Каримов зеҳниятига Сталин даврида сут билан киргани ва у 25 йил давомида мамлакатни дунëдаги энг даҳшатли қамоқхонага айлантиргани” таъкидланади.
“Каримов ўлганига икки йил бўлди¸ унинг салтанатига баҳо бериш пайти келди”¸ деган жумлалар билан бошланган мақола давомида ўнлаб фактлар билан “Каримов мамлакат ва халқни боши берк кўчага тиққани” урғуланади.
“Каримов даврида биз соқов ва қўрқоқ парламент¸ аморф ва юзсиз ҳукумат¸ бурчакка тиқиб ташланган жамият¸ ҳар бир симëғоч тагида турадиган милиционер ва устига тупроқ тортилган матбуотга эга бўлдик. 30 миллион халқ учун бир сиëсатчи¸ бир идеолог¸бир ўқитувчи¸ биргина судья ва ягона прокурор бор эди”¸деб ëзади Каримов ҳақида публицист Аъло Хўжаев.
14 август куни Ўзбекистон халқ шоири¸ сенатор Иқбол Мирзо ЎзА нашрида чоп қилинган мақолада Каримов даврини "қора тушга" тенглаштирди. Сенатор олдинги Президент даврида "кўпчиликнинг келажакка умид шамлари бирин-кетин ўча бошлаганлиги"ни билдириб “Каримов даврини қоралаш мавсумини” бошлаб берди.
Ўзбекистон халқ шоири¸ Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасининг собиқ раиси Жамол Камол Озодлик билан суҳбатда “юқорининг буйруғи билан бўлса ҳам Каримов даврини қоралаëтганларни” олқишлашини билдирди.
- Уларнинг айтганлари тўғри - Каримов даври зулмат эди. Каримов халқни қатағон қилган эди. Мен бундан икки йил олдин ҳозирги раҳбаримиз Шавкат Мирзиëевга мактуб ëзиб¸ Тошкент халқаро аэропортига Каримов номини қўйманг¸ музей ва ҳайкаллар қуришдан олдин бу шахс фаолиятига танқидий баҳо берайлик¸ деб чиққанимда кўпчилик мени қувватламади. Бугунга келиб юрт ойдинлари¸ журналистлар бу гапни айта бошлагани маъқул иш. Нега улар Каримов тирик пайтида буни айтмади¸ дейиш инсофсизлик бўлар эди. Каримов уларни йўқ қилган бўлар эди¸ дейди ëзувчи Жамол Камол.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Tошкентлик журналист Сергей Ежков 30 август куни Озодлик билан суҳбатда “ўз вақтида Каримов охуридан ем еб семирганларнинг у ўлганидан кейин танқид қилишга маънавий ҳаққи йўқ”¸ деган фикрни билдирди:
- Масалан мен, ҳали Каримов тирик пайтида уни феодал-қуллик тизими яратганликда айблаганман. Лекин Азамат Зиë ва Иқбол Мирзолар ўша пайтда Каримовни улуғлаш билан банд эдику! Бугун Каримов ўлиб¸ ўзи учун жавоб бера олмайдиган ҳолга келганида ботирланиб уни топташда хайр кўрмайман¸ дейди Узметроном интернет газетаси муҳаррири.
Айни пайтда Сергей Ежков “Каримов даврининг кечаги кун экани ва кўпроқ бугунги кун ва эрта ҳақида ўйлаш маъқуллигини ҳам айтади:
- Орқадаги ëқилган кўприклар гулхани олдимиздаги йўлни ëритади¸ деган Ҳайëмнинг рубоийси бор. Шу боис кечаги зулматни эмас¸ эртанги ëруғликни ўйлаганимиз маъқул¸ дейди бу суҳбатдош.
Каримов ўлимидан икки йил ўтди. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Каримов даврида қарор топган сиёсий тартибни танқид қилгани ҳолда, ҳозирга қадар масъулиятни тўғридан-тўғри шахсан биринчи президентнинг ўзига юкламади.
Биринчи президент ўлимидан кўп ўтмай¸ Мирзиëев топшириғи билан унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов жамғармаси ташкил этилди ва Тошкент¸ Самарқанд ва Қаршида марҳум президентнинг ҳайкаллари ўрнатилди.