Прокурор Бобомурод Абдуллаевни 5 йилга қамашни, бошқаларни оқлашни сўради

Бобомурод Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ноқонуний ағдариш каби жиноятларни содир этганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳамда икки тадбиркор - Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар устидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида олиб борилаётган суд ишининг 2 май кунги мажлисида прокурор суддан Абдуллаевга беш йил қамоқ жазоси тайинлашни, қолган уч судланувчини оқлашни сўради.

Бу ҳақда Озодликка суд мажлисида кузатувчи сифатида қатнашган журналист Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.

- Бугун судда тарафлар музокараси бўлди. Давлат айбловчиси блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровларга оқлов ҳукми чиқарилишини, жиноий гуруҳнинг раҳбари деб айтилаётган Бобомурод Абдуллаевга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради”, - деб хабар қилди журналист.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаевга қўйилаётган 159- модда, 4- қисмида назарда тутилган айбловдан прокурор воз кечган:

- Энг муҳими, прокурорнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаевга қўйилаётган Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 4- қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш —ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади - таҳр.) олиб ташланиб, унинг иши шу модданинг 3- қисмига (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади - таҳр) ўтказилган, - деди Абдураҳмон Ташанов.​

Журналистнинг қўшимча қилишича, Бобомурод Абдуллаевнинг жиноят ишидаги Ўзбекистон Конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тузилгани айтилган “Жатва” аталмиш лойиҳадаги иштироки тасдиғини топмаганлиги учун бу масала умуман олиб ташланган.

Абдураҳмон Ташановдан олинган маълумотларни суд мажлисида қатнашган яна бир мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова ҳам тасдиқлади.

Бобомурод Абдуллаев ва яна уч фуқаро устидан ўтказилаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси 5 май куни соат 12.30га белгиланган.

Бу маҳкамада суд судланувчи Оллоёровнинг сўнгги сўзини тинглаши ва ҳукм ўқиши кутилмоқда.

Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича айбланаётган эди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.