Миллий гвардия хизматчиси Ф.Ш.га нисбатан албатта тегишли жазо чораси кўрилади ва у Миллий гвардия сафидан четлаштирилади. Бу ҳақда тилга олинган қўшин матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров баёнот бергани тўғрисида ЎзА Миллий ахборот агентлиги 16 февралда хабар қилди.
Даврон Жуманазаровнинг агентликка билдиришича, ҳолат Фарғона вилоят, Қўқон шаҳрида содир бўлган. Мазкур воқеа бўйича Миллий гвардия раҳбарияти ўша вақтнинг ўзидаёқ хабардор қилинган.
"Ҳар қандай салбий хатти-ҳаракатлар содир этган ҳарбий хизматчиларга Миллий гвардия Қўмондонлиги томонидан қаттиқ чоралар кўрилади. Миллий гвардия сафида юрт тинчлиги, халқ осойишталиги учун фидоий бўлганлар хизмат қилади", деб ёзди агентлик.
Озодлик 15 февраль куни Facebook ижтимоий тармоғи орқали келиб тушган видеода Миллий гвардия кийимидаги зобит караоке-бардаги диван ёстиғи тагига пичоқ деб ишонилаётган бир нарсани ташлаб қўйгани акс этгани тўғрисида хабар қилаган эди.
Видеода акс этган воқеани ўрганиш жараёнида Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматидан “Видеода акс этган қонун бузилиш ҳолати синчиклаб ўрганилмоқда” деган билдиргини олган.
Видеони ўз саҳифасида эълон қилган Facebook юзери Озодликка бундай деган эди:
“Фарғона караоке клубининг кабиналаридан бирига Миллий гвардия зобитлари ўзлари пичоқ ташлаб, кейин клуб мижозларидан бирини подстава қилишган. Сен совуқ қурол билан таҳдид қилдинг, деб наряд ҳам чақиришган”.
Видеони кўздан кечирган тошкентлик ҳуқуқшунос Саломат Ражабова 15 февраль куни Озодликка бундай деган:
- Ўзбекистон қонунчилигида совуқ қурол, яъни пичоқ¸ чопқи¸ умуман тиғ кўтариб юриш жиноят эмас. Мавжуд қонунчилик бўйича караоке-бар кабинасига пичоқ билан кириш ҳуқуқбузарлик эмас. Ҳарбий кийимдаги забитларнинг атайлаб бировнинг номини қора қилиш учун ëстиқ тагига пичоқ қўйгани судда тасдиғини топса, хизмат вазифаси доирасидан чиқди дея Миллий гвардия ходимларига айб қўйиш теоретик жиҳатдан мумкин.
Саломат Ражабованинг яна айтишича¸ караоке-бар биносига видеокамера ўрнатиб, мижозлардан рухсат олмай, уларни кузатиш ҳам мавжуд қонунчиликка зид.
Ҳуқуқшунос Ражабовага кўра¸ бундан ўн-ўн беш йилча олдин ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан айбсиз одамнинг уйи¸ машинаси ëки сумкасига гильза ëки наша ташлаб қўйиш ҳоллари бўлган:
- Бу нарса деярли йўқ бўлиб кетган эди. Ўз орамизда ўқ-наша дердик буни.