Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда 1 январдан бошлаб Қуръон ва жойнамоз бўлади (ФОТО)

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси кейинги йилдан бошлаб, ҳар бир меҳмонхонада "умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши"ни маълум қилди. Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида жорий этилиши айтилган янги стандартга биноан меҳмонхона хоналарининг камида 10 фоизида "Инжил ва бошқа диний китоблар" ҳам бўлиши керак.

Мусулмонлар идораси сайтида чоп этилган хабарда айтилишича, ​Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” янги давлат стандартини ишлаб чиққан.

"Oʻz DSt 3220:2017 “Туристик хизматлар. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” бўйича стандарт 2018 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланган. Ўрнатилган қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт", дейилади идора сайтида 25 ноябрь кунни чоп этилган хабарда.

Озодликка ушбу стандартнинг айнан диний китоблар қисмига оид саҳифасидан олинган сурат келиб тушди. Ҳужжатнинг 5-боб, 37-бандида хоналарда бўлиши керак бўлган "диний жиҳозлар" белгиланган:

"Диний китоблар (Қуръон, Инжил ва бошқа китоблар, расмий динлар) жами хоналар сонининг камида 10 фоизида, ибодат учун гиламчалар жами хоналар сонининг камида 10 фоизида, Маккага йўналиш белгилари жами хоналар сонининг камида 30 фоизида".

Oʻz DSt 3220:2017 рақамли давлат стандарти саҳифасидан олинган бу сурат 28 ноябрь куни Озодлика келиб тушди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмийларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, мазкур тартиб 2018 йилнинг 1 январидан йўлга қўйилишини тасдиқлади.

- Биз мамлакатимизга келадиган меҳмонларнинг диний эътиқод қилишларида қулайлик яратиш мақсадида шундай тартибни йўлга қўймоқдамиз. Ўзбекистондаги ҳар бир меҳмонхонада энди Қуръон ва жойнамоз бўлади. Бундай қоида чет давлатларда ҳам бор. Кўпчилик меҳмонхоналарда Инжил китоблари бор, - деди қўмита мулозими.

Қўмита мулозимига кўра, Ўзбекистондаги меҳмонхоналарда бошқа динга эътиқод қилувчилар учун ҳам бирдек шароит яратилади.

- Агар меҳмон шундай китобларни сўраса, меҳмонхона ёрдам беради, бу умумий тажрибада бор нарса, - деди қўмита мулозими.

Бунга қадар РИА-Новости агентлиги Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда 12 ноябрдан туну кун очиқ турадиган намозхона ва таҳоратхона очилгани ҳақида хабар қилган эди. Ҳозирча мамлакатда бошқа 7 та халқаро аэропорт: Андижон, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз ва Навоий шаҳарларидаги аэропортларда ҳам намозхона очиладими-йўқми - "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати бу ҳақда маълумот бергани йўқ.

Ширкат Тошкентда халқаро аэропортда намозхона очилганини айнан шу маскандан ўзбекистонликлар Ҳаж ва Умра зиёратлари учун Саудияга кетиши билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Конституциясида дин ва эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, амалда хавфсизликни таъминлаш сабаби билан диний жамоалар устидан кучли назорат ўрнатилган.

Марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви остида жамоат жойларидаги намозхоналар ёпилган, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда намоз ўқиш тақиқланган эди. Бундан ташқари, эркакларга соқол қўйиш, аёлларга эса ҳижоб кийиш тақиқланган.

Бу тақиқларга эса 1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун асос бўлиб келди.

Бундан ташқари, 1988-1993 йиллар орасида 300тадан 6 мингтага ошган масжидлар сони кейинчалик 2 мингтага қадар қисқартирилди.

32 ярим миллионлик аҳолиси бўлган Ўзбекистонда мусулмонлар 94 фоизни, православ насронийлар 3 ярим фоизни, қолган диний жамоалар вакиллари эса 2 ярим фоизни ташкил қилади.