Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги каби тузилмалар қанчалик самарали? Улар шунчаки, Ғарб матбуоти таъбирида "диктаторлар клуби" бўлиб қолмаяптими?
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евросиё иқтисодий иттифоқи, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги... Буларнинг мажлислари реал муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшяптими ёки шунчаки президентларнинг учрашуви учун баҳонами?
Россия ҳукмронлигини фаол равишда мустаҳкамлаётган ушбу минтақавий уюшмалардан бошқа аъзо давлатлар қандай фойда кўряпти?
“Кремль назорати учун ишлайди” дея баҳоланган ташкилотларнинг ишини олдинда таҳлил қиламиз. Қолаверса, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва БРИКС каби тузилмалардаги Ўзбекистоннинг роли ҳақида гаплашамиз.
Тарихга қисқача назар
Ўзбекистон 1 январдан БРИКСда шерик-давлат мақомига эга бўлди. Лекин бу ҳақида Тошкентдан аввал Москва расман эълон қилди. Бу эса минтақавий иттифоқлар Россиянинг назорат воситаси экани ҳақидаги фикрларни яна бир бор тасдиқлагандек бўлди. БРИКС мавзусига мақола сўнгида тўхталамиз ва экспертларнинг қизиқ тахминларини тинглаймиз. Ҳозир эса озгина тарихга назар ташлаймиз.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Россия бошчилигидаги тузилмалардан масофаланиб келган. Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотидан икки марта чиқиб кетган. Евросиё иқтисодий иттифоқини ёқламаган ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги парламент ассамблеяси тузилишига қаршилик қилган. Тожикистондаги Россия ҳарбий базасига қарши эди ва Америка базасини жойлаштирганди. Постсовет ҳудудида Россия таьсирини мувозанатлаш учун тузилган ГУУАМ таьсисчиси бўлган. Бу тузилмага Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Молдова кирган.
Лекин 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Тошкент Москва билан яқинлашишга мажбур бўлган. Ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келгандан сўнг Ўзбекистон Россия орбитасига қайтди, дейдиганлар кўп. Лекин Мирзиёев ҳам бир нави мультивектор ташқи сиёсатни сақлаб қолиш ҳаракатини кўряпти. Лекин Каримовчалик мувозанат қила олаётгани йўқ. Москва кутганидек Евросиё иқтисодий иттифоқига ҳам қўшилмади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти. Ҳарбий таъсир ва манфаатлар зонаси
1992 йили Тошкентда имзоланган келишув билан тузилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аввалига Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган. Кейинчалик Тошкент бу альянсдан чиқиб кетган.
“Ҳарбий блоклар ҳар доим умумий бир потенциал душманга қарши ташкил этиладиган тузилма. Лекин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) умумий душмани ким? 2001 йилдан кейин айниқса, КХШТ масаласи ҳалқаро терроризмга қарши фаолият юритадиган ва ташқи ҳужумга қарши турадиган тузилма деб тақдим қилинарди. Бу қанчалик долзарб? Шунга қараш керак. Терроризмга қарши курашадиган бўлса, махсус кучлар – разведка кучлари, контртеррорчи кучлар амалга оширади. Бунинг учун ҳарбий блок тузиш қанчалик мақсадга мувофиқ?”, дея савол қўймоқда таҳлилчи Жамшид Муслимов. У Ўзбекистоннинг бу чиқиб кетиш сабаби ҳақида фикрини қуйидагича билдирди:
“Мен эслайман, Каримов бу масалада жудаям очиқ ойдин гапирган. “КХШТга кирдик, аъзо бўлдик. Афғонистон тарафдан террорчилар бизга ҳужум қилганда, бизга ўқ дорилар керак эли, зудлик билан биз чегарани олдида мудофаани биз яхшилашимиз керак эди. Савол туғилади, КХШТдан нима фойда бор?” деганди. Каримов бу масалада очиқ ойдин гапирадиган сиёсатчи эди. Тўғри, кейинчалик яна бир марта бу альянсга қўшилгандек бўлди, лекин унинг муносабати шундай очиқ эди. Ҳозир Мирзиёев даврида КХШТга аъзо бўлиш борасида жиддий гап бўлаётгани йўқ. Ўйлайманки, бу масалада Мирзиёев Каримовнинг давомчиси”.
Хавфсизликни таъминлашга қаратилган ушбу ҳалқаро иттифоқ, экспертлар фикрича, амалда Россиянинг хоҳишига кўра ишлайди. 2021-2022 йилларда тузилмадаги икки мамлакат - Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида йирик чегара тўқнашувлари бўлганда, Бишкек аъзо давлатлар эътиборини бу воқеаларга қаратишга ундаган. Аммо Москва бундай можаро икки давлат ўртасида ҳал бўлиши керак деган позицияни кўрсатган.
