Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг “ичагини суғуриб, бошига салла қилиш”, билан таҳдид қилади.
Аудио май ойида ёзилганини овоз эгаси гаплари мазмунидан англаш мумкин.
Овозли ëзувни Озодликка жўнатган фарғоналик тадбиркорнинг айтишича¸ бу аудиони унинг ўзи 22 май куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда ёзиб олган. Аудиони ёзиб олган фарғоналикнинг иддао қилишича, МИБ ва Солиқ бошқармалари бошлиқларини ҳақорат қилаëтган амалдор – Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдир.
Озодликка Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудио юзасидан Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳ бермади.
Озодлик таҳририятига 24 май куни келиб тушган ва Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиода овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини “сотқин”, “дорнинг остидан қочган маразлар”, деб атайди, уларга “ичагингни суғуриб оламан”, "қаматаман" деб дўқ-пуписа қилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Умринг 5 йил, 10 йил қамоқда ўтади. Сен МИБни бошлиғи бўласанми, бошқа бўласанми, ундан нари бўласанми, сен номардларни қаматтираман. Мен ўзимни зўрға босиб турибман, ичагингни олиб, бошингдан салла қилиб қўйиш қўлимдан келади”, - дейди овоз эгаси Озодликка сиздирилган аудиода.
Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими, дея иддао қилинаётган шахс вилоят МИБ ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини Тошкентдан эканини пеш қилиб, Фарғонани ботқоққа ботираётганликда айблайди:
“Сен номардлар, солиқни бошлиғи - Тошкент шаҳар фуқароси, МИБни бошлиғи - Тошкент шаҳар фуқароси. Фарғонага лавозимга тайинланиб, фарғоналикларни ботқоққа ботиряпти, деб мен сенларни муҳокама қиламан. Имконият топилса мен сенларни ичак-чавоғингни суғуриб оламан. Лекин айтиб қўйишим керак, қаматаман иккаловингларни. Солиқни бошлиғи ҳам, МИБни бошлиғи ҳам иккаловинг жавобгар бўласан. Мана шу май ойида бажарайлик, бажарилмаса иккаловинг жавобгар бўласан, жиноий жавобгарликка торттираман. Менга унақа сотқинлар керак эмас. Булар сотқин булар. Булар куляпти бизни фарғоналиклар устидан. Куляпти булар. Номард бўлмаса 3 миллиард 700дан 229 миллион пул ундирадими. Бутун дорни тагидан қочган маразлар йиғилган”, - дейди Фарғона вилояти ҳокими экани ишонилаётган овоз эгаси.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фарғона вилояти ҳокими МИБ ва солиқ бошқармалари бошлиқларини нега танқид қилгани маълум эмас.
Аммо, икки ярим минутлик аудиодан ҳар икки идора режани бажармагани ҳокимнинг ғазабини келтирган бўлишини тахмин қилиш мумкин.
Озодлик Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб ишонилаётган аудио юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Гулбаҳор Ғаниевадан изоҳ сўради.
Ғаниева аудиони жўнатишни, эшитиб кўриб изоҳ беришини айтди. Озодлик аудиони унга Телеграм орқали жўнатди.
Лекин, 27 май куннинг оҳирига қадар Гулбаҳор Ғаниевадан жавоб бўлмади. МИБ ва Солиқ идорасининг ҳақорат эшитган бошлиқларидан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
- Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳақоратли овози олдин ҳам Интернетга сиздирилган.
- Ўтган йили январь ойида ҳоким Ғаниев Ақтўбе фожиасида 16 нафар фарзандидан айрилган Тошлоқ тумани аҳлини "ҳаромилар" ва "падарингга лаънат" дея ҳақоратлаганди.
-
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка юборилган аудиоёзувда Тошлоқ тумани ҳокимига, "Чиқиб кет залдан, йўқол!", дея ўшқирганди. - Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби эса, ҳоким тошлоқликларга "жигари куйгани учун" "алам устида гапиргани"ни айтган.
- Ундан олдин эса Шуҳрат Ғаниевнинг вилоят тиббиёт мулозимларини "ҳайвон", деб атаган аудиоёзувини Озодлик эълон қилган эди.
- 2016 йил августидаги селекторда эса Фарғона вилояти ҳокими соҳа раҳбарларининг "калласини сапчадай узиб ташлаш" билан таҳдид қилганди.
- Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев маҳаллий журналистлар билан суҳбатда баъзида ижтимоий тармоқларда қўпол муносабатда бўлганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиб қолишини инкор этмаган.
- "Тўғри, раҳбар ҳам инсон, у ҳам хато қилиши мумкин, аммо у ҳеч қачон қўл остидагиларни таҳқирлашга қонунан ҳам, маънан ҳам ҳақли эмас", - деган эди Ғаниев ўтган йил январ ойида ЎзА мухбири билан суҳбатда.
- У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини ҳам қўшимча қилганди.
- Аммо Фарғона вилояти ҳокими бутун бошли туман аҳлини ҳақоратлагани учун узр сўраган ёки сўрамагани маълум эмас.
- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.