Ўзбекистон музейларида сақланаëтган ноëб асарларнинг талон-торож қилиниши¸ уларнинг яхши сақланмаслик оқибатида вайрон бўлиши олдини олиш мақсадида Ўзбекистон тарихида илк бора «Ўзбек музейларининг очиқ каталоги» яратилди.
Бу ишни Ўзбекистон Маданият вазирлиги эмас¸ хорижда яшаëтган санъатшунос ва фаоллар амалга оширди.
Маданият вазирлигининг бундай муҳим ишни пайсалга солиб келганини изоҳлаган айрим санъатшунослар¸ бундай совуққонлик Ўзбекистон музейларидаги ноëб асарларнинг ўғирланиши ва сохталарига алмаштирилишига замин яратиб келганини таъкидладилар.
Швейцариядаги Alerte Héritage ташкилоти Бош котиби¸ санъатшунослик фанлари доктори¸ профессор Светлана Горшенинанинг Озодликка 14 август куни билдиришича¸ бу каталог ўзбек музейлари¸ хусусан¸ Савицкий номидаги Давлат санъат музейидан ўрин олган 900 та асарни ўз ичига олган:
- Бу каталогни иккита санъатшунос ва битта программист иш орасида яратди. Шу пайтгача Маданият вазирлиги бундай каталог яратишни ўта мураккаб ва катта ресурс талаб қиладиган мушкул иш¸ деб пайсалга солиб келгани биз учун тушунарсиз. Агар бу каталогни давлат тизимлари яратганида янада арзон ва тезроқ ҳам бўларди. Аммо негадир кейинги 25 йил давомида Савицкий номли музейнинг ноëб коллекцияси каталог қилинмади. Каталог яратиш йўлидаги ҳар бир ташаббус тушунарсиз тарзда тўсиб қўйилди. Шу боис биз Маданият вазирлигини аралаштирмасдан туриб бу каталогни яратдик. Аммо сиз кўраëтган бу каталог ҳали тўла эмас. Виртуал тизим эса каталогни тўлдириб боришга имкон яратади.
Суҳбатдошга кўра¸ ўткан ойда Савицкий коллекциясидаги устига сув оқиб кетиб вайрон бўлган Шевченко асарининг сифатли фотосурати Alerte Héritage ташкилотида мавжуд бўлгани таъмир ишларида қўл келмоқда.
Каталог нима учун керак?
Ўзбекистон музейларидаги нодир асарлар бўйича билиимдон¸ тошкентлик меъмор ва блогер Абдумалик Турдиевнинг Озодликка билдиришича¸ «Ўзбекистон музейларидаги асарларнинг каталог сифатида чоп этилмагани коррупция учун қўл келган»:
- Ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган Ўзбекистон давлат санъат музейининг собиқ бош муҳофизи Мирфайз Усмонов бошчилигидаги группа музейдаги асарларни қалбакисига алмаштириб сотиб юргани тўрт йил олдин фош бўлди. Агар музейда каталог мавжуд бўлганида бу иш мушкул бўлар эди. Битта мисол айтаман. 1911 йилда Париждаги Лувр музейидан Мона Лиза асари ўғирлаб кетилди. Ўшанда бу асарни тор санъатшунослар қатламигина билар эди. Полициянинг самарасизлигидан норози бўлган француз матбуоти бу асарни қутқариш учун сафарбар бўлди. Барча газеталар Мона Лиза суратини чоп қилди. «Петит паризьен» газетаси Мона Лиза суратини 30 кун давомида ҳар куни чоп қилди. Ана шундан кейин ўғри бу расмни музейга ўзи олиб келиб берди. Агар Ўзбекистон давлат музейидаги асарлар каталог сифатида чоп қилинганида, собиқ бош муҳофиз Усмонов, европалик рассомларнинг 25га яқин асарини бу қадар осон сотиб юбормаган бўларди¸ дейди меъмор Абдумалик Турдиев.
Турдиевнинг иддао қилишича¸ ўзбек мулозимлари атайлаб Ўзбекистондаги ноëб асарларни каталог шаклида чоп келмай келишган:
- Мақсад - ўғирлаш. Ҳар бир музей ëки миллиардер ўз коллекциясида Айвазовский асари бўлишини орзу қилади. Ўзбек музейидаги Айвазовскийга оид «Даштда кун ботиш» асари 2001 йилда ўғирлаб кетилган эди. Ўзбекистондаги юқори лавозимли одамлар уйида меъморий дизайн қилганимда¸ баъзи асарларга кўзим тушиб¸ юрагим шув этган эди. Собиқ зампремъер Исмоил Жўрабековниг уйида катта коллекция борлигини ўз кўзим билан кўрганман. 2001 йилдан бошлаб ноëб асарларга Гулнора Каримова кўз тиккан эди¸ дея иддао қилади меъмор Турдиев.
Музейдан расм ўғирлаш излари Гулнора Каримовага бориб тақалдими?
Ўзбекистон давлат музейидаги талон-тарожликлар ҳақида Озодлик радиоси тўрт йилдан бери ўз суриштирувини олиб бормоқда.
Бу суриштирувлар давомида Ўзбекистон Давлат санъат музейига оид бир нечта асарнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида экани аниқланди.
2013 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирган эди.
Сафар Бекжон эълон қилган картиналар фотосуратларини кўрган санъатшунослар бу картиналар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлашган эди.
Озодлик суҳбатлашган асли ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев, ўзидаги маълумотларга асосланиб, бу асарларнинг музей фондларидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини иддао қилганди.
Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққан Уфимцевнинг 3 дона асари Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланганми ëки йўқми, деган савол ҳалигача ўз жавобини топмади.
Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ музейнинг тасвирий графика бўлимини инвентаризация қилиш жараёнида Уфимцевнинг олтита асари сохта экани аниқланган.