Самарқанд вилоятидаги 62-сонли махсус мактаб-интернатга 18 май куни директор этиб тайинланган Азамат Умаров ўқитувчиларни шанба ва якшанба кунлари мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Озодликка Самарқанд Халқ таълими бошқармаси мулозими маълум қилди. Умаровнинг ишдан олиниши унинг ўқитувчиларни кўча тозалашга мажбурлагани ҳақдаги 22 май кунги Озодлик хабари ортидан рўй берди.
Президент Мирзиëевнинг Самарқанд сафари арафасида кўча тозалашга мажбурланган 23 яшар каттақўрғонлик ўқитувчининг 14 март кунги фожиали ўлими ортидан Азамат Умаров вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари лавозимидан бўшатилган эди.
18 май куни Самарқанддаги 62-сонли махсус мактаб-интернатига директор этиб тайинлан Умаров яна мажбурий меҳнат можароси сабаб лавозимидан олинди..
62-сонли махсус мактаб-интернатининг ўқув ишлари бўйича мулозими Осият Ҳамдамованинг Озодликка айтишича, Умаров мактаб педагогларини ободонлаштириш, кўча тозалаш ишларига жалб қилгани учун вазифасидан олинган ва мактабнинг эски директори яна лавозимига қайтарилган.
- Сизлар хабар берганинглардан кейин бўляпти бу. 23 май куни бу масала мажлисда муҳокама бўлиб, Умаров ишдан олинди, ўрнига эски директоримиз Нурали Рўзиевни олиб келиб қўйишди, - деди Осият Ҳамдамова.
5 кунлик директор
Уч кун аввал Озодлик Умаровнинг 18 май куни Самарқанд шаҳридаги 62-сонли мактаб-интернатга директор этиб тайинлангани ва дарҳол ўқитувчиларни яна ободонлаштиришга ҳайдагани ҳақда хабар берган эди.
62-сонли мактаб-интернатининг ўқитувчилари Азамат Умаровнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида Озодликка шикоят қилишганди.
Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича, мактаб-интернати директори ўқитувчиларни дам олиш куни мажбурлаб ишлатгани учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги 349-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, ихтиёрий-мажбурий ҳашар ташкил қилиш тақиқланганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам апрель ойида Жиззахга сафари давомида cамарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимида ўзини ҳам айбдор ҳис қилишини, бундан буён ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилган ҳокимлар, катта хизматлари бўлишидан қатъий назар, ишдан кетишини таъкидлаганди.
“Ўқитувчини кўча супиртириш менга ҳам, сиёсатга ҳам хиёнат!”, - деган эди ўтган ойда президент Мирзиёев.