Ўзбек-қирғиз чегараси 100% ҳал бўлмаган. Сўхда жанжалга сабаб бўлган Чашма булоғи ҳануз баҳсли

Сўх тумани (Фарғона вилояти ҳокимлиги сайтидан олинган сурат).

Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегарасидаги Чечме (Чашма) булоғи бўйича икки мамлакат бир қарорга келгани йўқ.

Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоят, Ўзган туман аҳолиси билан учрашувда билдирди.

Ташиев 26 мартда Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида баҳсли ҳудуд қолмагани, бу масалани томонлар 100% ҳал қилгани тўғрисида баёнот берган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бу баёнотни ўзи етакчилик қилган ҳукумат делегациясининг Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси билан 24-25 март кунлари Тошкентда ўтган сўзлашувлар ортидан қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили 26 мартда қирғиз расмийси баёнотлари юзасидан маҳаллий ОАВ саволига жавобан келишув ҳозирча «ишчи гуруҳ келишувлари» эканини, якуний келишувлар икки давлат бош вазирлари томонидан тасдиқлангач эълон қилинажагини билдирган.

Бироқ Ўзбекистон томони чегара бўйича сўзлашувлар натижалари тўғрисида шу кунгача расмий баёнот эълон қилгани йўқ.

Вилоят раҳбарлари даражасидаги баёнотлар

Бишкек расмийси мазмунини очиқлаётган келишув юзасидан Тошкент расмий баёнот эълон қилмаган бўлсада, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош вилоятлари раҳбарлари ўзларининг қирғизистонлик ҳамкасблари билан учрашиб, шу пайтгача ёпиқ турган чегара ўтказиш масканларини очиш учун зарур ишлар бошлаб юборилганини маълум қилди.

30 мартда маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, Наманган вилоятига Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили (ҳоким) Абсатар Сирғабаев бошчилигидаги делегация келган.

Учрашувда Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов: ”Икки тарафлама алоқаларни яхшилаш мақсадида Учқўрғон—Кенсай ҳамда Нанай—Кербен чегара божхона постларини қайта тиклаш ҳамда Косонсой—Баймоқ ўтиш пункти орқали транспорт ҳаракатини йўлга қўйиш учун зарур ишлар бошлаб юборилган”,- деган. Бироқ хабарда бу ишлар қачон якунига етиши очиқланмаган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги қисмини кесиб ўтувчи 19 километрли Сўх-Риштон йўли эса, 1 апрелдан очилишини 28 мартда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тасдиқлади.

Фарғона ҳокими Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг 24-25 март кунлари Тошкентда ўтган учрашувида мана шундай қарор қабул қилинганини айтган.

  • 26 мартда Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх эксклавига бориш учун Қайтпас, Этикчи чегара постлари очилиши ҳақида билдирган эди.
  • Ташиевга кўра, постдан оғир юк ташувчи автомашиналарнинг ўтишига рухсат берилмайди. 20 тагача ўринли кичик автобуслар, енгил машиналаргина ўта олади.
  • “Томонлар келишиб олди. 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Риштон - Қайтпас ва Этикчи - Тул чегара масканлари очилади”, деган эди Ташиев.

Чашма масаласи

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоят, Ўзган туман аҳолиси билан учрашувда Боткен вилояти билан Фарғона вилояти чегарасидаги (Ўзбекистоннинг Сўх эксклави четидаги) Чечме (Чашма) булоғи бўйича икки мамлакат бир қарорга кела олмаганини билдирди. Унинг сўнгги баёноти 26 мартда чегара масаласи 100% ҳал бўлди деган баёнотига нисбатан шубҳа пайдо қилди.

Қирғиз Республикаси МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев журналистлар саволларига жавоб беряпти. Бишкек, 2021, 26 март.

“Бугун бориб, кўриб келдим. Чечме булоғи икки сўтих ер экан. Бироқ ота-боболаримиздан қолган, унинг юқорисида уларнинг қабрлари бор экан. Очиғи, биз келиша олганимиз йўқ. Икки сўтих ер, атрофини қўшганда бир гектарча бўлиши керак. Бошқа ёқларни битириб қўя берайлик. Худо хоҳласа у масала ҳам ҳал бўлади”, деди Ташиев.