Хавфсизлик бўйича қозоғистонлик эксперт Рустам Бурнашев КХШТнинг роли ҳақида бундай дейди:
“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бу – тўлақонли иттифоқ ёки альянс эмас. У ташкил этилгандан бери 22 йил оралиғида бу ташкилот қайси бир маънода дипломатик вазифани ҳам бажаряпти, лекин кўпроқ савдо майдончаси ҳам бўляпти. Яъни, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар Россиядан қурол-аслаҳа, ҳарбий техника сотиб олишда қандайдир имтиёзларга эга. Аниқроғи, аъзо давлатлар совет иттифоқи даврида ва у тарқагандан кейин ҳам стандарт деб саналган техникаларни олади”.
2022 йилнинг январида Қозоғистонда бўлган ички сиёсий норозиликлар пайтида Остона Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўраган ва унинг ҳарбий кучлари Қозоғистонга жойлаштирилган.
2023 йили Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можаросида Ереваннинг бу ташкилотдан хафсаласи пир бўлди. “Вазиятга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бефарқ” деган важ билан Арманистон альянснинг йиғинларида иштирок этмаяпти.
“Менимча, бу майдонча унга аъзо давлатлар учун самарали. Давлатлар бу тузилмадан чиқиб кетиш масаласини кўп кўтаришмайди. Иккита прецедент бўлган холос. Биттаси - Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиб кетган. Иккинчиси эса, ҳозирда Арманистоннинг бу тузилмадан чиқиб кетиш ҳаракати... у ҳаракат ўзига хос тарзда бўляпти”, деди Бурнашев.
Лекин таҳлилчи Жамшид Муслимов бу ташкилотдан аниқ бир манфаат ёки мақсад кўринмаётганини таъкидлайди:
“Балки, келажак учун манфаатлар ёки вазиятлар учун ишлаб қоладиган тузилма бўлса керак деган умидди ташкил қилинган”
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти унга аъзо давлатларга ҳарбийларни тайёрлашга, тажриба алмашишга кўмаклашади. Лекин аъзоси 10га етмаган тузилмада реал натижалар камлиги боис, экспертлар унинг ишини баъзида ҳарбий туризм сифатида ҳам баҳолашади.
Евросиё иқтисодий иттифоқи. Қарамликни ушлаш учун келишувлар?
Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 2014 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган. 2015 йилда унга Қирғизистон билан Арманистон қўшилган. Ўзбекистон ва Куба мазкур тузилмада кузатувчи мақомига эга.
“Ўзбекистон кирмади. “Мана киради, ана киради” дейилди. Кирмади. Мен бошидан айтиб келганман, энг узоққа боргани – кузатувчи мақомини олади дердим. Қанчалик Россия илтимос қилмасин, қизиқтирмасин, Ўзбекистон бунга кирмади, кирмайдиям. Сабаби оддий – иқтисодий манфаатдорлик. Иттифоқ бўлгандан кейин, унинг аъзоларига иқтисодий манфаат бўлиши керак. Кўпроқ иқтисодий эмас, сиёсий интергацияга айланиб кетаётганлигидан, иқтисодий манфаати кўрилмагани учун Ўзбекистон киргани йўқ”, деган фикрда Жамшид Муслимов.
Ташкилот расман иқтисодий ҳамкорликка қаратилган, бироқ экспертлар наздида, кўпроқ Москванинг манфаатларини илгари суриш учун хизмат қилади. Музокараларда Россиянинг позицияси устун ва қарорлар биринчи навбатда Кремлнинг иқтисодий устуворликларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади. Бу кўпинча кичикроқ давлатларни мустақил ҳаракат қилиш имкониятини чеклайди.
Масалан, Қирғизистон Россияга экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия чегарасидан ортга қайтарилган воқеалар тез-тез учрайди. Гарчи, тузилма аъзолари ўртасида савдо кўламини кенгайтириш борасида келишувлар мавжуд. Бу каби муаммолар Қозоғистон ва Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида ҳам бўлиб туради.
Экспертлар ЕОИИ доирасида ваъда қилинган иқтисодий ҳамкорлик аслида аъзо мамлакатлар иқтисодиётини Россия бозори ва ресурслари билан боғлаш йўлига айланганини таъкидлашади. Россия, айниқса, муқобил имкониятлари чекланган бўлса, давлатларни қарамликда ушлаб туриш учун савдо келишувларидан фойдаланади.
