Фарғонанинг Олтиариқ туман маркази Тинчлик шаҳридан Қапчиғай қишлоқ фуқаролар йиғинига олиб борувчи йўл бўйидаги дарахтлар – асосан терак ва толлар – шу кунларда кесилмоқда.
Олтиариқ туман ҳокимлиги мулозимининг айтишича, дарахтлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида кесилмоқда.
Тилга олинган дастур Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу йил бошланди. Бироқ Фарғонада терак ва тол кесиш ўтган йили бошланган эди.
Терак ва тол “қирғини” мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётганига доир хабарлар мавжуд.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Фарғонани чўл-биёбонга айлантиришмоқчими?"
“Олтиариқда йўл бўйидаги барча дарахтлар кесиб ташланаяпти. Бу нимаси? Чўл-биёбонга айлантиришмоқчими бу раҳбарлар Фарғона водийсини?! Тинчлик-Қапчиғай йўналишида ёзнинг жазирама иссиғида салқин қилиб турадиган тол ва терак дарахтлари қолмади”, дейилган Олтиариқдан Озодликка куни кеча келган хатда.
Мактуб муаллифининг ёзишича, туман аҳолиси орасидаги “билгичлар” тол ва теракларнинг кесилишини пахта билан боғламоқда. Ки, теракдан чиққан қурт пахта кўсагини еб қўярмиш...
Ҳокимлик мулозимининг айтгани
Бироқ Олтиариқ туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими терак ва толларнинг кесилишини “Обод қишлоқ” дастури билан боғлади.
“Ҳа, Қапчиғайга олиб борувчи йўл четидаги дарахтлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида кесилаяпти. Уларнинг ўрнига манзарали дарахтлар ўтқазилади”, деди мулозим.
У Озодликнинг “Ахир, тол ва тераклар ҳам манзарали дарахтларку?” деган саволини жавобсиз қолдирди.
Олтиариқда бу йилги тол-терак қирғини билан боғлиқ тилга олинган “Обод қишлоқ” дастури ҳақидаги гаплар ўтган ойда бошланди. Маҳаллий нашрлар “Обод қишлоқ” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакат тарихида биринчи бор амалга оширилаётгани” тўғрисида февралда хабар қилди.
Фарғонада терак кесиш 2017 да бошланган
Озодлик OzodMaktub рукнида ўтган йили эълон қилган хат муаллифи тол ва терак қирғини “ҳашаротларга қарши кураш, пахта атрофига тут экиш” зарурати билан изоҳланаётганини хабар қилган эди.
Келаётган хабарларга қараганда, тол ва теракка қарши кураш бошқа вилоятларда ҳам кетмоқда.
Каттақўрғондан хабар
Президент Мирзиёевнинг Самарқандга сўнгги сафари арафасида Каттақўрғондан келган хатда, жумладан, бундай дейилган:
“Автомагистиралларга яқин бўлган жойлардаги Калифорния тераги, тол каби мевасиз дарахтлар кесиб, бутунлай йул атрофидан олиб ташланмоқда”.
Калифорния терагига қарши Андижондаги кураш
Андижон вилоятида эса, теракларнинг фақат битта тури – Калифорния терагига қарши кураш кетмоқда ва бу кураш бошланганига икки йил бўлди.
Бу ҳақда Озодлик Андижон вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассисидан сўраб билди. Унинг айтишича, “Калифорния тераги баҳорда уйғонаётган пайтда чиқарадиган аллерген тивитдан жуда кўпчилик азият чеккани туфайли, врачлар тавсияси билан вилоят ҳокими 2016 йили Калифорния теракларини кесиб ташлаш тўғрисида махсус фармойиш чиқарган. Натижада, шу кунда Андижон вилоятида теракларнинг бу тури деярли қолмади”.
Балки “калифорниялик”ка қарши кураш Андижондагина эмас, бутун мамлакат бўйлаб кетаётгандир? Бу саволга мутахассис “бундан хабарим йўқ”, деб жавоб берди.
Тинчлик-Қапчиғай йўналишида теракларнинг кесилиши, балки, уларнинг аллерген эканлиги билан боғлиқдир? Олтиариқ туман ҳокимлиги мулозими бу тахминни рад этди.
Дарахт қирғини чинорлардан бошланган эди
Ўзбекистон шаҳарларида кенг кўламда дарахт кесиш бошланганига бу йил 9 йил бўлди. 2009 йилда Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидаги 100 йиллик чинорлар кесилган, шундан сўнг мамлакатнинг деярли барча йирик шаҳарларида чинорлар кесилгани ҳақда Озодлик ўз вақтида ўнлаб хабарларни эълон қилган.