  • 2020 йил, 31 май куни Фарғона вилоят Сўх туманининг Боткен вилоят, Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиққан эди.
  • Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.
  • Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.
  • Мавзуга алоқадор Ўзбекистон Қирғизистоннинг икки талабини бажарди, Қирғизистон Ўзбекистон қўйган талаблар устида бош қотирмоқда

    Ўртатўқай-Косонсой сув омбори ҳақида

Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда бундай деди:

“Ўртатўқай (Косонсой-таҳр.) сув омборининг 800 гектари Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Лекин сувнинг 95 фоизини Ўзбекистон, 5 фоизини Қирғизистон ишлатади. Шунинг учун биз Ўзбекистон мана шу 800 гектар ерни компенсация қилиб, бошқа ҳудуддан ер берсин деган талабни қўйдик. Бунгача Ўзбекистон бизга 200 гектар ерни берган экан. Биз ернинг қолган қисмини ҳам компенсация қилинглар дедик. Бироқ Ўзбекистон у ҳолда Кўк Сергак, Баястан ва Ункур Тоо қишлоқларини кўчириб кетишимиз шартлигини билдирди. Бу қишлоқлар харита бўйича Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Шунинг учун сув омбори эвазига бериладиган ер ўрнига мана шу қишлоқларни Қирғизистон ҳудудига қўшиб олдик”,-деди Ташиев.

Унга кўра, Ўзбекистон билан баҳсли бўлган ҳудуднинг 100 гектари Қорасув туманига, 1000 гектари эса Ўзган ва Сузоқ туманига қўшилади.

Мавзуга алоқадор Косонсой сув омбори Қирғизистонга, Иссиқкўлдаги пансионатлар Ўзбекистонга қайтарилди

Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев 26 март кунги матбуот анжуманида қуйидаги маълумотларни очиқлаган эди:

"Ўртатўқай (Косонсой) сув омбори қирғиз тарафда қолди. Омбордаги сувнинг 95%дан ўзбек томони фойдаланади. Биз тарафга Кўксерек (Қорақўрғон) қишлоғи ва 105 гектар ер биз тарафга ёзилди. Олабуқадаги Баястан участкасидаги 212 гектар, Қорасувга қарашли Оқтошда 100 гектар, Ункуртоғдан 35 гектар, Ункуртоғ тўлиғича бизга ёзилди. Қорабелес участкасидан 25 гектар ерни қайтариб олдик. Ўртатўқай сув омборининг ҳисобидан бизга ўтди".

Шунингдек, ҚР МХДҚ раисининг айтишича, Жалолобод ва Наманган вилоятлари чегарасидаги Ғовасой участкасидаги 8 минг гектар ер Қирғизистонга ўтган. “Қирғиз қишлоқларининг яйлови бор ерлари бизга ўтадиган бўлди”, деган Ташиев.

Айни пайтда Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Шаҳрихонсой тўғони атрофидаги 50 гектар ер Ўзбекистонга ўтган, бироқ бу ер эвазига Ўзбекистон Ўзганга яқин ердан 50 гектар берадиган бўлган.

ҚР МХДҚ раиси Кампирровот сув омбори масаласи қандай ҳал бўлгани тўғрисида бундай деди:

"Кампирровот сув омбори тақрибан 5737 гектар. Шундан 1300 гектари Қирғизистонга ўтди. Сувдан қирғизистонликлар тўлиқ фойдалана олади, улар сув четига тўсиқ қўймайди".

Ўзбекистон билан шу пайтгача талаш бўлиб келган ерлар бўйича эришилган келишув тўғрисида Ташиевнинг айтганларини мана бу ерда кўришингиз мумкин.

Бу Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ҳукуматлари делегацияларининг Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қўшма йиғилиши баённомаси мазмунидир. Эндиликда баённома тегишли идоралар тасдиғидан ўтиши, икки давлат раҳбари имзолаши ва парламентлари ратификациялаши керак.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11-12 март кунлари Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан чегараларни аниқлаш ишларини тўлиғича уч ой ичида якунлаш масаласида келишилганини Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида билдирган, Ўзбекистон билан чегара масаласида ўта муаммоли ҳудудлар қолмаганини айтган эди.

Мавзуга алоқадор Қирғизистон президенти: Ўзбекистон билан барча чегаралар очилади. Аммо Сўхга йўлак берилади деган маълумот ёлғон

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида 2017 йили эришилган келишув асосида икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри (85%), ўтган вақт мобайнида яна 10 % га яқини аниқлангани айтилган.