Таҳлилчилар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмаганидаёқ ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида ундан чиқиш тарафдорлари кўпайган.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги. Сиёсий таъсирнинг рамзий воситаси
“Совет иттифоқи парчалангандан сўнг ўрнига бир тузилма керак бўлганди ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкил этилди. Иқтисодий ва техник алоқаларни узиб ташлаш ёмонликка, зарарга олиб келган бўларди. Мулоқот структурасини сақлаш учун керак бўлган ташкилот эди”, дея таъриф берди Жамшид Муслимов.
Вақт ўтиши билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳам Россиянинг бошқалар сиёсатига таъсирини сақлаб қолиш учун кўпроқ фойдаланадиган рамзий воситага айланган. Тузилмага собиқ СССРдан бўлиниб чиққан 11да давлат аъзо бўлган. Болтиқ бўйидаги учта ўлка бошидаёқ қўшилмаган. Кейинчалик Грузия билан Украина хам иттифоқни тарк этди.
Эксперт Рустам Бурнашевнинг баҳолашича, МДҲ охирги йилларда дипломатик форум функциясини бажаряпти:
“Яъни, постсовет давлатлари лидерлари турли таркибда йиғилиб, қанақадир қўшимча масалаларни муҳокама қилувчи майдонча бўлиб қолди. Бошқа ҳеч нарса эмас. Бу борада Мустақил давлатлар ҳамдўстлигини “камтарона” деб баҳолайман”.
Кремль МДҲ орқали хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришини айтиб келади. Бироқ таҳлилчилар буни Москванинг назоратни кучайтириш йўли холос, деб таъкидлашади. Фикрлар йиғиндисига кўра, МДҲ, шунингдек, Россияга сиёсий ташаббусларни мувофиқлаштириш имкониятини беради, бу кўпинча аъзо мамлакатларнинг мустақил сиёсатига зарар келтиради, айниқса улар Европа Иттифоқи ёки АҚШ каби бошқа халқаро майдонда алоқаларни ривожлантиришга интилаётганда.
“У ўз вақтида ўзининг вазифасини бажариб бўлган. Ҳозир МДҲ бўйича қандайдир бир лойиҳа амалга оширилятгани, қанақадир интеграцион жараёнлар – иқтисодийми, сиёсийми, технологикми, маърифийми, қандайдир бир тадбирлар, дастурлар амалга оширилаётгани ҳақида шахсан мен эшитганим йўқ. Уни тугатишга, тўхтатишга алоҳида эҳтиёж йўқ. Лекин фикримча, ўз вақтида ўз вазифасини бажарди”, деган фикрда Муслимов.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти. Россия ўзини эркин ҳис қилмайди
2001 йили Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШХТ) Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Беларусь, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон аъзо. Тузилмага қўшилган давлатлар майдони билан ҳисоблаганда, у Евросиёнинг 65 фоизини эгаллайди.
Ташкилот тузилаётганда кун тартибидаги асосий масалалардан бири - ҳалқаро терроризмга қарши туриш каби важлар айтилган. Аъзо давлатлар лидерлари ҳар йили у ёки бу ўлкада саммитга йиғилишади. Эксперт Жамшид Муслимов буни “бюрократларнинг гурунги” дея таърифлайди:
“Яъни, тадбирбозлик, учрашувбозлик, қандайдир бир мулоқот ўрнатиш баҳонаси. Буни агар тадбир десак, эҳтимол давлат раҳбарлари, парда ортидами, норасмий вазиятда иқтисодга ёки сиёсатга оид масалаларни ҳал қилиб олишади. Ўзига хос клуб учрашувлари десам бўлади”.
МДҲ ва ЕОИИ фарқли ўлароқ, Россия ШҲТда бошқа муҳим ўйинчиларнинг, хусусан, Хитойнинг таъсирига дуч келмоқда. ШҲТда хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида яратилган, бироқ унинг ҳукмронлиги Марказий Осиёда ўз стратегик манфаатларига эга бўлган Хитойнинг фаол иштироки туфайли унчалик бир томонлама эмас.
Пекин Янги Ипак йўлини барпо этиш ҳамда инфратузилма ва энергетикага катта сармоя киритиш орқали Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсирини кенгайтирмоқда.
“НАТО ёки Европа иттифоқига ўхшаган блок эмас бу. Нима учун? Чунки, Европа иттифоқи ташкилоти ортида катта ғоя ётади. Европа умумий уй деган идеология бор. Унинг жиддий катта тарихи бор. Қадриятлар масаласи бор”, дея сўзини давом эттирди таҳлилчи Муслимов.
Россия ва Хитой ШҲТ доирасида кучлар мувозанатини сақлаб турибди. Бирок “аъзо давлатлар манфаатлари ушбу икки кучнинг таъсиридан бирини танлашга мажбур бўладиган вазиятга дуч келиши мумкин” деган фикрлар мавжуд.
БРИКС ва Ўзбекистон. Яна бир гурунгчи тузилма?
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашган. Иқтисодий блок дея таърифланган бу тузилмага 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилган ва БРИКСга айланган.
2024 йилда унга Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Миср аъзо бўлиб кирган. 2025 йилда Индонезия ҳам аъзо бўлганини 6 январда Бразилия ҳукумати расман эълон қилди.
Малайзия ва Озарбайжон ҳам БРИКСга аъзо бўлиш учун расман ариза йўллаган.
Индонезиянинг БРИКСга қўшилишга тайёр экани ҳақида Жакарта ўтган йил октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган саммитда билдирган эди. Индонезия аҳоли сони бўйича дунёдаги тўртинчи давлат бўлиб ҳисобланади, бироқ унинг иқтисодиёти ҳатто энг йирик иқтисодиётлар ўнлигига ҳам кирмайди.
“Бу давлатлар БРИКС асосида иқтисодий интеграция ҳақида ўйлайдиган бўлса, қандай иқтисодий интергация қилади, агар ҳаммаси барибир жаҳон молиявий тизимида фаолият юритса?”, дея савол назари билан қарайди эксперт Жамшид Муслимов.
Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган. Таҳлилчи Рустам Бурнашев унга шундай баҳо беради:
“БРИКСнинг ҳозирги иш форматидан олиб қарайдиган бўлсак, уни шунчаки бир форум деб атасак бўлади. Аниқ структураси, котибияти ва қатъий талаблари йўқ. Айрим ўлкаларнинг лидерлари учрашади, қанақадир иқтисодий масалаларни гаплашишади. Баъзида сиёсий баёнот қилиб қўйишлари мумкин. БРИКС ҳамкорлиги теран, жиддий лойиҳаларни амалга оширяпти деб айта олмаймиз”.
БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфуcга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.
2025 йил 1 январидан эътиборан Беларус, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам расман БРИКСда шерик-давлат мақомига эга бўлди. 2024 йилнинг октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Тошкентга мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми таклиф этилган эди.
“1 январдан Ўзбекистон БРИКСда шерик-давлат мақомида иштирок этиши Ўзбекистонга ушбу ташкилот уюштирадиган дипломатик мажлисларга фаол иштирок этиш имконини беради”, деди Бурнашев.
Амалдаги тартибга мувофиқ, шерик-давлатлар БРИКС доирасидаги алоҳида мажлисларга ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларига таклиф этилади. Муслимов бунинг Ўзбекистонга фойдали тарафларини қуйидагича ифодалайди:
“Хўп, буям ёмон эмас. Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин. Яъни, БРИКС мажлислари бўлганда, Бразилиянинг президенти билан учрашишга баҳона... Ёки Аргентинами... Аргентина албатта, БРИКСга қизиқиш билдирмаётгандир... Ёки Араб давлатларими, Африка давлатларими... бирров мулоқот ва музокара қилиб олишга имконият. Қандайдир бир юкламар ҳақида гап бораётгани йўқ”.
Ўзбекистоннинг бу мақомга эга бўлгани ҳақида Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ахборот воситалари орқали хабар берган. Тошкент Кремль баёнотига муносабат билдирмаган. Бу хабар дастлаб Россия мулозимлари тилида янграгани маҳаллий фаолларда эътироз ҳам туғдирган.
“Битта нарсани тушуниш керак. Жиддий интеграцион ташкилот билан гурунгчи ташкилотларнинг ўртасидаги фарқи, жиддий интеграцияда тарафлар доимо бўйнига мажбуриятлар олади. Мажбурият деганда, ўзининг қандайдир бир имтиёзларидан воз кечади, унинг эвазига конкрет натижа кутади. БРИКС ҳақида бу нарсани умуман билмаймиз. Умумий гаплар,умумий муждалар ва қарашлар мавжуд”, дейди Муслимов.
Ҳозирда Кремль, аниқроғи Владимир Путин учун келажакда Ғарб давлатларига қарши туриш имконини берадиган турли иттифоқларга имкон қадар кўпроқ мамлакатларни киритиш муҳим. Экспертларга кўра, Москва ўзини четланган эмас, балки коалиция етакчиси эканлигини кўрсатишни истайди.
Украина уруши сабаб халқаро майдонда яккаланиб қолаёзган ва санкциялар остидаги Москва дунёни аллақачон ўз назарида “дўст” ва “дўст эмас” давлатларга бўлиб олган. Аммо Москванинг “дўст мамлакатлар” билан ҳам алоқалар барқарор эмас. Озарбайжон учоғи ҳалокати билан боғлиқ сўнгги ҳодиса бу алоқаларнинг қанчалик беқарор эканини яна бир бор намойиш қилди. Айрим таҳлилчилар уни Россия учун геосиёсий фалокат ҳам деб аташди.